ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎFРИСИДА АХБОРОТ
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов маъруза қилди.
Давлатимиз раҳбарининг маърузасида мамлакатда танланган иқтисодий ривожлантиришнинг ўз модели ва унинг тамойиллари асосида ишлаб чиқилган, чуқур ва ҳар томонлама ўйланган мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялашнинг тадрижий дастури изчил амалга оширилиши жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг Ўзбекистон иқтисодиёти, унинг молия ва банк тизимига салбий таъсирини сезиларли даражада камайтириш имконини берганлиги қайд этилди.
2010 йил якунларига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,8 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 8,1 фоизга, чакана товар айланмаси 14,7 фоизга, пуллик хизматлар 13,4 фоизга кўпайди. Иқтисодиётга солиқ юкининг камайтирилгани ҳолда Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,3 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси белгиланган прогноз кўрсаткичидан ошмади.
Экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва экспорт таркибини диверсификациялаш, маҳсулотларни сотишнинг янги ташқи бозорларини фаол ўзлаштириш 2010 йилда экспорт ҳажмининг 10,8 фоизга ўсишини ва ташқи савдо балансининг сезиларли миқдордаги ижобий сальдосини, мамлакат олтин-валюта захиралари ўсишини таъминлади.
Банкларнинг капиталлашувини ошириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар республика банк тизими капиталининг етарлилик даражаси кўрсаткичи умумий қабул қилинган халқаро стандартларга нисбатан ҳам 3 баравар юқори бўлишини таъминлади. Банкларнинг иқтисодиёт реал секторига йўналтирилган кредит қўйилмалари 35 фоизга ўсди, бунда кредит портфелининг умумий ҳажмида узоқ муддатли инвестиция кредитларининг улуши 75 фоиздан ошди. 2010 йилда кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 1,4 баравар кўпайди.
Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, уй-жой қурилишини, транспорт ва инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш бўйича фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши инвестицияларни ўзлаштириш ҳажмларини 13,6 фоизга ўстириш имконини берди. Ўтган йилда 1098 та янги ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилди, 296 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш якунланди. “Қишлоқ қурилиш банк” очиқ акциядорлик тижорат банки маблағлари ҳисобига қишлоқ аҳоли пунктларида намунавий лойиҳалар асосида 6800 та уй-жой фойдаланишга топширилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2009 йилдаги 50,1 фоиздан 52,5 фоизгача ўсишини таъминлади.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва бу билан боғлиқ аҳоли даромадларини ошириш ҳамда турмуш сифатини яхшилаш муаммоларини ҳал этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2010 йилда 953,7 мингта, шу жумладан, қишлоқ жойларда 576,5 мингта янги иш ўрни яратилди. Жами янги иш ўринларининг 65 фоизи кичик бизнес ва фермерлик соҳасида ташкил этилди. Аҳолининг реал пул даромадлари 2009 йилдагига нисбатан 23,5 фоизга ўсди.
“Баркамол авлод йили” Давлат дастури доирасида мамлакатда соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур имкониятлар ва шарт-шароитларни яратиш бўйича чора-тадбирлар кўрилиб, уларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 8,0 триллион сўм ва 165 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағ йўналтирилди.
Республика иқтисодиётининг барқарор фаолият кўрсатиши, унинг юқори суръатларда ўсишининг узоқ муддатли тенденциялари сақланаётганлиги, барқарор ва ишончли банк-молия тизими, муваффақиятли таркибий ўзгартиришлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг маъқулланаётганлиги ҳамда нуфузли халқаро молия ташкилотлари ва рейтинг агентликлари томонидан эътироф этилганлиги алоҳида таъкидланди.
Шу билан бирга, мамлакатни тубдан ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, уни ривожланган демократик, равнақ топган мамлакатлар қаторига киришини таъминлаш, жаҳон бозорларида Ўзбекистоннинг рақобатбардошлилигини ошириш ва ўрнини мустаҳкамлаш, аҳоли даромадлари, турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириш йўлида мақсадли, қатъият билан олға интилиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз Президенти ўз маърузасида ҳал этилмаган мавжуд муаммоларни батафсил таҳлил қилди ҳамда 2011 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари ва йўналишларини бажаришга қаратилган дастурий вазифаларга батафсил тўхталиб ўтди.
Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари олдига мамлакатни барқарор, юқори суръатлар билан ва мувозанатли макроиқтисодий ривожлантириш, иқтисодиётни таркибий ўзгартиришларни давом эттириш ва унинг етакчи тармоқларини жадал янгилаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, инфратузилмани комплекс ривожлантириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техника базасини ҳамда жиҳозланишини мустаҳкамлаш бўйича, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил қилишга доир муаммоларни изчил ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва бажариш юзасидан аниқ вазифалар белгиланди.
Жорий йилнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” деб эълон қилиниши муносабати билан 2011 йилга белгиланган мақсадларга эришиш бўйича дастурий чора-тадбирларни, шу жумладан, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолияти эркинликларини ишончли муҳофаза қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг қулай бизнес муҳитини яратиш, шу асосда аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан вазирликлар, идоралар, ташкилотлар раҳбарлари ва вилоятлар ҳокимлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисида қўйилган масалалар муҳокамаси якуни бўйича қарор қабул қилинди. Қарорда 2011 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим вазифалари амалга оширилишини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди.
(ЎзА).