UZ RU
27.01.2011

Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом оилани шакллантириш

Бизга маълумки, жамият тараққиёти ва Ватанимиз келажагини белгилаб берувчи асосий куч соғлом авлод ҳисобланади. Дарҳақиқат, давлатимиз томонидан оналар ва болалар саломатлигига, шунингдек, оилани шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ишларига жиддий ёндашиб келинаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Муҳими, бу борада нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчилик ҳам бирдек масъул эканлигини унутмаслигимиз керак. Бинобарин, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, халқаро ташкилотлар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли муайян натижаларга эришилмоқда. Бугуннинг асосий мавзусидан ўрин олган ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раисининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўринбосари Дилфуза Абдуҳамидовна Ҳасанова билан суҳбатда бўлдик.

– Дилфуза Абдуҳамидовна ҳаммамизга маълумки, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш масалалари давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланиб, мазкур йўналишда Юртбошимиз томонидан катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилиб, бу борада самарали ишлар амалга ошираётганлигининг гувоҳи бўлиб келмоқдамиз. Шундай экан, Республика соғлиқни сақлаш тизими ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қандай фаолиятлар олиб борилмоқда?

– Таъкидлаш муҳимки, юртимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ, давлатимиз раҳбарининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шунингдек, соғлом оилани шакллантириш масалаларига қаратган эътиборлари боис, диққатга молик ишлар ўз ифодасини топиб келмоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда 1 июлдаги "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида"ги ПҚ-1144-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республикамизнинг барча вилоят (шаҳар) ва туман ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда жамғармалар ҳамкорликда амалий ишлар олиб бормоқдалар. Хусусан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини кўтариш орқали репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш учун барча қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, республиканинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятлари атрофлича ўрганиб чиқилиб, 392 та ҚВПда жорий ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. 250 та ҚВП ҳамда 320 та туман тиббиёт бирлашмаларига стоматология асбоб-ускуналари олиб берилди. Шу билан бир қаторда, ҚВПлар бинокуляр микроскоп, дистиллятор, автоклав, қуруқ иссиқ ҳаволи стерилизатор, наркоз-нафас олиш каби тиббий анжомлар билан таъминланди. Шунингдек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, узлуксиз тиббий хизматни ташкил этиш борасида яшаш жойи қишлоқ врачлик пунктидан узоқда бўлган 84 нафар шифокорга иш жойларига яқин бўлган уй-жой ажратиб берилди.

Эътироф этиш жоизки, 2009 йил давомида аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилишда бирламчи бўғинда фаолият юритаётган 264 та, 2010 йилда эса 260 та ҚВП танловда намунали қишлоқ врачлик пунктлари деб топилди. Вилоятларнинг энг чекка қишлоқларидаги оилаларнинг тиббий-ижтимоий патронажини ўтказишни таъминлаш мақсадида кўчма тиббий гуруҳлар ташкил этилиб, режа асосида тиббий кўрикдан ўтказиш ва соғломлаштириш ишлари олиб борилди. 2010 йилда барча туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Вилоятларнинг барча туман тиббиёт бирлашмасининг кўп тармоқли шифохоналари ва 2039 та қишлоқ врачлик пункти, 14 та шаҳар 13 та кўп тармоқли ва 3 та оилавий шифохонада 12 маротаба "Туғиш ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш" ҳафталиги ўтказилди. Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғиш, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни шакллантириш бўйича махсус жамоатчилик кенгашлари томонидан ўтган даврда 3309,7 мингдан зиёд оилада тушунтириш ва тарғибот ишлари ҳамда республика ҳудудларидаги маҳаллаларда тиббиёт ходимларидан ташкил топган гуруҳлар томонидан аҳоли, айниқса, ёшларни жалб этган ҳолда "Қизларни оилага тайёрлаш", ОИТС, қандли диабет, юқумли касалликлардан вирусли гепатит, ўткир диарея, ўткир респиратор касалликларининг олдини олиш юзасидан маъруза, суҳбат ва савол-жавоб кечалари, шунингдек, таълим муассасаларида психолог-педагоглар томонидан ўқувчиларнинг руҳий ҳолатларини ўрганган ҳолда уларнинг ота-оналарига болада бўлаётган ўзгаришлар, уларнинг олдини олиш, бола тарбиясига эътибор қаратиш каби тавсияларни бериш билан бир каторда, ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида "Ҳаёт мазмуни ва мақсади", "Оилада бола тарбияси", "Балоғат ёши – ўтиш даври", "Кимдан ўрнак олсам экан" каби мавзуларда учрашув, мунозара ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Бунинг баробарида, таълим муассасалари ўқувчилари ва ёшлар ўртасида гиёҳвандлик иллатларининг зарарли оқибатлари тўғрисида тушунтиришлар, соғлом турмуш тарзини амалга ошириш, миллат келажаги саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи оғир асоратли касалликларга қарши кенг жамоатчилик курашини ташкил этиш, мазкур иллат оқибатида келиб чиқадиган нохушликлар тўғрисида тўлиқ маълумотлар бериш билан бир қаторда, тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, "Гиёҳвандлик – умр заволи", "Гиёҳвандлик – аср вабоси", "4 карра йўқ", "Гиёҳванд моддаларсиз соғлом ҳаёт" мавзусида давра суҳбатлари, "Энг яхши иншо", "Энг яхши мақола", "Энг яхши расм" танлови ва викториналар ташкил этилди.

