UZ RU
23.01.2011

БАРЧА РЕЖА ВА ДАСТУРЛАРИМИЗ ВАТАНИМИЗ ТАРАҚҚИЁТИНИ ЮКСАЛТИРИШ, ХАЛҚИМИЗ ФАРОВОНЛИГИНИ ОШИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Бу йил барчамиз она юртимиз, ­Ўзбекистонимизнинг янги тарихидаги энг буюк ва қутлуғ саналардан бири — ­Ватанимиз мустақиллигининг 20 йиллик шонли байрамини кенг нишонлаймиз. Табиийки, бу биздан барча соҳа ва ­тармоқларда амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотларимизни ­атрофлича таҳлил этиб, келгуси режаларимизни аниқ-равшан белгилаб олишни талаб этади.

Айни шу ҳолатни ҳисобга олган ҳолда, биз Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган мажлисида кўриб ­чиқиладиган асосий вазифанинг ижросига янада катта масъулият ­билан ёндашмоғимиз керак. Яъни 2010 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини ­танқидий баҳолашимиз ва шу асосда 2011 йилга мўлжалланган иқтисодий ­дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини аниқлаб олишимиз даркор.

Бу борада, авваламбор, мамлакатимиз иқтисодиётидаги ижобий кўрсаткичлар ва нохуш тенденцияларни ­нафақат қайд этиш, балки иқтисодиётимизнинг ­ривожини белгилаб ­берадиган сабаб ва омилларни чуқур ва холисона таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Бу ҳақда гапирганда, 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий ­инқирози ва унинг оқибатлари мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга қандай салбий таъсир кўрсатгани ва кўрсатаётгани хусусида бугун тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Айни пайтда биз ўз вақтида танлаб олган иқтисодий тараққиёт моделининг нақадар тўғри эканини ва амалда ўзини тўла оқлаганини ҳаётнинг ўзи яна ва яна тасдиқлаб бермоқда.

Ушбу моделнинг тамойиллари ­асосида мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича ҳар ­томонлама ва чуқур ўйланган ­тадрижий тараққиёт дастурини изчил амалга оширганимиз инқирознинг, жаҳон ­бозоридаги кескин ўзгариш ва ­беқарорликнинг ­иқтисодиётимизга, ­молия ва банк тизимига салбий таъсирини сезиларли ­даражада камайтириш имконини берди.

Бугун дунё иқтисодиётидаги ­аҳволни таҳлил қилар эканмиз, жаҳон молиявий ва иқтисодий инқирози ҳали-бери ­ниҳоясига етгани йўқ, деб айтишга ­барча асосларимиз бор.

Дунёдаги тараққий топган 20 та ­давлат иштирокида ташкил этилган, “Катта йигирмалик” деб ном олган гуруҳ доирасида қабул қилинаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, жаҳон иқтисодиётида барқарор ўсиш ­суръатларига эришиш йўлида ҳозирча бирон-бир жиддий силжиш кўзга ­ташланаётгани йўқ.

Инқироз йилларида кўплаб давлатлар ўз иқтисодиётига, айниқса, молия-банк соҳасини сақлаб қолиш мақсадида ­айнан шу соҳага улкан маблағларни йўналтиришга мажбур бўлди. Бу, ўз навбатида, бир қатор давлатларда, аввало, ривожланган мамлакатларда катта миқдордаги давлат бюджети тақчиллиги ва ­давлат қарзларини келтириб чиқарди, молиявий номутаносибликнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Бугунги кунда бозорни пул ресурслари билан зўр бериб тўлдириш ­давом этаётгани фонд ва хом ашё бозорларида сунъий равишда ошириб борилган спекулятив нархларнинг янада кўтарилиб кетишига, таъбир жоиз бўлса, ­молиявий кўпикларнинг баттар авж ­олишига, инфляциянинг жиловлаб бўлмас даражада ўсиш хавфининг ­кучайишига олиб келмоқда.

Жаҳон миқёсида конвертация ­қилинадиган асосий валюталарнинг ­беқарорлиги жиддий хавотир уйғотмасдан қолмайди. Бу, биринчи навбатда, ривожланаётган мамлакатларнинг ушбу валюталарга бўлган ишончига жиддий путур етказмоқда.

Қадрли дўстлар!

Биз бугун 2010 йил якунларини ­баҳолар эканмиз, аввало, мамлакатимиз иқтисодиётининг юқори ­барқарор ўсиш суръатлари ва ­макроиқтисодий мутаносиблиги ­сақланиб қолаётганини қайд этишимиз зарур. Шуни яна бир бор эслатиб ўтмоқчиманки, юртимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш ­суръатлари 2008 йилда 9 фоиз, 2009 йилда 8,1 фоиз, 
2010 йилда эса 8,5 фоизни ташкил этди. Жаҳон молия институтларининг хулосасига кўра, бу дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири экани, албатта, барчамизга ­мамнуният бағишлайди.

Кейинги ўн йилда, яъни 2000 йилга нисбатан таққослаганда, 2010 йилда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот қарийб 2 баробар, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 1,7 баробар ошди.

Харид имкониятлари мутаносиб­лигини ҳисобга олган ҳолда санаганда, ялпи ички маҳсулотнинг 2010 йилда 2000 йилга нисбатан ўсиши 2,6 каррани ташкил қилди.

Ўз-ўзидан равшанки, буларнинг ­барчаси иқтисодиётимизнинг юқори суръатлар билан барқарор ўсиб ­бораётгани ва мамлакатимизда рўй ­бераётган улкан ижобий ўзгаришлардан далолат беради.

Иқтисодиётимизда 2010 йили юқори ўсиш суръатлари таъминланиб, аҳолининг реал даромадлари 123,5 фоизга ошди, ўтган йилда инфляция дара­жаси 2009 йилдаги 7,4 фоиз ўрнига 7,3 фоизни ташкил қилди. Бу авваламбор ­қатъий, шу билан бирга, пухта ўйланган ­пул-­кредит сиёсати ва инқирозга қарши кўрилган самарали чора-тадбирларимизнинг натижасидир.

Айтиш керакки, бундай иқтисодий ўсиш, кўп жиҳатдан, иқтисодиётда солиқ юкини пасайтиришга қаратилган ва ­изчил амалга оширилаётган сиёсат ­билан боғлиқ. Жумладан, 2010 йилда юридик шахслар учун даромад солиғи 
9 фоизгача, микрофирмалар ва кичик бизнес учун ягона тўлов 7 фоизгача ­туширилгани бунинг амалий тасдиғидир. Шу борада ўтган йили Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан ошириб, яъни 0,3 фоиз профицит билан ­бажарилганини таъкидлаш ­зарур.

2010 йилда ташқи савдо ва тўлов ­баланслари ҳам сезиларли даражада ­мустаҳкамланди.

Ҳамон давом этаётган жаҳон ­молиявий-иқтисодий инқирози шароитида экспортнинг умумий ҳажми 10,8 фоиз, ташқи савдо балансининг ижобий ­сальдоси эса 1,8 баробар ошди ва 
4 миллиард 200 миллион ­долларни ­ташкил этди. Мамлакатимизнинг олтин-валюта захираси ҳам ­шунга мувофиқ ­равишда кўпайди.

Мамлакатимиз иқтисодиётида ­амалга оширилаётган таркибий ­ўзгаришлар алоҳида эътиборга ­лойиқдир.

Ҳаммамиз яхши биламизки, бизга собиқ совет тизимидан бир томонлама ривожланган, фақат хом ашё етиштиришга йўналтирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авжига чиққан, ишлаб чиқариш ва социал инфратузилмаси ўта қолоқ, аҳоли жон бошига ­истеъмол кўрсаткичи энг паст бўлган ­иқтисодиёт мерос бўлиб ­қолган эди.

Шуни эътиборга оладиган бўлсак, иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш вазифасини ҳал этиш қанчалик муҳим стратегик ­аҳамиятга эга экани ҳақида ортиқча ­гапиришга бугун зарурат йўқ, деб ­ўйлайман.

Иқтисодиётимизда юз бераётган ­ижобий ўзгаришларни яққол тасаввур қилиш учун қуйидаги рақамларни ­келтириб ўтмоқчиман.

Агар ўн йил олдин, яъни 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида саноатнинг ҳиссаси атиги 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 24 фоизни, транспорт ва ­алоқанинг улуши тегишли равишда 
7,7 ва 12,4 фоизни ташкил этди, хизматлар бўйича бу рақам 37 фоиздан 49 фоиз­га ўсди. Қишлоқ хўжалигининг улуши эса 30,1 фоиздан 17,5 фоизга тушди.

Шунга алоҳида эътибор қаратиш ­керакки, қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши камайиб ­бораётган бир шароитда ушбу соҳада маҳсулот етиштириш юқори суръатлар билан кўпаймоқда.

