ҲУШЁРЛИК – ХАВФСИЗЛИКНИНГ ИШОНЧЛИ КАФОЛАТИ
Таъкидлаш муҳимки, кундалик турмушда газ, электр энергиясидан доимий фойдаланамиз. Албатта, ҳар бир кунимизда зарур бўлган бундай манбалар ўзининг фойдали томонини кўрсатиши билан бирга, айрим ҳолларда кўнгилсизликларга ҳам олиб келиши табиий. Демак, буларнинг олдини олишда лоқайдликка йўл қўймаслигимиз зарур.
Шундай экан, фуқароларнинг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишлари, доимо ҳушёр ва сергак ҳолда иситиш, газ ҳамда электр воситаларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш кўникмаларини ошириш мақсадида мутасадди ташкилот ҳамда идоралар томонидан тарғибот-ташвиқот ишлари амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Миробод туман ички ишлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси томонидан ҳам 2010 йил давомида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, юз бериши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш мақсадида самарали ишлар қилинди. Тадбирлар туман ҳудудида кенг миқёсда ташкил этилиб, унда бўлим инспекторлари, мутахассислар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида аҳолини жалб этган ҳолда, жумладан, йил давомида Миробод тумани ҳудудида жойлашган 2455 та ишлаб чиқариш корхонаси, муассаса ҳамда ташкилотларнинг 761 таси батафсил, 1945 таси тезкор, 774 таси қайта, шунингдек, давлат тасарруфидаги аҳоли тураржой бинолари 2426 маротаба, фуқароларга қарашли уйлар 35835 маротаба ёнғинга қарши ҳолат назоратидан ўтказилди.
Олиб борилган текширувлар натижасида ёнғин хавфсизлиги меъёр қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланиб, хавф мавжуд бўлган 289 та муассаса фаолияти, 2658 маротаба хавфсизлик қоидаларига жавоб бермайдиган электр тармоқлари, иситиш жиҳозлари ва ускуналардан фойдаланиш вақтинчалик тўхтатилиб қўйилди. Ёнғинга қарши бажарилиши лозим бўлган тадбирлар қоидаларини бузганлиги учун жами 377 нафар мансабдор шахс ва фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилиб, 14 миллион 622 минг 202 сўм миқдорида жарима солинди. Бундан ташқари, бўлим томонидан оммавий ахборот воситаларини жалб этган ҳолда, туман аҳолиси, корхона, ташкилот ҳамда таълим муассасалари, аҳоли тураржойларининг ёнғинга қарши ҳолати қониқарсизлиги, юзага келган ёнғинга қарши вазиятлар юзасидан туман ҳокимияти ҳамда юқори назорат органларига жами 442 та маълумотнома йўлланди. Содир бўлаётган ёнғин сабаблари ва асоратларини аҳолига етказиш, улар ўртасида кенг кўламда тушунтириш ҳамда тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида республика бўйлаб 230 маротаба телекўрсатув, 1891 маротаба радио эшиттириш тайёрланиб, эфирга узатилди, газеталарда 47 та мақола чоп этилди. Шунингдек, тумандаги корхона, ўқув муассасалари ва аҳоли зич жойлашган мавзелар, маҳаллаларда ишчи-хизматчилар ҳамда аҳоли билан 2155 та суҳбат ташкил этилиб, унда 102569 нафар аҳоли иштирок этди.
Фаолиятлар давомида ишлар кенг қамровлилигига қарамай, эҳтиётсизлик оқибатида юз бераётган кўнгилсиз ҳодисалардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ўтган йил давомида ҳудудда 92 та ёнғин содир бўлиб, 2009 йилнинг шу даврига нисбатан 1,1 фоизга камайди. Оловдан тан жароҳати олганлар сони 2 нафарни ташкил қилиб, кўрилган моддий зарарнинг умумий миқдори 3 миллион 536 минг сўмни ташкил этди. Ушбу ёнғинлар 15 та электр симларининг қисқа туташуви, 8 та иситиш печларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик, 48 та оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш (ундан 41 таси эҳтиётсизлик билан чекиш оқибатида), 7 та болаларнинг олов ўйнаши, 5 та маст ҳолда чекиш, 3 та қасддан ўт қўйиш, 2 та газ қурилмаси ҳамда 1 та электр пайвандлаш ишларидан нотўғри фойдаланиш оқибатида содир бўлган.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, ҳали олдинда ўз хавфсизлигимизни таъминлаш учун амалга оширишимиз лозим бўлган ишлар талайгина. Ёнғин ҳолатларининг аксарият ҳолларда аҳоли тураржойларида юз бераётганлиги бу борада тарғибот ишларини янада кучайтириш, ҳар бир фуқаронинг мазкур ҳолатларнинг олдини олишга бевосита масъул эканлигини чуқур сингдириб бориш лозимлигини кўрсатади.
Шу ўринда нохуш ҳамда кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш, хавфсизлигимизни таъминлашда қуйидаги қоидаларга амал қилиш лозим: - бино ва асосий хизмат хоналари бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши; - ҳудуд бирламчи ёнғин ўчириш қалқони ва техник воситалари билан таъминланиши; - сув иситиш қозонхонаси ва бинонинг иситиш мосламаси дудбуронлари ўз вақтида тозаланишини таъминлаш; - бинонинг қутқарув ва ўтиш йўлларида ҳар хил ёнувчан буюмлар сақланишига йўл қўймаслик; - бино ва хоналарда ностандарт газ ҳамда электр иситиш мосламаларини ўзбошимчалик билан улаб, фойдаланмаслик; - бинонинг захира чиқиш йўлаклари ва эшикларини сақлаган ҳолда, уларни доимий ёпиб қўймаслик; - электр симлар қобиғини лаборатория усулида қаршиликка чидамлилиги текширилишини таъминлаш; - ёнғин ёки фавқулодда вазиятлар вақтида бино ичидаги одамларни қутқариш режаси ишлаб чиқилиб, кўринарли жойларга осиб қўйилишини таъминлаш; - бинодаги ҳар қандай қурилиш ва қайта таъмирлаш ишларини давлат ёнғин назорати ходимлари билан келишилган ҳолда олиб бориш; - бино ва хизмат хоналарини ёнғин олдини олиш бўйича тайёрланган ахборот белгилари ҳамда рангли плакатлар билан таъминлаш; - иш вақти тугаганидан сўнг барча электр мосламалари ўчирилишини назорат қилиш; - ёш болалар ва газ мосламаларини назоратсиз қолдирмаслик.
Доимо ёдда тутинг! Ҳушёрлик тинч ва осойишта ҳаётимизнинг калитидир. Ён-атрофингиздаги ҳодисаларга бефарқ бўлманг. Ёнғинга қарши кураш ҳамда унинг олдини олиш ҳар биримизнинг доимий шиоримизга айланиши зарур.
Азиз ТЎРАЕВ,
Миробод туман ички ишлар бўлими
ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси инспектори.