БАРКАМОЛ АВЛОД САЛОМАТЛИГИ – ФАОЛИЯТЛАР АСОСИ
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2011 йил иқтисодий дастурининг энг муҳим устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган мажлисида мамлакатда танланган иқтисодий ривожлантиришнинг ўз модели ва унинг тамойиллари асосида ишлаб чиқилган, чуқур, ҳар томонлама ўйланган мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялашнинг муҳим дастурини амалга ошириш натижасида жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг Ўзбекистон иқтисодиёти, унинг молия ва банк тизимига салбий таъсири сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шунингдек, Юртбошимиз ўз маърузаларида барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва ушбу тизимда сифат ўзгаришларини амалга оширишни таъминлаш борасидаги ишлар хусусида ўзларининг эътирофли фикрларини билдириб ўтдилар. Дарҳақиқат, Президентимизнинг мазкур йиғилишда тиббиёт ходимлари меҳнатига алоҳида урғу бериб ўтганликлари ҳар биримизни касбимизга бўлган меҳримизни ошириб, халқимиз саломатлигини сақлаш йўлида янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Таъкидлаш муҳимки, давлатимиз томонидан тизим фаолиятига кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги боис, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошиб, халқнинг тиббиётга бўлган ишончи янада ортмоқда. Шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар бир йўналиши бўйича 2010 йил давомида "Баркамол авлод йили" Давлат дастури асосида фаолиятлар изчиллик билан олиб борилди. Бу борада Республика саломатлик ва тиббий статистика институти ходимлари томонидан аҳоли орасида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом оилани шакллантириш, тиббий саводхонликни ошириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини татбиқ этиш ишларига катта эътибор қаратилди. Бугуннинг асосий мавзусига айланган ёшларни ҳар томонлама интеллектуал қилиб тарбиялаш, маънавий ва маърифий билимларини ошириш, илмий салоҳият даражасини юксалтириш масалалари бўйича олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари, лицей, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда маҳаллаларда долзарб мавзуларда учрашувлар, савол-жавоб кечалари, давра суҳбатлари маҳалла қўмиталари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати, халқ таълими бўлими, хотин-қизлар қўмитаси, ички ишлар бўлими, санитария-эпидемиология назорат марказлари, қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникаларнинг тиббиёт ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Мутахассислар томонидан тиббий маданият ва саводхонликни ошириш, шахсий гигиена, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя қилиш, жисмоний фаоллик ва спорт, атроф-муҳитни асраш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом она – соғлом бола мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди. Режага мувофиқ, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари учун соғлом турмуш тарзи масалаларига бағишланган "Валеология", "Ўқувчиларда гигиена кўникмаларини шакллантириш", "Аёл соғлиги – келажак пойдевори" каби ўқув қўлланмалари ва рисолалар, долзарб ижтимоий касалликларга оид буклетлар, кенг ҳажмли плакатлар тайёрланди. Ёшлар фаоллигини ошириш ва улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида бир нечта олий ўқув юртлари ва "Ёшлар талабалар шаҳарчаси"да оммавий спорт тадбирлари ҳамда мутахассислар билан савол-жавоб кечалари ўтказилди.
Ундан ташқари, аҳолининг тиббий саводхонлик даражасини аниқлаш ва ўрганиш мақсадида йод танқислиги, камқонлик, ўткир ошқозон-ичак ва сил касаллиги, ОИВ/ОИТС, тамаки чекишнинг зарари, репродуктив саломатлик мавзуларида анкета сўровномалари ишлаб чиқилди. Бу каби социологик тадқиқотлар асосан олий таълим муассасалари талабалари фикрини билиш ва ўрганишга қаратилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ халқаро ташкилоти томонидан "Соғлом овқатланиш ва йод танқислиги ҳолатининг олдини олиш бўйича умумтаълим мактаб ўқувчиларининг билимини ошириш дастури"га бағишланган ўзбек ва рус тилларида услубий қўлланма тайёрланиб, нашрдан чиқарилди. Бунинг баробарида республикадаги оммавий ахборот воситалари ходимлари билан биргаликдаги фаолиятлар кенг йўлга қўйилиб, телевидение, радио ва босма нашрларда долзарб мавзулардаги телекўрсатув, радиоэшиттириш ҳамда мақолалар бериб борилди. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг тасарруфидаги тиббиёт муассасалари ҳамда бир қанча халқаро ва маҳаллий ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари билан соҳада ижобий натижаларга эришилиб, сўнгги йиллар ичида оналар ўлими 2 баравардан кўпроқ, болалар ўлими 3 баробар, вирусли гепатит 13 фоиз, эпидемик паротит 27 фоиз, менингококк инфекцияси касаллигининг 28 фоизга камайганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Кейинги фаолиятларда ҳам аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиб, касалликларнинг олдини олиш ва профилактика чора-тадбирларини ўз вақтида қўллаб, тарғибот ишларини янада кучайтиришимиз муҳим.
Жорий йилда ҳам ушбу фаолиятлар кўламини янада кенгайтириб, жамиятимиз тараққиёти йўлида олиб борилаётган изчил фаолиятларда иштирок этиб, Ватанимиз равнақи учун астойдил хизмат қиламиз.
Зулхумор Муталова,
Республика саломатлик ва тиббий
статистика институти директори.