2010 йилда қишлоқ хўжалиги ­маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2009 йилга нисбатан 6,8 фоизга, 2000 йилга ­нисбатан эса 1,8 баробар ошгани ҳам шундан далолат беради.

Бизнинг бу борадаги энг катта ­ютуғимиз ялпи ички маҳсулот таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши кўпайгани ҳамда ­мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда унинг роли сезиларли ­даражада ошганида намоён бўлмоқда.

2000 йилда ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 31 фоизи иқтисодиётнинг фаол ривожланиб бораётган ушбу ­сектори улушига тўғри келган бўлса, 2010 йилда бу кўрсаткич 52,5 фоизни ташкил этди.

Мамлакатимизда ишлаб чиқари­лаётган маҳсулотларни диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратишни истардим.

2010 йилда саноат ишлаб чиқариш таркибида юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулотнинг улуши 
50 фоиздан зиёдни ташкил этди.

Мамлакатимиз саноат корхоналари томонидан ўтган йили 160 дан ортиқ ­турдаги янги товар ва маҳсулотлар, ­жумладан, мутлақо янги технологик платформа негизида “Спарк” енгил ­автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, катта ҳажмда юк ­ташийдиган “МАН” автомобилларини, энергия тежайдиган лампалар, “ЭлЖи” русумидаги жаҳонга машҳур холодильникларни йиғиш, калий ўғитлари ва ­бошқа муҳим маҳсулотларни ишлаб ­чиқариш бошлаб юборилди.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2010 йилда 1 минг 76 та лойиҳа амалга оширилди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 баробар ошди, импорт ўрнини ­босиш бўйича якуний самарадорлик 3 миллиард 400 миллион долларни ташкил қилди ва бу 2009 йилга ­нисбатан 1,2 баробар кўп демакдир.

Корхоналар ўртасида кооперация ­алоқалари мустаҳкамланмоқда, бу ­жараёнга кичик корхоналар ва хусусий бизнес субъектлари тобора кенг жалб қилинмоқда.

2010 йилда ўтказилган Халқаро ­саноат ярмаркаси ва Кооперацион ­биржада дунёнинг 51 мамлакатидан 
700 дан ортиқ хорижий фирма ва компания вакиллари қатнашди, 500 дан ортиқ янги турдаги маҳсулот намойиш этилди, қиймати 2 триллион 600 мил­лиард сўмлик шартномалар имзоланди.

Бу рақам олдинги ярмаркадаги кўрсаткичга нисбатан 1,4 марта кўпдир. Ярмаркада умумий қиймати 2 мил­лиард 700 миллион долларлик экспорт битимлари тузилди ва бу 2009 йил ­даражасидан 1,2 баробар ортиқдир.

Ўтган йили мамлакатимиз молия-банк тизими ликвидлигини янада ­мустаҳкамлаш, унинг барқарор­лигини кучайтириш бўйича катта ­ишлар амалга оширилди.

2010 йилда тижорат банкларининг жами капитали 36 фоизга ортди ва ­банкларимиз эришган 23 фоиз ­миқдоридаги капиталнинг етарлилик даражаси дунёда қабул қилинган ­халқаро стандартлардан 3 баробардан кўпдир. Фақат ўтган йилнинг ўзида ­депозитлар ҳажми 1,5 баробардан зиёд ошди.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг 
15 та тижорат банки “Фитч Рейтингс”, “Мудис” ва “Стандарт энд Пурс” каби етакчи халқаро рейтинг агентликларининг “барқарор” деган рейтинг ­даражасига эгадир.

Банкларнинг кредит ва инвестиция фаолиятида ҳам ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 2010 йилда ­иқтисодиётнинг реал секторига йўналтирилган кредитларнинг умумий ҳажми 35 фоизга кўпайди. Шуниси эътиборга лойиқки, 2010 йилнинг охиридаги ҳолат бўйича ички манбалар ҳисобидан берилган кредитларнинг тижорат банклари умумий кредит портфелидаги ялпи ­улуши 85,1 фоизни ташкил этди.

Ташқи қарзлар, асосан, узоқ муддатга, фақат иқтисодиётнинг стратегик тармоқларини модернизация қилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб қилинди.

Банкларнинг кредит портфели ­таркибида ҳам сифат ўзгаришлари рўй бермоқда. Умумий кредит портфелида узоқ муддатли, яъни 3 йилдан ортиқ муддатга бериладиган инвестиция кредитларининг улуши 2000 йилнинг охиридаги 35 фоиздан 2010 йилнинг охирида 75,2 фоизга ўсди.

Ўтган йил давомида кичик бизнес субъектларига ажратилган кредитлар ҳажми 1,4 баробар кўпайди ва 2 триллион 700 миллиард сўмни ташкил этди. Жумладан, микрокредитлар ҳажми 485 миллиард сўмдан ортиб, бу кўрсаткич 2009 йилга нисбатан 1,5 баробар кўпайди.

Тўланмай қолган қарзлари туфайли банкларнинг балансига ўтказилган банкрот корхоналарни молиявий ­соғломлаштириш борасидаги тижорат банкларининг фаолияти юксак ­баҳолашга моликдир.

Биз жорий этган бундай механизм банкрот корхоналарда ишлаб чиқариш фаолиятини қайта тиклаш, ишлаб ­чиқаришни модернизация қилиш, ­техник ва технологик янгилаш учун банклар томонидан қўшимча инвестиция киритиш, ана шундай корхоналарни молиявий соғломлаштириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва замонавий ­бошқарув усулларини татбиқ этиш, шунингдек, иш ўринларини қайта ­тиклаш ва янги иш ўринларини ­яратишни кўзда тутади.

Шу тариқа фаолият кўрсатишга ­лаёқатли, илгаригига қараганда ­технологик жиҳатдан анча юқори ­даражада ишлайдиган, фаолияти қайта тикланган корхоналар янги инвесторлар эътиборини тобора кўпроқ ўзига тортмоқда. Инвесторлар ҳозирги ­пайтда бундай корхоналарни банклардан фаол сотиб олмоқда.

Бугунги кунда тижорат банклари ­балансига берилган 147 та банкрот корхонанинг 140 тасида ишлаб ­чиқариш қайта тиклангани, уларнинг 64 таси янги инвесторларга сотилгани бу фикрнинг ёрқин далилидир. Қайд этиш керакки, банклар томонидан бу корхоналарни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлаш учун 156 миллиард сўм миқдорида инвестиция йўналтирилди, 21 мингдан кўпроқ иш ўрни ташкил қилинди.

Бу борадаги ишларимизнинг аҳамиятини тасаввур этиш учун ана шу қайта тикланган корхоналарда ишлаб ­чиқариш ҳажми 460 миллиард сўмни ташкил этиб, умумий қиймати 
165 миллион доллардан ортиқ бўлган турли маҳсулотлар экспорт қилинганини айтиш кифоя, деб ўйлайман.

Бундай ёндашув келгусида ҳам ­банкларнинг балансига ўтказилган банкрот корхоналарни қайта тиклаш ишларида энг муҳим йўналиш бўлиб қолиши зарур. Бугунги мажлисда ­қатнашаётган тижорат банкларининг раҳбарлари эътиборини айнан шу ­масалага қаратмоқчиман.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, фермер хўжаликларига бириктирилган ер участкаларини оптималлаштириш, пахта ва ғалланинг харид нархларини ошириш бўйича амалга оширилаётган изчил ишлар натижасида иқтисодиётимизнинг аграр секторида ­таркибий сифат ўзгаришлари юз бермоқда.

Пахта ва ғалла каби стратегик ­муҳим қишлоқ хўжалиги экинлари ­билан бир қаторда, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик ва ­балиқчилик соҳаларида ҳам ишлаб ­чиқариш ҳажми сезиларли даражада ўсди, қайта ишлаш тармоқлари ва ички бозорни сут, гўшт, картошка, сабзавот каби энг муҳим озиқ-овқат ҳамда ­бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан янада кўпроқ тўлдириш учун ­мустаҳкам хом ашё базаси яратилмоқда.

Махсус ишлаб чиқилган кенг кўламли дастурни изчил амалга ошириш ҳисобидан ерларнинг мелиоратив ҳолати муттасил яхшиланмоқда. ­Фақат 2010 йилнинг ўзида ерларнинг мелио­ратив ҳолатини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш учун 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди ва бу 724 километрлик коллектор-дренаж тармоқлари, 208 та мелиоратив қудуқларни барпо этиш ва реконструкция қилиш, қарийб 14 минг километрлик коллектор-дренаж тизимини таъмирлаш, қайта тиклаш ва 335 та замонавий мелиорация техникасини харид қилиш имконини берди.

Қашқадарё, Бухоро, Навоий, ­Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ­вилоятлари, шунингдек, Марказий ­Фарғона ҳудуди ва Қорақалпоғистон Республикасида ирригация ҳамда ­мелиорация иншоотларини қайта тиклаш учун 2010 йилда халқаро молия институтларининг 62 миллион доллардан зиёд маблағлари жалб қилинди ва ўзлаштирилди.

