ФАОЛИЯТ ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ
Дунёда касблар кўп. Ҳар бирининг ўзига яраша масъулияти, халқ фаровонлиги ва жамият равнақи йўлидаги ҳиссаси бор. Шифокор бўлиш инсондан нафақат машаққатли меҳнат, балки сабр-тоқат, матонат ва инсоний туйғулар билан йўғрилган муҳим касбий фазилатларни ҳам талаб этади. Кишиларга ёрдам бериш, дардига малҳам бўлишни ўз бурчи деб билган самарқандлик тажрибали уролог Бахтиёр Холматов ҳам мамлакатимиз тиббиёт тизимида ўзининг ҳалол меҳнати билан хизмат қилиб, халқ меҳрини қозониб келаётган шифокорлардан биридир.
ФАОЛИЯТ ВА МАСЪУЛИЯТ ҲИССИ
Самарқанд вилоят 1-сонли бирлашган шифохонасига кириб борар эканман, замонавий кўринишдаги иншоотнинг саранжом-саришталиги эътиборимни тортди. Беихтиёр хаёлимга озодаликнинг биринчи белгиси тозаликдир, деган сўзлар келди. Албатта, қаердаки тозалик бўлса, у ерда соғлом муҳит ҳукм суради. Ушбу фикрлар бу ерда фаолият юритаётган ҳар тиббиёт ходимининг шиорига айланган бўлса, ажабмас. Дастлаб, тиббиёт маркази бош шифокори Хуршида Матлюбова қабулида бўлдим. Шифокор мени очиқ юз билан қаршилади. Келишдан мақсадимни тушунтиргач, қаҳрамоним фаолият юритаётган бўлим сари йўл олдим. Бахтиёр операция хонасида экан. Операция тугагач, иш фаолияти билан яқинроқ танишиш мақсадида уни суҳбатга чорладим.
Ёшлигидан шифокор бўлишни орзу қилган Бахтиёр ўрта мактабни тамомлагач, ҳарбий хизматга чақирилди. Хизматдан қайтиб, 1987 йилда Самарқанд тиббиёт институтига ўқишга кирди. Талабалик даврида ҳам тенгдошлари орасида зукко ва билимга чанқоқлиги билан ҳурмат қозонди. Ундаги касбга бўлган меҳр соҳа сир-асрорларини қунт билан эгаллаш, ўзига нисбатан талабчанлик ҳислатлари юксак иқтидор эгаси бўлиб шаклланишида муҳим роль ўйнади. Ўқишни тамомлаб, вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида ишлади. 2000 йилдан бошлаб, Самарқанд вилоят 1-сон бирлашган шифохонаси "Урология ва андрология" бўлимида уролог сифатида фаолият юритиб келди. Ҳозирда ушбу бўлимга раҳбарлик қилиш билан бирга, ёш мутахассисларга ҳам ўз иш тажрибаларини ўргатиб келмоқда. Соҳадаги янгилик ва ўзгаришлардан бохабар бўлиш, назарий билимларини мунтазам ошириб бориш мақсадида шифокор тинимсиз ўқийди, изланади ва ходимлардан ҳам ана шундай фазилатларни талаб қилади. Ундаги тиришқоқлик, изланувчанлик, шифокорга хос бўлган оқкўнгиллик, ширинсуханлик каби фазилатларни ҳамкасблари ҳам ўз сўзларида таъкидлашди.
– Беморларга ёрдам беришни касбий ва инсоний бурчим деб биламан. Бу ерга турли ёшдаги, турлича табиатли инсонлар келади. Уларнинг ҳар бирига алоҳида эътибор кўрсатиш, касаллик тарихини эринмасдан ўрганиш, аниқ ташҳис қўйиш ва даволаш зарур. Беморларнинг дардига даво топиб, ота-онангга раҳмат, деган сўзларини ҳар сафар эшитганимда кўнглим тоғдай кўтарилади, касбим билан фахрланиб кетаман, – дейди Бахтиёр Холматов.
Шундан сўнг, фаолиятлар билан яқинроқ танишиш мақсадида биргаликда бўлим хоналарини айланиб чиқдик. Тиббиёт соҳасига кўрсатилаётган эътибор туфайли, вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларида бўлгани каби, мазкур бўлим ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминланган, натижада аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошганлигининг гувоҳи бўлдим. Кўрсатилаётган тиббий хизматдан мамнунлик ҳиссини бу ерда даволанаётган беморлар фикрларидан ҳам англаш мумкин. Буларнинг бари давлатимиз томонидан халқимиз саломатлиги ҳамда узоқни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижаси эканлигини яққол кўриш мумкин.