ИҚЛИМ ЎЗГАРИШИ ВА ИНСОН САЛОМАТЛИГИ
Жорий йилнинг 18-19 январь кунлари пойтахтимизда "Соғлиқни сақлаш тизимини иқлим ўзгаришига мослаштириш" мавзусига бағишланган республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТ тараққиёт дастури, Глобал экологик фонд, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки, Германия техник ҳамкорлик ташкилоти (ГТЗ) каби халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси, Ўзбекистон гидрометеорология маркази томонидан ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, илмий-тадқиқот институти ходимлари, ёш олимлар ва халқаро экспертлар гуруҳи иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Давлат Бош санитария врачи Саидмурод Саидалиев кириш сўзи билан очиб, дунёда кечаётган экологик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳолатлар мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига ҳам муайян таъсир кўрсатаётганлиги, шунингдек, бунинг оқибатида юзага келаётган жиддий касалликлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Семинарда "Тошкент ва Сирдарё вилоятларида иқлим ўзгариши натижасида вужудга келувчи касалликларнинг олдини олишга қаратилган мослашув имкониятларини ошириш" лойиҳасининг ташкилий-услубий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Бу каби лойиҳаларнинг иқлимий-географик, ижтимоий-иқтисодий ва соғлиқни сақлаш тизими бўйича қатор мамлакатларда амалга оширилиши кўзда тутилган. Шундай мамлакатларнинг биринчи еттиталиги қаторида Ўзбекистон аниқ мақсад ва вазифаларни бажариш юзасидан кўпгина фаолиятларни олиб борди, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мишель Тайяд.
Соғлиқни сақлаш тизимида иқлим мослашув механизмларини такомиллаштириш билан бирга, фуқаролик институтларини жалб қилган ҳолда аҳоли ўртасида профилактик чора-тадбирлар, ўз-ўзини ҳимоя қилиш ишлари кучайтирилмоқда. Бунинг натижасида экологик хавф-хатарлар хуружи камайиб, ҳудудда эпидемиологик вазият барқарорлиги таъминланди. Атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ ҳолатлар, фавқулоддаги кўнгилсизликларнинг олди олиниб, аҳоли хавфсизлигига эришилмоқда. Юқоридаги лойиҳа даставвал Тошкент ва Сирдарё вилоятларида амалга оширилиб, ундан олинган тажриба бошқа вилоятларда ҳам татбиқ этилади. Семинар давомида глобал, минтақавий ва миллий доирада иқлим ўзгариши, унинг аҳоли саломатлигига таъсири бўйича маълумотлар тақдим қилиниб, амалга оширилаётган лойиҳанинг мақсад-вазифалари, бошқарув механизми ҳамда баҳолаш услублари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди, аниқ таклифлар киритилди.