Амалга оширилган ана шундай кенг миқёсдаги ишлар натижасида 
260 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди ва бу қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини, фермер ҳамда деҳқон ­хўжаликларининг даромадини ошириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўтган йили хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 13,4 фоиз ўсишга эришилди, сўнгги ўн йилда эса аҳолига кўрсатилган пуллик хизматлар ҳажми, киши бошига ҳисоблаганда, қарийб 20 баробар ошди. Биз бу ­борада мобиль алоқа, интернет, видеотелефон тизими, рақамли телевидение, замонавий банк хизматлари, лизинг, суғурта, аудит, инжиниринг ва бошқа замонавий хизмат турларини ривожлан­тиришга алоҳида эътибор қарат­моқдамиз.

Бугунги кунда юртимиз мобиль ­алоқанинг ривожланиш кўрсаткичи бўйича дунёда олдинги ўринда турган ўнта мамлакат қаторига киради. Ўзбекистонда мобиль алоқа хизматидан фойдаланувчиларнинг умумий сони 2000 йилга нисбатан — шунга эътибор беринглар — 200 баробар ошиб, 19 миллиондан ортиқ абонентни ­ташкил этмоқда. Агар ўн йил аввал мамлакатимиз аҳолисининг ҳар минг нафарига 4 донадан кам мобиль ­телефон тўғри келган бўлса, бугун бу кўрсаткич 600 донадан ошиб кетди.

Ҳозирги вақтда мамлакатимиз собиқ иттифоқ ҳудудида биринчилардан бўлиб рақамли ва кенг форматли телевидениега тўлиқ ўтиш бўйича ­катта миқёсдаги дастурни амалга ­оширишни бошлади ва бу жараён 2015 йилда ниҳоясига етказилади.

Аҳолининг интернет тармоғидан фойдаланиш имконияти кенгайиб ­бораётганини албатта ижобий ­баҳолаш лозим. 2010 йилда интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 
1,4 баробар кўпайди ва 6,6 миллион кишидан ошди.

Айни вақтда интернет хизматини кўрсатиш тарифларини босқичма-­босқич камайтириб бориш ҳисобидан ундан фойдаланувчилар учун шароитлар тобора яхшиланмоқда. Хусусан, 2010 йилда бу борадаги тарифлар 20 фоизга пасайтирилганини алоҳида қайд этиш керак.

Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Мамлакатимизда 2010 йилда 2009 йилга нисбатан 13,6 фоизга кўп, яъни 9 миллиард 700 миллион АҚШ долларига тенг миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилди, бу ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 25 фоизини ташкил этади.

Ушбу инвестицияларнинг салкам 72 фоизи ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этишга, жумладан, 38 фоизга яқини асбоб-ускуна ва илғор технологиялар сотиб олишга йўналтирилди. Шу борадаги умумий қўйилмалар ҳажмида хорижий инвестициялар ва кредитлар улуши 28,8 фоизни, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори эса 2 миллиард 400 миллион доллардан зиёдни ташкил этди.

Барча молиявий манбалар ҳисобидан техник ва технологик қайта ­жиҳозлаш учун йўналтириладиган ­инвестициялар ҳажми 3 миллиард 
800 миллион доллардан ошгани ёки 2010 йилдаги барча капитал қўйилмаларнинг 37,5 фоизини ташкил ­этгани принципиал муҳим аҳамиятга эгадир.

Мухтасар айтганда, Инвестиция дас­тури доирасида 2010 йилда 
200 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, йилига 50 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “М-300” русумидаги енгил ­автомобиль ишлаб чиқаришни ўзлаштириш”, 200 минг тонна калий ўғитлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Деҳқонобод калий ўғитлари заводи қурилиши”, “Хонжиза конида полиметалл рудаларга ишлов бериш” каби йирик лойиҳалар, Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот” компаниясининг бир қатор янги объект­ларини барпо этиш ишлари ва бошқа лойиҳалар ниҳоясига етказилганини таъкидлаш жоиз.

2010 йилда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси ҳудудида ­хорижий инвесторлар билан эришилган битимлар доирасида 19 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга киришилди. Ана шу лойиҳалар доирасида жаҳон бозорида харидоргир бўлган замонавий маҳсулот ишлаб ­чиқарадиган 7 та корхона фойдаланишга топширилди.

Транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган маблағлар инвестициялар умумий ҳажмида муҳим ўрин эгаллади. Ўтган йилнинг ўзида фақат автомобиль йўлларини қуриш ва ­реконструкция қилиш учун 378 миллион долларга тенг бўлган маблағ ўзлаштирилди ва бу 2009 йилга қараганда 31,5 фоиз кўп демакдир. ­Шунинг ҳисобидан мамлакатимизда 270 километрлик замонавий автомобиль йўли фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон миллий автомагистрали лойиҳаси таркибига кирадиган ­цемент-бетон қопламали 222 километр­лик ­автомобиль йўлини қуриш ва ­реконструкция қилиш учун Осиё ­тараққиёт банки билан 600 миллион доллар миқдорида кредит маблағ­ларини жалб қилиш тўғрисида шартнома имзоланди.

2010 йилда халқаро транспорт ­логистика марказларини ривожлантиришга доир ишлар давом эттирилди. Навоий шаҳридаги аэропортда ­фойдаланишга топширилган “Навоий” халқаро интермодаль логистика ­марказининг юк терминали орқали 50,1 минг тонна ёки 2009 йилга қараганда 3 баробар кўп юк ташилди. ­Ангрен шаҳридаги Халқаро логистика маркази томонидан 4 миллион тоннадан ортиқ юк ташиш амалга оширилди, мамлакатимиз минтақалари ва ­Фарғона водийси вилоятлари ўртасида йил давомида узлуксиз автотранспорт қатнови таъминланди.

Ҳаво транспорти ва темир йўл ­паркларини янгилаш ишлари давом эттирилмоқда. Ўтган йили “Эйрбас ­индастри” компаниясининг 6 та 
А-320-200 русумли самолёти, 8 та ­замонавий электровоз сотиб олинди, 1 минг 790 та юк ташийдиган ва 
38 та йўловчи ташийдиган вагонлар қурилди, таъмирланди ва модернизация қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Тикланиш ва тараққиёт ­фондининг стратегик муҳим лойиҳаларни мустақил равишда ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий компаниялар билан биргаликда молия­лаштириш борасидаги роли ­ортиб бормоқда. 2010 йилда ушбу фонднинг қарийб 330 миллион ­доллар миқдоридаги маблағи ўзлаштирилди ва бу 2009 йилга нисбатан 25,6 фоиз­га кўпдир.

Ўтган даврда Фонд маблағлари ҳисобидан 14 та йирик инвестиция лойиҳаси молиялаштирилди. Ўзбе­кистон — Уммон қўшма инвестиция ­компанияси иштирокида тўқимачилик, телекоммуникация тармоқлари ва ­молия секторида умумий қиймати қарийб 80 миллион долларлик 3 та инвестиция лойиҳасини молиялаш­тириш ишлари бошланди.

Тикланиш ва тараққиёт фондининг таркибий ўзгаришлардаги роли ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 2014 йилгача унинг низом жамғармасини икки баробар, яъни 5 миллиард ­доллардан 10 миллиард долларга ­босқичма-босқич кўпайтириш тўғрисида қарор қабул қилинди.

2010 йилда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш, шунингдек, мактабларнинг моддий-техник базасини ­мустаҳкамлаш бўйича дастурларни амалга ошириш якунига ­етказилди.

Умуман олганда, 2005 — 2010 йиллар давомида 7 минг 800 дан ортиқ ­умумтаълим муассасаси, қарийб 
1 минг 500 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей барпо этилди ва ­реконструкция қилинди. Фақат 
2010 йилда мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва лицейларда 2 минг 300 тадан зиёд компьютер техникаси ва мультимедиа ускунаси ўрнатилди.

Униб-ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний жиҳатдан тарбиялаш ва ­болалар спортини ривожлантиришга қаратилган дастурни амалга ошириш бўйича ишлар изчил давом эттирилди. Бунинг натижасида фақат 2010 йилнинг ўзида 72 та спорт иншооти, 27 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилди, умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган спорт инвентарлари ва ускуналар ­жойларга етказиб берилди.

Бугунги кунда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ҳар уч нафаридан бири турли секция ва тўгаракларда спорт билан мунтазам шуғул­ланмоқда.

Ўтган йилда фарзандларимизнинг ижодий қобилияти ва маънавиятини юксалтиришга қаратилган мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинган дастурни амалга ошириш бошланди. Агар 2009 йилда олтита мусиқа ва санъат мактаби қурилган ва реконструкция қилинган бўлса, ҳисобот йилида 46 та ана шундай мактаб фойдаланишга топширилди. Уларнинг қурилишига 51 миллиард сўмдан ортиқ капитал маблағ йўналтирилди.