– Юқорида таъкидлаб ўтганингиздек, тарғибот ишларининг изчиллик билан олиб борилиши натижасида қандай натижалар ўз ифодасини топмоқда?

– Айтиш муҳимки, аҳоли орасида қачонки тарғибот ишлари кучайтирилсагина, ҳар қандай вазиятнинг олди олиниб, ижобий натижаларга эришиш мумкин. Олиб борилган фаолиятлар негизида оила ҳар томонлама етук ва соғлом бўлиши мақсадида 2353,2 мингдан зиёд оила фикри ижобий томонга ўзгарди. Жумладан, 944,2 минг оиладаги туғиш ёшидаги аёл туғруқлар оралиғини 3-4 йил сақлаган бўлса, 432,8 минг оиладаги аёлда ўз саломатлигини тиклагандан кейин 3-4-фарзанд кўриш нияти борлиги, 454,7 минг оилада эса 4-5-фарзанд кўриш истаги йўқлиги аниқланди. Бу эса ўз навбатида ёши катта, 35-44 ёшли аёллар орасидаги туғруқлар сони 1116 тага, бир йил оралиқ муддатда содир бўлган туғруқлар 41,2 фоизга, учинчи туғруқлар 11,7 фоизга, тўртинчи туғруқлар 20,1 фоизга, беш ва ундан кейинги туғруқлар 25,0 фоизга камайишига олиб келди.

ФҲДЁ бўлимлари қошида "Ўш ота-оналар мактаблари" ташкил этилиб, марказда ёш оила қурувчиларга ота-оналар саломатлигини таъминлаш, онадаги ҳомилани тўғри ривожлантириш, туғруқ жараёнининг ўтиши, болани эрта парвариш қилиш, кўкрак сути билан боқиш, онанинг тўғри овқатланиши, отанинг бола тарбиясидаги ўрни ҳақидаги тушунчалар бериб келинмоқда. Ёш оилалар ўртасида бола тарбиясига қаратилган "Соғлом авлод – соғлом келажак", "Аёл маънавияти", "Балоғат даври" мавзуларида учрашувлар ташкил этилиб, уларда аҳолига қариндош-уруғлар билан никоҳдан ўтиш, балоғат ёшига етмасдан турмуш қуришнинг салбий ҳолатлари хусусида фикр алмашилди. Тарғибот-ташвиқотлар жараёнида никоҳ ёшида ҳамда оила қуришга тайёр бўлмаган қизлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлар ўтказилди. Натижада, 521,5 минг оилада 15, 16, 17 ёшдаги қизларни турмушга бериш фикридан қайтаришга эришилди. Ҳозирги кунда экстрагенитал касаллиги аниқланган туғиш ёшидаги 1 млн. 400 мингдан зиёд аёллар ўз хоҳишлари билан исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш мақсадида контрацептив воситаларидан фойдаланмоқдалар.

