СИЁСИЙ МАСЛАҲАТЛАШУВЛАР
Тошкентда 17 февраль куни Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи давраси бўлиб ўтди.
Ҳукумат идораларининг етакчи экспертлари, йирик корпорациялар раҳбарларидан иборат АҚШ делегациясига Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Р. Блейк раҳбарлик қилди.
Маслаҳатлашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, томонлар ўзларини қизиқтирган халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари юзасидан фикр алмашдилар.
Сиёсий маслаҳатлашувларнинг 2009 йили декабрь ойида Вашингтонда бўлиб ўтган биринчи даврасидан кейин Ўзбекистон — АҚШ муносабатларида ижобий тенденциялар юзага келгани мамнуният билан таъкидланди.
Давлат котиби Ҳ. Клинтон ҳамда АҚШ маъмуриятидаги бошқа юқори мартабали расмий кишиларнинг Ўзбекистонга ташрифлари кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш борасидаги комплекс ва узоқ муддатли жараёнга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.
АҚШ вакиллари Ўзбекистоннинг қудратли иқтисодий ва сармоявий салоҳиятига, ривожланган инфратузилмаси ва транспорт коммуникацияларига, барқарор банк-молия тизими ва юқори малакали кадрларга асосланган иқтисодий ўсишнинг жадал суръатлари ва тузилмавий ўзгаришларнинг боришига юксак баҳо бердилар. Айнан шу жиҳатлар АҚШ учун Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил ҳисобланади.
АҚШ томони Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган парламент ваколатларини кенгайтиришга, судлар мустақиллигини мустаҳкамлашга, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотларнинг ролини оширишга қаратилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш Концепциясига юксак баҳо берди. АҚШ Концепциянинг асосий йўналишларини амалга оширишда ёрдам беришга тайёр экани таъкидланди.
Минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокамаси чоғида Р. Блейк Афғонистонга электр энергияси етказиб бераётгани, Кобул шаҳрини кеча-кундуз узлуксиз энергия билан таъминлаётгани, шунингдек, ушбу мамлакатдаги Мозори Шариф шаҳригача бўлган илк афғон темир йўлини жадаллик билан қуриб битказгани учун Ўзбекистон Республикасига Америка Қўшма Штатлари номидан миннатдорлик изҳор этди. Буларнинг барчаси Афғонистонни иқтисодий тиклашнинг муҳим омилларидир.
Томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари юзасидан иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли йўналишлари бўйича атрофлича фикр алмашдилар. Хусусан, юқори технологияли, жумладан, энергетика ва энергия тежаш соҳаларидаги, авиация, кимё ва нефть-газ саноатидаги сармоявий лойиҳалар учун АҚШ инвестицияларини жалб қилишда ҳамкорликни, молиявий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги алоқалар билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
АҚШ томони Ўзбекистон юксак салоҳиятга эга эканини қайд этиб, мамлакатимиз билан ҳамкорликни янада ривожлантиришда Ўзбекистон иқтисодиётига Америка сармоясини киритишни рағбатлантириш АҚШ ҳукумати учун устувор йўналишлардан бирига айланишини таъкидлади.
Томонлар юқори технологияли соҳалардаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини эътироф этди. Бу борада нефть кимёси, кимё, электротехника, машинасозлик, фармацевтика саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳалар устувор йўналишлар экани таъкидланди.
Айни пайтда “Женерал моторз”, “Тексако”, “Чартис” ва АҚШнинг қатор бошқа компаниялари Ўзбекистонда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширгани қайд этилди.
Энергетика соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш чоғида Р.Блейк АҚШ Президенти Б. Обама учун муқобил энергия манбаларини ривожлантириш устувор масалалардан бири эканини таъкидлади. Шу муносабат билан АҚШ томони анъанавий энергия манбаларидан унумли фойдаланиш, шунингдек, тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш соҳасида ҳамкорликдан манфаатдор эканини билдирди.
18 февраль куни ўтказилган Ўзбекистон — АҚШ бизнес-форумида АҚШнинг етакчи юқори технологияли компаниялари — “Хоневелл”, “Боинг”, “Эксон мобил”, “Зеппелин интернэшнл”, “Катерпиллер”, “Ньюкем” билан мамлакатимиз иқтисодиётининг нефть-газ, кимё, нефть кимёси, машинасозлик, электротехника саноати, замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби жадал ривожланаётган соҳаларига АҚШнинг илғор технологиялари ва инвестицияларини жалб қилишга қаратилган қатор келишувларга эришилди.
Маслаҳатлашувлар якунида томонлар 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси билан АҚШ ўртасида имзоланган Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисидаги декларация қоидалари ва принципларига, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда, хавфсизлик масалалари ҳамда фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш борасида ҳамкорлик тамойилларига содиқ эканликларини таъкидладилар.