2010 йилда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш ва ушбу тизимда сифат ўзгаришларини амалга оширишни таъминлаш борасидаги ишлар давом эттирилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган ва республика ҳамда вилоятлар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш марказларини ўз ичига ­олган тиббиёт муассасалари тармоғи шаклланди.

Барча вилоятлар марказларида катталар ва болалар учун кўп тармоқли тиббиёт марказлари, ҳар бир туманда энг замонавий медицина асбоб-ускуналари билан жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу қишлоқ врачлик пункт­ларининг сони 2000 йилга нисбатан 
2 баробар кўпайиб, 3 минг 200 тадан ошди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича юксак самарали замонавий тиббиёт муассасаларининг мустаҳкам тизими яратилгани шу йўлдаги муҳим қадам бўлди.

Барча вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида скрининг марказлари ташкил этилди ва уларнинг фаолиятини таъминлаш учун 2010 йилнинг ўзида 4 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди. 2010 йилда 116 минг нафардан зиёд бўлажак она скрининг марказларида ­тиббий кўрикдан ўтказилди.

Шу билан бирга, перинатал марказлар тармоғи ҳам жадал ривожланмоқда. Ўтган ўн йил давомида юртимизда 11 та перинатал марказ ташкил этилди. 2010 йилда уларда 158 минг нафардан ортиқ, яъни 2000 йилга нисбатан 10 баробар кўп она ва бола тиббий кўрикдан ўтказилди.

Бунинг натижасида кейинги ўн йилда мамлакатимизда оналар ўлими ­коэффициенти 33,1 промилледан 
19,7 промиллега, болалар ўлими ­коэффициенти эса 18,9 промилледан 10,1 промиллега тушди. Туғма ва ­ирсий касалликлар билан туғиладиган болалар сони қарийб икки баробар камайди.

Шу йилларда аҳолининг юқумли ­касалликлар, жумладан, сил, гепатит каби оғир турдаги ва бошқа хасталикларга чалинишининг умумий даражаси анча пасайди. Бундай натижаларга эришишда шифокорлар ва ­тиббиёт ходимларининг меҳнатини моддий рағбатлантиришни кучайтириш, уларнинг касб тайёргарлиги даражасини ошириш, мамлакатимиз фармацевтика саноатини жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳам муҳим омил бўлмоқда. Биргина 2010 йилнинг ўзида 32 номдаги янги дори препаратларини ­ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва бу 2009 йилга қараганда 23 фоизга кўпдир.

2010 йилда стационар тиббиёт ­муассасаларида қўшимча равишда 
1 минг 630 та ёки 2009 йилга нисбатан қарийб 2,5 марта кўп даволаниш ўринлари фойдаланишга топширилди.

Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш учун жами 2 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди, бунинг 1 триллион 700 миллиард сўми бюджет маблағларидир.

Ўтган йили қишлоқ жойларда биз 2009 йилда бошлаган, қулай ва барча коммунал хизмат шароит­ларига эга бўлган якка тартибдаги тураржой массивларини комплекс қуриш ишлари эътиборимиз ­марказида бўлгани барчамизга маълум.

Айниқса, якка тартибда қурилаётган уй-жойлар лойиҳаларининг қулайлик нуқтаи назаридан бошқатдан кўриб чиқилиб, ажратиладиган ер участ­калари ҳажмини тўрт сотих ўрнига олти сотих қилиб белгилаш тўғрисида қабул қилинган қарорлар алоҳида аҳамият касб этди.

Натижада 2010 йили мамлакатимизнинг барча 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар бўйича тайёр ҳолда топшириш шарти билан 6 минг 800 та уй-жой барпо этилди.

Ушбу мақсадларга қарийб 430 миллиард сўм миқдоридаги капитал қўйилмалар, жумладан, 250 миллиард сўмдан ортиқ узоқ муддатли имтиёзли кредитлар йўналтирилди. Бу маблағ 2009 йилга нисбатан 9 баробар кўпдир. Дастурни амалга ошириш бошланганидан буён янги массивларда қишлоқ аҳолисининг қулай ва ­муносиб яшаши учун зарур бўлган 
165 та ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объекти барпо этилди.

Айни пайтда янгитдан қурилаётган тураржой массивларида замонавий турдаги муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам жадал бунёд қилинмоқда. 103 километрдан ортиқ газ, қарийб 100 километрлик сув тармоқлари, 71 километрдан зиёд электр узатиш линиялари, шунингдек, умумий узунлиги 85 километр бўлган ички йўллар қурилди.

Ичимлик суви, электр ва газ ­таъминоти, шунингдек, аҳоли пунктларининг санитария аҳволини яхшилаш бўйича янги коммунал инфратузилма тармоқлари ва объектларини қуриш, модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишлари тизимли ­асосда олиб борилмоқда.

Бугунги кунда биз учун энг долзарб муаммолардан бири бўлмиш юртимизда меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларимиз ҳақида.

2010 йилда мамлакатимизда жами 950 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилганини катта мамнуният билан қайд этишимиз лозим. Бу янги ташкил қилинган умумий иш ўринларининг 600 мингдан зиёди ёки 65 фоизи­ кичик бизнес соҳаси ва фермер ­хўжаликларига, 210 мингдан ортиғи касаначилик соҳасига тўғри келади.

Аҳоли даромади ва фаровонлигини ошириш борасида ҳам сифат жиҳатидан чуқур ўзгаришлар юз ­бермоқда. Аҳолининг иш ҳақи ва ­умуман, пул даромадлари барқарор ошиб бормоқда, унинг харид қобилияти муттасил ўсмоқда, фуқароларимиз истеъмол қиладиган маҳсулотлар ­таркибининг сифати ортмоқда.

Биргина 2010 йилда бюджет соҳаси муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар, стипендиялар миқдори 32 фоизга, аҳолининг умумий пул даромадлари эса жон бошига 1,3 баробар ошди.

Аҳолининг даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромад улуши тобора салмоқли ўрин эгалламоқда ва барча даромадларнинг 47 фоиздан ортиғи ушбу соҳа ҳиссасига тўғри келмоқда.

Юртимизда оилаларнинг сифатли ва узоқ муддат фойдаланадиган истеъмол товарлари билан таъминланиш даражаси сезиларли равишда ошди. Жумладан, бугунги кунда ҳар 100 та оилага ўртача 132 та телевизор, 
99 та холодильник, 18 тадан зиёд кондиционер, 12 та шахсий компьютер, 27 тадан ортиқ енгил автомобиль тўғри келмоқда.

2010 йилда “Баркамол авлод йили” Давлат дастурини амалга ошириш бўйича қилинган ишларимизнинг улкан моҳияти ва аҳамиятини, ­албатта, қисқача баҳолаш қийин.

Сизларга яхши маълумки, Конституция кунига бағишланган тантанали йиғилишда ушбу дастур ижросини ­таъминлаш бўйича эришилган асосий натижалар ҳақида атрофлича фикр юритилган эди.

Мен бу ўринда фақат шуни таъкидлашни истардимки, мазкур дастурни бажариш учун барча молиявий манбалар ҳисобидан қарийб 8 триллион сўм ва 165 миллион доллар маблағ йўналтирилди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда ҳар томонлама ­муносиб ёшларни, Ватанимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, жисмоний ва маънавий соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш учун зарур барча шарт-­шароитларни яратиш бўйича аниқ ­мақсадга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш ­имконини туғдирди.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

2011 йили мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 108,3 фоиз, саноатдаги ўсиш — 109,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида — 105,8 фоиз ҳажмида бўлиши кўзда тутилмоқда. ­Инфляция даражаси 7-9 фоиз атрофида бўлиши назарда тутил­моқда.

Тасдиқланган давлат бюджетида ялпи солиқ юкини 1,2 фоизга, кичик бизнес субъектлари ва микрофирмалар учун ягона солиқ тўловини эса 2010 йилдаги 7 фоиздан 2011 йилда 6 фоизга тушириш мўлжалланган.

Мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли стратегик мақсадни амалга оширишнинг мантиғи мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошланган ва Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини ошириш ва мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган таркибий ўзгаришлар ва юксак технологияларга асосланган замонавий тармоқлар ва ишлаб чиқариш соҳаларини жадал ривожлантириш сиёсатини 2011 йилдаги асосий устувор йўналиш сифатида давом эттиришни тақозо ­этмоқда.

Бу ўринда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш ва мамлакатимиздаги хом ашё ва ресурсларга бой ­мавжуд манбалардан оқилона фойдаланиш асосида юқори қўшимча ­қийматга эга бўлган юксак технологик маҳсулотларни ишлаб чиқаришни таъминлайдиган истиқболли иқтисодиёт тармоқлари ҳақида сўз бормоқда.