– Хотин-қизларимизни спортга жалб этиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Республика хотин-қизлар қўмитаси ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳомийлик кенгашининг 2009 йил 19 январдаги 76-сон йиғилиш баёнида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ҳар бир шаҳар, туман ҳамда қишлоқ жойларида яшаётган қизларни жисмоний ва маънавий тарбиялашнинг энг муҳим йўналишларидан бири – спортга жалб этиш ишларига эътибор қаратиб, ушбу йўналишда мусобақалар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, "Соғлом авлод учун", "Маҳалла" жамғармалари, "Камолот" ЁИҲ ҳамкорлигида "Ўзбекистонда яшовчи аёллар ва ёшлар гиёҳвандликка қарши" шиори остида уй бекалари, вазирликлар, муассасалар ҳамда ташкилотларда фаолият кўрсатаётган аёллар ўртасида спортнинг теннис, волейбол, баскетбол, шахмат ва шашка турлари бўйича спорт мусобақалари ўтказилиб, унда 28369 нафардан ортиқ аёл ва ёшлар иштирок этди.

Шунингдек, Республика хотин-қизлар ва Миллий олимпия қўмиталари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва ҳомий ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон Миллий университети спорт мажмуасида вазирлик, идора, ташкилот ва корхоналарда фаолият кўрсатаётган аёллар ўртасида спортнинг 8 тури бўйича 310 нафардан зиёд хотин-қизлар ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Эътирофлиси шундаки, тадбирда 10 та вазирлик иштирок этиб, якуний натижаларга кўра 1-ўрин Мудофаа вазирлигига, 2-ўрин Халқ таълими вазирлигига, 3-ўрин Мудофаага кўмаклашувчи Ватанпарвар ташкилотига берилди. Тошкент шаҳрида "Гўзаллик ниҳоллари" шиори остида 8-12 ёшгача бўлган 100 нафар қизлар ўртасида бадиий ва спорт гимнастикаси мусобақаси ўтказилган бўлса, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида "Баркамол авлод – буюк келажак" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ҳамда оилалар ўртасида "Саломатлик" марафони бўлиб ўтди ва унда 400 дан зиёд спортга қизиқувчилар қатнашди. Мазкур спорт мусобақалари республика миқёсида янада кенг тарқалиб, бундай ўзаро мусобақаларда иштирок этаётган ва спортга қизиқиши ортиб бораётган хотин-қизларимиз сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Спортнинг барча турларида жами 433732 нафар қизлар иштирок этиб келмоқда. Спортнинг шахмат-шашка турида 3,7 фоиз, волейболда 4,5 фоиз, баскетболда 3,3 фоиз, енгил атлетикада 2,8 фоиз, бадиий гимнастикада 1,6 фоиз, сузиш, спорт гимнастикаси, гимнастрада, дартс, спортга жалб этилган турларида 0,3-0,5 фоиз ҳамда 17,4 фоиз қиз спортнинг бошқа турлари бўйича шуғулланиб келмоқда. Хотин-қизлар қўмиталари тегишли бўлимлари ҳамкорлигида уй бекалари ўртасида жисмоний тарбия ва спортнинг аҳамияти ҳақида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 2008,2 минг нафар уй бекаларининг 467142 нафарини спортга жалб этишга эришилди. Юртимиздаги мавжуд спорт иншоотлари қошида 46401 та спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда фаолият юритаётган 15 мингдан зиёд мураббийларнинг 3677 нафари аёллардир.

– Демак, юқоридаги фикрларга хулоса қиладиган бўлсак, фаолиятнинг натижаси кўпроқ тарғибот ишларига боғлиқ экан, бунда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги қандай ўрин тутади?

– Эътибор берган бўлсангиз, мавзумизни репродуктив саломатлик ва соғлом оилани шакллантириш деб бежизга номламадик. Чунки, унинг замирида жамиятимиз тараққиёти ҳамда Ватанимизнинг порлоқ келажаги ётади. Шундай экан, бундай масъулиятли ишга барчамиз фидойиларча ёндашиб, ҳамкорликда фаолият олиб боришимиз муҳим. Бу жараёнларда бизга асосий таянч бўлиб турган оммавий ахборот воситаларининг ҳам амалдаги фаолиятлари мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Улар халқимизнинг тиббий билимларини бойитиш борасида телевидение, радио ва босма оммавий ахборот воситаларида долзарб мавзуларда материаллар тайёрлаб, аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириб, олдимиздаги вазифалар самарали бўлишида муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Умид қиламанки, юқорида тилга олган барча ҳамкорларимиз билан фаолиятларимизни давом эттириб, келгусидаги ишларимиз янада самарали бўлиши учун бор куч ва имкониятлардан оқилона фойдаланамиз.

<SPAN st yle='font-size:14.0pt;line-height:115%;"Times New Roman"; mso-fareast-"Times New Roman";