ОҚСАРОЙДА ҚАБУЛ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 18 февраль куни Оқсаройда Америка — Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Палата раиси К. Лэмм хоним Америка — Ўзбекистон савдо палатаси Президент Ислом Каримовга Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини самарали бошқариладиган бозор иқтисодиётига изчиллик билан ўтказишни таъминлагани учун фахрий мукофотни тақдим этганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, таркибига “Боинг”, “Хоневелл”, “Женерал электрик”, “Эксон мобил”, “Женерал моторз”, “Сикорски эйркрафт”, “Зеппелин интернэшнл”, “Нобель” каби жаҳоннинг етакчи йирик компаниялари кирадиган Америка — Ўзбекистон савдо палатасининг ушбу мукофотни тақдим этиш борасидаги қарори Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган, дунёда ривожланишнинг “ўзбек модели” деб ном қозонган бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш концепциясининг халқаро эътирофидир.
Учрашувда иштирок этган АҚШнинг етакчи “Боинг” ва “Хоневелл” корпорациялари раҳбарлари
Президент Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларнинг беш тамойилга асосланган иқтисодий янгиланишларнинг “ўзбек модели” саросима ва бўҳронларсиз макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, туб тузилмавий ислоҳотларни амалга ошириш ва Ўзбекистонда бозор муносабатларига ўтиш учун шарт-шароит яратиш имконини берганини таъкидладилар.
Президент Ислом Каримовнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бозор иқтисодиётига ўтиш концепцияси, Юртбошимиз раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва ўзининг ҳар томонлама пухта
ва юксак самарадор эканини амалда исбот этган Инқирозга қарши чоралар дастури концепцияси ўтиш даврини бошдан кечираётган мамлакатларда макроиқтисодий ва тузилмавий ўзгаришларни ишлаб чиқиш ва татбиқ этишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлиб, нафақат ривожланаётган, балки ривожланган мамлакатлар учун ҳам яхши асос ва ўрнакдир.
Ўзбекистон фаол сармоявий сиёсат юритиш, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш туфайли қисқа вақт ичида хом ашёга таянган иқтисодиётдан саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилашга асосланган, диверсификацияланган иқтисодиётга ўтишни таъминлади.
Таъкидлаш жоизки, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистон Республикасини МДҲнинг иқтисодиёти энг жадал ривожланаётган мамлакатлари, дунёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган беш давлат қаторига киритди.
Чуқур ўйланган, аниқ мақсадларга йўналтирилган, узоқ муддатга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастури концепцияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлди. Ушбу дастурнинг самарали амалга оширилиши макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни сақлаш, иқтисодиётнинг реал секторини изчил ривожлантириш, шунингдек, истиқболда янада юксак суръатларда мустаҳкам иқтисодий ўсиш учун пухта замин яратиш имконини берди. Шу туфайли АҚШнинг “Женерал моторз”, “Тексако”, “Чартис” каби қатор компаниялари Ўзбекистонда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Юқори технологиялар соҳасининг етакчилари деб эътироф этилган “Хоневелл”, “Сикорски эйркрафт”, “Эксон мобил”, “Женерал электрик” сингари компаниялар Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритиш жараёнини бошламоқда.
Америка — Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари Ўзбекистоннинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, айниқса, ялпи ички маҳсулот ўсишининг юқори суръати, бюджетдаги профицитнинг барқарорлиги, тўлов ва савдо баланси, олтин-валюта захиралари барқарор ўсаётганини ва давлат қарзи паст даражада эканлигини алоҳида таъкидладилар.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мазкур Палата икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим роль ўйнашига ишонч билдирди.
Америка — Ўзбекистон савдо палатаси делегацияси аъзолари самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон билан АҚШ ўртасида иқтисодиёт ва сармоя соҳаларидаги муносабатларни янада ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиётига АҚШнинг илғор технологиялари ва сармоясини жалб қилишдан икки томон ҳам манфаатдор эканлиги ҳамда стратегик шериклик муносабатлари асосида бундай ҳамкорлик учун қулай шарт-шароит яратиш борасидаги ишлар давом эттирилиши алоҳида қайд этилди.