Ана шу мақсадларга эришиш учун “2011 — 2015 йилларда Ўзбекистон саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги дастур тасдиқланди. Ушбу дастур саноат соҳасида умумий қиймати қарийб 50 миллиард долларни ташкил этадиган 500 дан ортиқ йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни кўзда тутади.

Яқин беш йил ичида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини камида 60 фоизга ошириш, ялпи ички маҳсулотда унинг улушини 2010 йилдаги 24 фоиздан 2015 йилда 28 фоизга кўпайтиришни таъминлаш вазифаси қўйилмоқда. Бу борада машинасозлик, автомобилсозлик, кимё, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш материаллари саноати ва бошқа ­соҳаларни жадал ривожлантириш ҳисобидан ушбу тармоқларда икки ­баробардан зиёд ўсишга эришилади.

Тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашга йўналтирилган, якуний ишлаб чиқариш шаклига эга бўлган янги, замонавий тўқимачилик комплексларини ривожлантириш устувор аҳамият касб ­этиши зарур.

Бу, ўз навбатида, пахта толасини ўзимизда қайта ишлаш ҳажмини 
2 баро­бардан кўпроқ, калава ишлаб чиқаришни 2,6 баробар, тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмларини 
3 баро­бар, тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспортини 2 баробар оширишни таъминлайди. Юксак технологиялар соҳасидаги лойиҳаларни ­амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Бу лойиҳалар синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил қилиш, ­полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлар, суюлтирилган ва сиқилган табиий газ ишлаб чиқариш бўйича янги, замонавий газ-кимё комплексларини барпо этиш, энергияни тежайдиган ­замонавий технологиялар асосида минерал ўғитлар ҳамда янги турдаги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, эскирган ускуналарни замонавий ­буғ-газ қурилмалари билан алмаштириш ҳисобидан энергетика тармоғини ­жадал ривожлантириш каби соҳаларни қамраб олади.

Вазирлар Маҳкамаси мазкур ­дастурга киритилган ҳар бир лойиҳа бўйича идоралараро ишчи гуруҳларини тасдиқлаши лозим. Бу ишчи гуруҳлар лойиҳаларнинг барча босқичларда амалга оширилиши ва фойдаланишга топширилишини тизимли асосда кузатиб ва қатъий назорат қилиб бориши зарур.

Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта ­жиҳозлаш, иқтисодиётнинг етакчи ­тармоқларини жадал янгилаш биз учун энг муҳим устувор вазифа сифатида изчил давом ­эттирилади.

Бу хусусда гапирганда, 2011 йилда иқтисодиётга жалб этиладиган барча инвестицияларнинг 36,4 фоиздан ­ортиғини саноатни модернизация қилиш ва технологик янгилаш дастурларини амалга оширишга йўналтириш кўзда тутилаётгани, замонавий асбоб-ускуналар харид қилиш харажатлари умумий капитал қўйилмалар ҳажмининг камида 46 фоизини ташкил ­этаётганини қайд этиш даркор.

2011 йилда 35 тадан ортиқ йирик ишлаб чиқариш корхонасини қуришни якунлаш ва фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилмоқда. “Женерал моторс” компанияси билан ҳамкорликда йилига 225 минг дона автомобиль кучланиш агрегатларини ишлаб ­чиқарадиган корхона, Қўқон шаҳрида “Индорама” компанияси билан ­ҳамкорликда якуний ишлаб чиқариш шаклига эга бўлган тўқимачилик ­комплекси, шунингдек, умумий қуввати 30 минг тонна калава ишлаб чиқаришдан иборат бўлган яна бир қатор тўқимачилик комплекслари каби ­муҳим объектлар шулар жумласидандир.

Шулар қаторида Тошкент шаҳрида кўп ўринли “Мерседес-Бенц” йўловчи автобусларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, Муборак газни қайта ишлаш заводи ва “Шўртан нефть-газ” унитар корхонасида 400 минг тонна суюлтирилган газ ва газ конденсати ишлаб чиқарадиган қурилмаларни ўрнатиш, Олмалиқ ва Навоий комбинатларининг корхона ва ишлаб ­чиқариш қувватларини техник қайта жиҳозлаш, Бекобод металлургия комбинатини модернизация қилиш ва ­бошқа ўта муҳим лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Жорий йилнинг охирига қадар, ­идоравий мансублигидан қатъи назар, барча йирик корхона ва ишлаб ­чиқариш қувватларида жаҳон тажрибасида синовдан ўтган замонавий ­технологиялар билан алмаштирилиши лозим бўлган ускуна ва технологияларнинг рўйхатини аниқлаш учун ­техник аудит ўтказиш зарур. Вазирлар Маҳкамасига ушбу дастурлар бажарилишини назоратга олиш вазифаси топширилади. Бунда янги лойиҳаларнинг босқичма-босқич амалга оширилишини назарда тутиш даркор.

Минг афсуски, биз модернизация деганда, кўпинча саноат тармоқларини модернизация қилишни тушунишга ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, ­саноат билан бир қаторда иқтисодиётимизнинг қишлоқ хўжалиги каби етакчи ­соҳасини ҳам модернизация қилиш, унинг таркибига кирадиган деярли барча тармоқ ва ишлаб чиқариш ­соҳаларининг бутун комплексида ­техник ва технологик янгилаш ишларини амалга оширишга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Бу борада, аввало, ерларнинг ­унумдорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Айтиш ­керакки, бу йўналишдаги ишларнинг кўлами йил сайин кенгайиб бораётганига қарамасдан, суғориладиган ­ерларнинг мавжуд мелиоратив ­ҳолати катта ташвиш уйғотмоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда жами ­суғориладиган ерларнинг қарийб 
49 фоизи турли даражада шўрланган бўлиб, бунинг қарийб 18 фоизи кучли ва ўрта даражада шўрланган ерлардир, 23 фоиздан ортиғи эса бонитети паст ерлар тоифасига киради. Мелио­ратив ҳолати қониқарсиз ерларнинг катта қисми Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Жиззах ва Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Биз ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва унумдорлигини ­оширишга йўналтирилаётган инвестициялар ҳажмини бундан буён ҳам кўпайтириб борамиз. Айни пайтда ушбу мақсадлар учун йўналтирилаётган катта миқдордаги маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ­ошириш ва уларни мақсадли ишлатиш, замонавий технологиялар ва техникани жорий этиш борасидаги ишларни ҳам тартибга солишимиз лозим.

Шуни тан олиш керакки, чорвачилик, ғаллачилик, картошкачилик каби соҳаларда илғор мамлакатлар тажрибасини ўрганиш ва уни амалда қўллашга, бизнинг иқлим шароитимизда ғоят муҳим аҳамият касб этадиган замонавий суғориш тизимлари ва энергияни тежайдиган технология­лардан фойдаланишга етарлича эътибор берилмаяпти.

Масалан, чорвачилик соҳасини ­оладиган бўлсак, бу борада ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаш ўринлидир. Таққослаш учун қуйидаги бир мисолни келтираман: Дания ва Жанубий Кореяда сут соғиб олиш бўйича ўртача кўрсаткич 8-9,5 минг килограммни, Венгрия, Германия, Голландияда эса 6-7 минг килограммни ташкил қилаётган бир пайтда, бизда кейинги беш йилда бу рақам 1,7 минг килограмм даражасида сақланиб қолмоқда.

Бу ўринда гап фақат ўзига хос иқлим шароитлари билан эмас, балки энг асосий масала бўлмиш замонавий технологиялардан фойдаланиш билан боғлиқ эканини, ўйлайманки, ­тушуниш қийин эмас.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги замонавий агротехнологияларни ­ўрганиш ва амалда жорий этиш ­билан ўта жиддий шуғулланиши, селекция ишларини янада такомиллаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг маҳсулдорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиши зарур.

Чопиқ тракторларининг 55 фоиздан ортиғи ва ер ҳайдайдиган тракторларнинг 46 фоизи 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида ишлатилаётгани, бошқача айтганда, улар белгиланган фойдаланиш муддатини аллақачон ўтаб бўлгани, қуввати, иш унуми ва ёқилғи ­истеъмол қилиш бўйича замонавий стандартларга жавоб бермайдиган эски техникалар экани ташвиш уйғотмасдан қолмайди.

Вазирлар Маҳкамасига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари, бошқа ­манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари ҳамда корхоналар билан биргаликда уч ой муддатда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, маҳсулотни ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш соҳаларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ва ер унумдорлигини ошириш бўйича махсус ­дастур тайёрлаш топширилади.

Қишлоқ хўжалик техникаларини ­янгилаш бўйича, аввало, чет элнинг ­илғор компаниялари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш талаб қилинади.

Бу борада биз Германиянинг ­“Клаас” компанияси билан замонавий, иш унуми юқори бўлган тракторлар, ғалла ўриш комбайнлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга бундан кейин ҳам ­жиддий эътибор қаратамиз.

