UZ RU
19.02.2011

ЎЗБЕКИСТОН — АҚШ БИЗНЕС-ФОРУМИ

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида 18 февраль куни Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доираларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, нефть-газ, авиасозлик, автомобилсозлик, савдо-саноат, сармоя, транспорт ва транспорт коммуникациялари, фан-таълим, сайёҳлик, геология ва минерал ресурслар, кимё, озиқ-овқат, қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда ахборот технологиялари соҳалари учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири
Г. Саидова Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро муносабатлар барча жаб­ҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий соҳада ҳам изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади. Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар билан ҳамкорликда иш юритиш учун яратилган қулай сармоявий муҳит, зарур шароит ва имтиёзлар, изчил давом этаётган хусусийлаштириш жараёни кўплаб давлатлар қатори АҚШ ишбилармонларининг ҳам юртимиз билан ҳамкорликка эътиборини кучайтираётир. Хусусан, 2011 йилнинг ­Президентимиз ­Ислом ­Каримов томонидан «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили», деб эълон қилиниши мамлакатимизда иқтисодиётнинг муҳим бўғини бўлмиш хусусий секторни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодасидир.

Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, ­маданий-гуманитар каби кўплаб йўналишларда изчил тараққий этмоқда. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги ­босқичга кўтаришга хизмат қиладиган кенг кўламли ­масалалар бўйича самарали мулоқотлар олиб ­борилаётир.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида минтақавий хавф­сизликни таъминлаш, жумладан, халқаро ­терроризмга қарши курашиш, нарко­трафикни бартараф этиш ­борасида ҳам ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. ­Томонлар турли дастурлар доирасида ­мутахассислар учун ўқув тренинглари ташкил этиш орқали мазкур йўналишда мунтазам ­тажриба ­алмашмоқда.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида имзоланган иқтисодиёт, савдо, сармоя, ҳаво транспорти, таълим каби соҳалардаги ҳамкорликка оид битимлар ўзаро муносабатни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.

Икки мамлакат ҳам улкан иқтисодий салоҳият ва тажрибага эга. АҚШнинг етакчи компаниялари мамлакатимиздаги корхоналар билан фаол ҳамкорлик қилиб келаётир. Жумладан, жаҳон автомобилсозлик саноатининг етакчиларидан бўлган «General Motors» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган «GM Uzbekistan» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган автомобилларга бугун нафақат ­юртимизда, балки хорижда ҳам талаб катта.

2010 йили мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 181 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Юртимизда америкалик сармоядорлар билан ҳамкорликда тузилган 243 та қўшма ­корхона фаолият кўрсатмоқда. Мазкур мамлакатнинг 63 фирма ва компанияси юртимизда ўз ­ваколатхонасини очган. Улар асосан автомобилсозлик, нефть-кимё, тўқимачилик ва озиқ-овқат ­саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сайёҳлик, савдо ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларга ихтисослаштирилган.

Анжуманда дунёда ҳали-ҳануз давом этаётган молиявий-иқтисодий инқирозга қарамай, ижти­моий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик ҳамда ўз вақтида амалга оширилган инқирозга қарши чоралар боис Ўзбекистон юксак иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришаётгани, бу хорижий сармоядорларнинг ­мамлакатимиз билан ҳамкорликка қизиқишини ­тобора ошираётгани таъкидланди.

— АҚШ Ўзбекистон билан алоқаларни юксак қадр­лайди, — деди АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк. — Ўзбекистон — табиий ресурсларга бой мамлакат. Глобал иқтисодий инқироз шароитида ҳам мамлакатингизда макроиқтисодий барқарорлик сақлаб қолингани ва юксак иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эриша олингани таҳсинга сазовор. Ўзбекистон билан таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистон гуманитар ёрдам кўрсатиш, электр энергияси, озиқ-овқат, қурилиш материаллари билан таъминлаш, транспорт коммуникациялари барпо этиш орқали Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишида фаол иштирок этаётир. Ўзбекистон Буюк Ипак йўли даврида Шарқ ва ўарб ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантиришда мустаҳкам ­робита бўлиб хизмат қилган. Бугунги форум ўзаро савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очиши, шубҳасиз.

Анжуманда АҚШнинг «Женерал электрик», «Сикорски эйркрафт», «Боинг», «Эксон мобил», «Хоневелл», «Зеппелин интернэшнл», «Нобель», «Уайт энд Кейс ЭлЭлПи», «Ньюкем», «Кейс Нью Холланд» каби қатор йирик компанияларидан кўплаб вакиллар иштирок этганининг ўзиёқ ушбу мамлакатнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиши катта эканидан далолатдир.

— Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринда туради, — деди АҚШ — Ўзбекистон савдо палатаси раиси, «Уайт энд Кейс ЭлЭлПи» юридик компанияси асосий ҳамтаъсисчиси Кэролин Лэмм. — Президент Ислом Каримов ташаббуси билан мамлакатингиз иқтисодиётида амалга оширилаётган изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар самарасида молиявий бўҳрон шароитида ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларини юқори даражада сақлаб қолишга эришилди. Бу ибрат олса арзигуликдир. Ўзбекистонда чет эл сармоясини жалб этиш бўйича жуда самарали механизм шакллангани, айниқса, диққатга сазовор.

Анжуманда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ­ошириш, қўшма корхоналар сонини ва маҳсулотлар ­турини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. «Навоий» эркин индустриал-иқтисодий зонасида юқори технологик қўшма лойиҳаларни амалга оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.

АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари мамлака­тимизнинг турли вазирлик ва идораларида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш ­юзасидан музокаралар ўтказдилар.

Ирода УМАРОВА,

ЎзА мухбири