Хориждаги бошқа машҳур фирмалар билан ҳам алоқаларни йўлга қўйиш, биринчи навбатда, замонавий мелиорация техникасини ишлаб ­чиқариш ва таъмирлашни ташкил қилиш масалаларида ҳамкорлик қилиш бўйича бугунги кунда олдимизда ­катта истиқболлар очилмоқда.

Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир муҳим устувор йўналиш — чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, хорижий инвесторлар учун янада қулай шароитлар яратишга улкан эътибор қаратаётганимизни алоҳида қайд этмоқчиман.

Ўзбекистонда инвесторлар учун, ­айтиш мумкинки, кўп жиҳатдан ­беқиёс, ўта қулай инвестицион муҳит, имтиёз ва преференциялар тизими яратилган, деб айтишга барча асосларимиз бор. Иқтисодиётимизга жалб қилинаётган хорижий инвестициялар ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётгани ҳам ­бунинг ёрқин далилидир.

Халқаро молия институтлари ва ­хорижий компаниялар билан тузилган шартнома ва битимлар асосида 
2011 йилда иқтисодиётимизнинг реал секторига 3 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритиш кўзда ­тутилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, бу маблағнинг 2 миллиард 
200 миллион доллардан ортиғи ёки 73 фоиздан зиёдини тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ташкил этади.

Тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобидан иқтисодиётимизнинг кўплаб тармоқларида 70 тадан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ­ошириш мўлжалланмоқда.

Бу, авваламбор, газни қайта ­ишлайдиган замонавий завод қуришни ўз таркибига олган Қандим гуруҳи конларини, шунингдек, Хаузак ва Шоди конларини ўзлаштириш, истиқболли углеводород хом ашё конларида геология-қидирув ишларини олиб бориш бўйича йирик лойиҳалардир.

Айни вақтда Навоий вилоятида ­аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплекси барпо этиш, Қорақалпоғистон Республикасида цемент заводи қуриш, Тошкент вилоятида турли мато ва тикувчилик маҳсулотлари, тайёр дори препаратлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича лойиҳалар ҳам шулар қаторига киради. Булар — тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан барпо этиладиган ­истиқболли объектларнинг бир қисми, холос.

Шу билан бирга, ишончим комилки, хорижий шерикларимиз билан ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш, мамлакатимизда янада қулай инвестиция муҳитини шакллантириш учун ҳали ишга солинмаган имкониятларимиз етарли. Содда қилиб айтганда, бу борада ишончли кафолатларни ­яратиш, хорижий инвесторларнинг ишончини қозониш ва мустаҳкамлаш даркор.

Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор тузилмаларга икки ой муддатда хорижий инвесторлар фаолияти учун яратилган амалдаги шароитларни чуқур ва танқидий ўрганиб чиқиш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилсин.

Ушбу таклифларни тайёрлашда мавжуд норматив базани, инвесторларни жалб этиш ва хорижий инвестициялар иштирокида ташкил қилинган корхоналарни рўйхатга олишнинг тартиб-қоидаларини, энг муҳими, уларни ҳимоя қилиш бўйича ишончли кафолатларни янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Айни пайтда биз мамлакатимиздаги ўз ички ресурсларимизнинг ­кўламини кенгайтириш бўйича ҳам доимий иш олиб боришимиз даркор. Бу борада Тикланиш ва тараққиёт фондининг ролини кучайтириш ғоят муҳим ўрин тутади. Ҳозирги вақтда 
6 миллиард доллардан ортиқ маблағ жамланган ушбу Фонд, аввало, ­стратегик муҳим инвестиция лойиҳаларини хорижий инвесторлар билан биргаликда молиялаштиришда етакчи шериклардан бири сифатида ­фаолият олиб бориши керак.

2011 йилда мазкур Фонднинг маблағлари ҳисобидан қиймати 780 миллион доллардан ортиқ бўлган 24 тадан зиёд лойиҳани молиялаштириш кўзда тутилаётган бўлиб, бу ўтган ­йилга нисбатан 2,1 баробар кўпдир.

Бу лойиҳалар сирасига, энг аввало, Сургил кони базасида Устюрт ­газ-кимё мажмуасини барпо этиш, ­Қалмоққир конини кенгайтириш ва ­реконструкция қилиш, Навоий иссиқлик электр станциясида буғ-газ ­мосламасини қуриш, Янги Ангрен ­иссиқлик электр станциясининг ­бешта энергия блокини йил давомида кўмир асосида ишлаш тизимига ўтказиш, ­Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг мисни бойитиш фабрикасини ­реконструкция қилиш ва бошқа ­лойиҳалар киради.

Фонднинг хорижий шерикларимиз билан биргаликда инвестиция ­лойиҳаларини молиялаштириш ­борасидаги самарали ҳамкорлигига мисол сифатида Таллимаржон иссиқлик электр станциясида умумий ­қиймати 1 миллиард 280 миллион долларлик иккита буғ-газ мосламасини қуриш лойиҳасини келтириш мумкин.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фондидан ташқари Осиё тараққиёт банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги каби хорижий шериклар инвестор сифатида иштирок этмоқда.

Бизнинг 2011 йилги ва истиқболга мўлжалланган иқтисодий ­дастуримизни амалга оширишда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилишини ­комплекс ва жадал равишда ­ривожлантириш устувор йўналишга айланиши даркор.

Бу муҳим устувор вазифани изчил амалга ошириш учун 2015 йилгача бўлган даврга мўлжалланган махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, у иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакатимиз ҳудудларини истиқболли ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ­дастур билан узвий боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, бу дастурни амалга ошириш мақсадида 85 та ­инвестиция лойиҳасини жорий этиш ва бу ишларга барча манбалар ­ҳисобидан қарийб 7 миллиард доллар йўналтириш мўлжалланмоқда. 2011 йилда бу маблағнинг 1 мил­лиард 200 миллион доллардан ортиғини ўзлаштириш лозим.

Бу борада Ўзбекистон миллий ­автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўлларини қуриш ва ­реконструкция қилиш, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ўзаро ­ишончли боғлайдиган ягона миллий автомобиль транспорт тизимини ­ташкил этиш лойиҳаларини жадал амалга оширишни таъминлашга ­биринчи даражали аҳамият қаратилиши лозим.

2011 йилда ушбу мақсадлар учун 2010 йилга қараганда 1,4 баробар кўп, яъни 547 миллион доллардан ортиқ капитал қўйилмаларни йўналтириш, халқаро талаб ва стандартларга ­жавоб берадиган 302 километрлик ­автомобиль йўлларини фойдаланишга топшириш кўзда тутилмоқда.

Сизларнинг эътиборингизни яна бир долзарб масалага, яъни “Тошкент — Андижон” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони орқали ўтадиган тоғли участкасини реконструкция қилиш, бу ерда 4 полосали, цемент-бетон қопламали йўл қурилиши бўйича ­ишларни жадаллаштириш зарурлигига қаратмоқчиман.

Биз Фарғона водийси минтақаларини мамлакатимизнинг бошқа ­минтақалари билан йил давомида ишончли ва кафолатли боғлаб турадиган транспорт алоқасини таъминлашимиз зарур.

2011 йилда транспорт ва коммуникация қурилишига Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Кувайт араб иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси ва ОПЕК жамғармаси томонидан 152 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Жорий йилда темир йўлчиларимиз олдида ҳам улкан вазифалар турибди. Хусусан, “Жиззах — Янгиер” йўналиши бўйича электрлаштирилган икки йўлли темир йўл тармоғи ва “Янгиер — Фарҳод” йўналиши бўйича электрлаштирилган бир йўлли темир йўл тармоғи қурилишини ниҳоясига етказиш, ­“Мароқанд — Қарши” ва “Қарши — ­Термиз” йўналиши бўйича стратегик аҳамиятга эга бўлган темир йўл ­тармоқларини электрлаштириш ­лойиҳаларини амалга оширишга ­киришиш зарур.

Бу, ўз навбатида, сарф-харажатларни 20 фоизга камайтириш ва йўловчи ҳамда юкларни манзилга етказиш ­тезлигини 1,3 баробар ошириш ­имконини беради.

Шу билан бирга, йўловчи ташиш ­локомотивлари паркини янгилаш, юк ташиш локомотивлари ҳамда вагонларини модернизация қилиш ва қайта тиклаш, темир йўлларни модернизация қилиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш лозим. Шулар қаторида Испаниянинг ­“Тальго” компанияси билан ҳамкорликда “Тошкент — Самарқанд” темир йўл участкасида Ўрта Осиёда биринчи бор ­бунёд этиладиган тезюрар темир йўл ­магистралини қуриш ва фойдаланишга топшириш ишларининг белгиланган муддатларда якунланишини ­таъминлаш даркор.

Ўзбекистон ҳудудида юкларнинг ички ва халқаро транзитини ишончли равишда таъминлайдиган транспорт ва логистика тизимларини такомиллаштиришга қаратилган изчил ишларни 
2011 йилда давом эттиришимиз ­лозим.

2010 йилда ташкил этилган ­“Ангрен” логистика марказини янада ривожлантиришни кўзда тутиш, жорий йилда “Қамчиқ” довони орқали ­камида 5 миллион тонна юк ташишни таъминлаш зарур. Бунинг учун Ҳукумат ушбу марказнинг контейнер билан келадиган юкларни қабул қилиб олиш, ­сақлаш ва жўнатиш қувватини ­ошириш, уни Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилаётган “МАН” автотягачлари билан таъминлаш ­бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириши керак.

Шунингдек, ҳозирги вақтда халқаро транспорт логистикасининг глобал тармоғида барқарор ўрин эгаллаган “Навоий” аэропорти базасидаги ­Халқаро логистика марказини янада ривожлантиришни таъминлаш даркор. Жорий йилда “Ўзбекистон ҳаво йўл­лари” миллий авиакомпанияси мазкур аэропорт оператори бўлмиш “Кореан Эйр” компанияси билан ҳамкорликда ҳаво қатновлари географиясини ­янада кенгайтириш, аэропорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва ҳажми тобора ортиб бораётган юкларни ­ташиш учун самолётлар сонини ­кўпайтириш ишларини давом эттириши зарур.

Маълумки, биз замонавий компьютер ва телекоммуникация тизимлари ҳамда технологияларини янада ­ривожлантиришга ғоят муҳим эътибор қаратмоқдамиз.

2011 йилда замонавий кенг ­форматли ва оптик технологияларни жорий этиш асосида телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва ­модернизация қилиш, 950 километрдан ортиқ оптик толали алоқа тармоғини фойдаланишга топшириш, вилоят­лар марказларига маълумотлар узатишнинг транспорт тармоғини кенгайтиришни таъминлаш вазифаси қўйилмоқда.

Кўзда тутилган ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан ­интернетнинг халқаро тармоқларига чиқиш имкониятлари тезлигини 4 баробар ошириш, турғун стационар алоқа орқали интернетдан фойдаланувчилар сонини 3 миллиондан 3,5 миллион нафарга кўпайтириш, кенг форматли телекоммуникация тармоқларидан фойдаланувчилар сонини эса икки баробар ошириб, 100 мингтага етказиш лозим.

Ўқув жараёнига кенг форматли ­коммуникация тармоқлари ва интернет технологияларини жорий қилиш мақсадида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Электрон таълим” миллий тармоғини барпо этишни ниҳоясига ­етказиш ҳамда 2011 йилда мамлакатимизнинг барча олий ўқув юртларини, кейинчалик эса академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини ягона компьютер ахборот тармоғига улашни таъминлаш ­вазифаси юклатилади.

2015 йилгача мамлакатимизнинг барча ҳудудларида рақамли телевидениега ўтишни таъминлаш бўйича комплекс дастурнинг амалга оширилиши биз учун алоҳида аҳамиятга ­эгадир.

Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш ­агентлигига 2011 йилда Нукус, Урганч, Андижон ва Қарши шаҳарлари ­телемарказларида замонавий рақамли узатиш ускуналарини ўрнатиш, аҳолини рақамли форматдаги теле­дастурлар трансляцияси билан қамраб олишни 23 фоиздан 37 фоизга ­ошириш, шунингдек, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасида ­рақамли телевидение учун махсус мосламалар ишлаб чиқариш қувватини 50 минг донага етказиш вазифаси топширилади.

2011 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг медиамарказини Япония ва Германиянинг етакчи компанияларида ишлаб чиқарилган энг замонавий мультимедиа техникаси билан жиҳозлаб, фойдаланишга топширишни ­таъминлаш зарур.

Ижтимоий ривожланиш, биринчи навбатда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг моддий-­техник базасини мустаҳкамлаш ва уларни жиҳозлаш масалалари, ҳеч шубҳасиз, жорий ­йилда ҳам ­диққатимиз марказида бўлади.

2011 йилда Давлат бюджети барча харажатларининг 60 фоизи ижтимоий мақсадлар учун йўналтирилади. Бу ўтган йилга қараганда сезиларли ­даражада кўпдир. Жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси учун ана шу харажатларнинг 48 фоизи ёки 2010 йилга нисбатан 1 триллион 800 миллиард сўм кўп маблағ сарфланади.

Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари, шифокорлар ва ­тиббиёт ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар давом эттирилади. 2011 йилда ушбу тоифалардаги ходимларнинг иш ҳақи ­ўртача камида 25 фоизга оширилади. ­Таълим ва соғлиқни сақлаш ходимларининг иш ҳақини ошириш билан боғлиқ харажатларни молиялаш учун бюджетдан 420 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилади.

Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Таълим муассасаларини ­реконструкция қилиш, мукаммал ­таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасининг 367 миллиард сўм миқдоридаги маблағи ҳисобидан жорий йилда 336 та таълим муассасасини, 65 таболалар мусиқа ва санъат мактабини ­реконструкция қилиш ва капитал ­таъмирлаш, қарийб 1500 та компьютер синфини ташкил қилишни таъминлаш, шунингдек, 118 та спорт залини қуриш ва жиҳозлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, Корея Эксимбанкининг 30 миллион доллар миқдоридаги кредити ҳисобидан умумтаълим мактабларида яна қўшимча равишда 1,5 мингта компьютер синфи жиҳозланади.

Ҳозирги кунда 2011 — 2015 йилларда Олий ўқув юртларини ривожлантириш дастури тайёрланмоқда ва ушбу ­ҳужжат яқин вақт ичида қабул қилинади. Дастурдан кўзланган асосий ­мақсад — олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий ўқув, лаборатория ва илмий ускуналар ­билан жиҳозлаш, пировардида ўқув дастурларини такомиллаштириш, ­тобора кучайиб бораётган замон ­талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлашда сифат жиҳатидан янгича ёндашувларни ҳаётга татбиқ этишдан иборатдир.

2011 йилда Республика нейрохирургия илмий маркази, Республика жарроҳлик маркази ҳузуридаги кардио­хирургия бўлими, Гематология ва қон қуйиш институтининг янги бўлими каби йирик соғлиқни сақлаш объектларини фойдаланишга топшириш ва энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари давом эттирилади. Нукус, Андижон, Гулистон ва ­Термиз шаҳарларида кўп тармоқли ­вилоят болалар марказлари, Қарши, Наманган ва Термиз шаҳарларида кўп тармоқли тиббиёт марказларини, жами 6 минг 400 ўринга мўлжалланган 51 та стационар муассаса, бир кунда 6 минг кишини қабул қила ­оладиган 23 та поликлиникани қуриш ва реконструкция қилишни ­якунига ­етказиш кўзда тутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ­Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш, уларни ўз вақтида ўзлаштириш, қурилиш ва таъмирлаш ишларининг сифати устидан қатъий назоратни таъминлаши зарур.

Ҳукумат, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 2011 йилда уй-жой қуриш кўламини кенгайтириш ва қишлоқларни ободонлаштириш дастурини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиши ­лозим. Бу борада 357 та массивда камида 7 минг 400 та уй-жой, шунинг­дек, ижтимоий ва коммунал хўжалик объектларини қуриш мўлжалланмоқда. Ушбу мақсадлар учун 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағ, жумладан, Давлат бюджетидан 140 миллиард сўм ажратиш ва Осиё тараққиёт банкининг 100 миллион доллардан кам бўлмаган ­имтиёзли кредит линияларини жалб қилиш даркор.

Қадрли юртдошлар!

Мамлакатимизда 2011 йилнинг “­Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, деб эълон қилиниши ­барчамизнинг зиммамизга қандай ­улкан масъулият юклаши, бу борада тайёрланаётган умумдавлат Дастурини ҳаётга татбиқ этиш биздан қанча куч ва маблағларни сафарбар ­этишни талаб қилиши ҳақида бугун гапириб ўтиришнинг, ўйлайманки, зарурати бўлмаса керак.

Биз ҳаммамиз, мана шу залда ўтирганлар, кичик бизнес ва хусусий ­тадбиркорлик иқтисодиётнинг тез ўзгариб турадиган бозор талабларига жавоб беришини таъминлайдиган ­замонавий тузилмаларини шакллантиришда, янги иш ўринларини ташкил қилишда ва аҳоли даромадларини оширишда қанчалик ўта муҳим роль ўйнашини, албатта, чуқур англаймиз.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилашнинг ишончли таянчи бўлган мулкдорлар синфини, яъни ўрта синфни шакллантиришдаги улкан аҳамиятини ҳеч ­нарса билан қиёслаб бўлмайди.

Иқтисодиётнинг ушбу соҳаси юртимизда қандай катта суръатлар билан ривожланиб бораётганини юқорида қайд этиб ўтдик. Бу ўринда 2011 йилда мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 54 фоизга етказиш кўзда тутилаётганини айтишнинг ўзи кифоя, деб ўйлайман.

Шу билан бирга, эришган муваффақиятларимизни дунёдаги тараққий топган мамлакатлар тажрибаси билан таққослаган ҳолда танқидий баҳолар эканмиз, шуни тан олишимиз керакки, Ўзбекистонда ҳали бу йўналишда қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Бу ҳақда гапирганда, қуйидагиларни алоҳида таъкидлашни истардим:

Биринчидан, мамлакатимизнинг барча минтақаларида бизнесни ривожлантириш учун янада қулай ишчан муҳит яратиш, тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнесга янада кенг эркинлик бериш, бюрократик тўсиқ ва ­ғовларни бартараф этиш бўйича ­зарур чора-тадбирларни амалга ошириш ­лозим.

Шу муносабат билан тадбиркорлик фаолияти муҳитининг қандай ҳолатда экани, бунинг учун зарур шарт-шароит­ларни яратиш ва бу фаолиятнинг амалдаги ривожланиш суръат­лари барча даражадаги ҳокимлар ­фаолиятини баҳолашнинг асосий ­мезонига айланиши даркор.

Бош прокуратурага кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашувни иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат сифатида кўриб чиқиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик нормаларини қўллаш вазифаси ­топширилади.

Иккинчидан, Вазирлар Маҳкамасига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ­тартибга соладиган қонун ҳужжатларини танқидий таҳлил қилиш вазифаси топширилади.

Эскирган, сунъий равишда ўйлаб чиқарилган ва кўпинча ҳеч кимга кераги бўлмаган чеклов ва тақиқларни бартараф этиш, давлат ва назорат органларининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига аралашувини янада кескин камайтириш ­даркор.

Учинчидан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кредитлар, ­хом ашё ресурслари, шунингдек, давлат харидлари тизимидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш зарур.

2011 йилда Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига махсус квоталар ажратиш орқали кичик бизнеснинг давлат харидлари тизимидан фойдаланишини кенгайтириш борасида алоҳида механизмни ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш, кичик бизнес корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни харид қилиш, кўрсатилаётган иш ва хизматларга доир давлат буюртмаларини жойлаштириш бўйича очиқ электрон тизимни босқичма-босқич жорий этиш вазифаси топширилади.

Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш, биринчи навбатда, инвестиция мақсадлари учун узоқ муддатли кредитлар ажратиш механизмларини янада такомиллаштириш ва уларнинг ҳажмини ошириш, бошланғич капитални шакллантириш, микрокредитлар бериш кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни давом ­эттириши лозим. 2011 йилда тижорат банклари томонидан иқтисодиётнинг ушбу секторига ажратиладиган кредитлар ҳажмини камида 1,3 баробар кўпайтириш даркор.

Ўзбекистон банклар ассоциацияси тижорат банклари билан ҳамкорликда Инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрлашни молиялаштириш жамғармасини ташкил қилиши зарур. Бу эса кичик бизнес субъектларининг бизнес режаларини тайёрлаш сарф-харажатларини камайтириш, уларнинг сифатини ошириш ва ­кредитлар бериш муддатларини ­қисқартириш имконини яратади.

Тўртинчидан, биз кичик бизнеснинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш учун зарур ташкилий, ҳуқуқий, молиявий механизм ва шароитларни туғдириб беришимиз керак.

Кичик корхоналар учун ташқи савдо операцияларини расмийлаштиришдаги ортиқча ички процедураларни бартараф этиш, кичик бизнес соҳаси маҳсулотларини экспорт қилиш борасида қўшимча преференциялар бериш зарур.

Шуни тан олиш керакки, ҳар қандай кичик корхона ҳам ўз маҳсулотлари билан ташқи бозорга мустақил равишда чиқа олмайди. Чунки бунинг учун катта сарф-харажатлар керак бўлади, хорижий мамлакатлар бозорининг ҳолати ва қонунчилигининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида етарлича ахборот ва билимларга эга бўлиш талаб этилади.

Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги ва Савдо-саноат ­палатаси билан биргаликда уч ой ­муддатда кичик бизнес корхоналарига ташқи бозорларда ўз маҳсулот­ларини сотишга кўмаклашадиган, ­маркетинг ўтказиш, сертификат ва рухсатномалар олишни таъминлайдиган механизмни яратиш учун барча ­зарур ишларни амалга ошириши ­даркор.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил қилиш муаммосини ҳал этиш
2011 йил ва яқин истиқболда мамлакатимизни ­муваффақиятли ва бар­қарор ривожлантиришнинг алоҳида устувор йўналиши ва ҳеч ­муболағасиз энг муҳим шартидир.

2011 йилга мўлжаллаб қабул қилинган ва мамлакатимиз Парламенти ­томонидан маъқулланган Республика дастурида 950 мингдан ортиқ янги иш ўрнини, асосан, қишлоқ жойларда ­яратиш кўзда тутилган.

Бу иш жойларининг 600 мингдан зиёдини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида очиш мўлжалланмоқда. 73 мингдан ортиқ иш ўрни транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш натижасида ташкил этилади. ­Касаначиликни, аввало, меҳнат шартномалари бўйича корхоналар билан кооперация асосидаги касаначиликни, шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бандликни таъминлашнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади ва бу қарийб 220 минг кишини иш билан таъминлаш имконини беради.

Ҳукуматимиздан, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва корхоналар раҳбарларидан белгиланган мақсадли кўрсаткичларни сўзсиз бажариш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ишларни доимий равишда амалга оширишни таъминлаш талаб этилади.

2011 йилда касб-ҳунар коллежларини тамомлайдиган 450 мингдан ортиқ ўқувчини ишга жойлаштириш масаласи эътиборимиз марказида бўлиши даркор. Шу фурсатдан фойдаланиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари ­эътиборини ушбу масъулиятли ­вазифа бўйича уларнинг шахсан жавобгар эканига яна бир бор қаратишни истардим.

Бу борада кўрилаётган барча ­чора-тадбирларга қарамасдан, қуйидаги ­масалалар касб-ҳунар коллежлари ­фаолиятида энг заиф бўғин бўлиб ­қолмоқда:

1) 9-синф битирувчилари касб-ҳунар таълими билан тўлақонли қамраб олинишини назарда тутган ҳолда, уларни ўқишга қабул қилишни тегишли равишда тартибга солиш.

2) Ўқитувчилар таркибини ­тайёрлаш сифати ва уларнинг ­малакасини ошириш масаласига алоҳида аҳамият қаратиш.

3) Касб-ҳунар коллежларини ­тамомлаб чиқаётган битирувчиларни ишга жойлаштириш. Бу масала, кўп жиҳатдан, уларни тайёрлаш ­сифати ва меҳнат бозорини қанчалик чуқур ўрганишимизга боғлиқ эканини унутмаслик зарур.

Юқорида зикр этилган масалалардан тегишли хулосалар чиқариш ­керак.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ­муҳофаза қилиш вазирлиги вилоятлар, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ­билан биргаликда ҳар бир туман ва шаҳар бўйича коллежларнинг битирувчиларини ўз мутахассислигига мувофиқ иш билан таъминлаш юзасидан аниқ мақсадли режаларни тайёрлаши ва уларни амалга ошириш масаласига янада масъулият билан ёндашиши даркор.

Шу муносабат билан муайян ­корхона ва иш берувчиларни турдош коллежларга бириктириш тажрибасини, доимий амал қиладиган “корхона — коллеж” ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш борасидаги ишларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш лозим.

Шу бугундан эътиборан бўлажак ҳар бир битирувчининг иш жойини олдиндан белгилашга киришиш, коллеж ўқувчиларининг амалиётни бўлғуси иш жойида ўташини ташкил этиш, ­бошқача айтганда, уларнинг аниқ бир иш жойига бириктириб қўйилишини таъминлаш зарур.

Азиз ватандошлар!

Биз бугун ўтган даврда амалга оширган ишларимизни сарҳисоб қилдик ва 2011 йилда мамлакатимизни иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналиш­ларини белгилаб олдик.

Шу асосда иқтисодиётимизни ­ривожлантириш ва ислоҳ қилишни ­чуқурлаштиришда яқин келгусида ­бутун эътиборимиз, ресурс ва имкониятларимизни қаратишимиз лозим бўлган ҳал қилувчи стратегик муҳим йўналишларни аниқлаб олдик.

2011 йилга мўлжалланган дастурий вазифаларни амалга ошириш, биринчи навбатда, ҳар биримиз ўз ишимизни қандай ташкил этишимиз, ­олдимизга қўйган улкан мақсадларга эришиш учун куч ва имкониятларимизни, билим ва тажрибамизни қанчалик самарали сафарбар эта олишимизга боғлиқ экани ҳақида бугун ортиқча гапиришнинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман.

2011 йилда барчангизга чин дилдан янги ютуқ ва муваффақиятлар, бахт ва омадлар тилашга рухсат ­бергайсиз.