UZ RU
17.01.2011

Чақалоқларда гемолитик касалликлар

Чақалоқларнинг гемолитик касаллиги – оғир кечадиган хасталик ҳисобланиб, она ва ҳомиланинг қон гуруҳлари турли системалар, кўпинча резус-омил бўйича мос келмаслиги билан изоҳланади. Бунда асосан, қонда резус-омилнинг бор-йўқлигига қараб, резус-мусбат ёки резус-манфий деб белгиланади.

Касаллик болада ота-она қонининг резуси мос келмаслиги (она – резус-манфий, ота – резус мусбат)дан пайдо бўлади. Бунда ҳомилага резус-омил резус-мусбат отадан ўтиши мумкин. Ҳомиланинг резус-омили плацента орқали резус-манфий она қонига ўтади. Она организми ҳомила резус-омилига нисбатан антителалар ишлаб чиқаради, булар планцента орқали резус-мусбат ҳомила қонига қайта ўтиб, унинг эритроцитларини емиради (гемолиз рўй беради), камқонлик ва сариқ пигмент – билирубиннинг тўпланиши юзага келади. Касаллик аксарият ҳолларда иккинчи, учинчи ва ундан кейинги, шунингдек, абортдан кейинги ҳомиладорликдан туғилган болаларда (чунки она организмида антителалар миқдори биринчи ҳомиладорликдан иккинчи ҳомиладорликкача ортиб боради) учрайди. Онага илгари резус-омилни ҳисобга олмай қон қуйилган бўлса, биринчи ҳомиладорликдан туғилган болада ҳам гемолитик касаллик пайдо бўлиш эҳтимоли бор. Чақалоқларнинг гемолитик касаллиги она ва ҳомила қон гуруҳлари бўйича мос келмаганда ҳам учраши мумкин. Бу кўпинча онанинг қон гуруҳи I (0), болада эса II (A) ёки III (B) бўлган ҳолларда рўй беради. Хасталикнинг уч шакли фарқланади: 1. Ҳомиладаги умумий туғма шиш. 2. Чақалоқлардаги сариқлик. 3. Чақалоқлардаги туғма камқонлик. Хасталикнинг иккинчи формаси, яъни чақалоқлардаги сариқлик кўпроқ учрайди ва бу туғруқнинг биринчи-иккинчи суткасида пайдо бўлади ҳамда бола ҳаётининг кейинги кунларида кўпайиб боради. Яна шуни таъкидлаш жоизки, баъзан гўдак териси сариқ бўлиб туғилади. Теридаги сариқлик қондаги эритроцитлар парчаланишидан ҳосил бўладиган, бўяйдиган модда – билирубиннинг пайдо бўлиши ва тез кўпайишига боғлиқ. Билирубин заҳарли хоссага эга бўлиб, кўпайиб кетганда мия зарарланиши мумкин. Бунда биринчи ҳафтанинг охирларида боланинг аҳволи оғирлашиб, ҳаракатсизланади, яхши эммайди ва оёқ-қўллари тортишади. Ҳомиланинг умумий туғма шишида бола ўлик туғилади ёки ҳаётининг дастлабки соатларида нобуд бўлади. Туғма шишда боланинг териси рангпар, баъзан сарғимтир, тери ва тери ости клетчаткаси анчагина шишган бўлиб, камқонлик кузатилади. Касалликнинг сариқлик кўринишидаги оғир шаклида бола туғилгандан сўнг биринчи-иккинчи суткада унинг қонини алмаштириш учун қон қуйилади.

Мазкур касалликнинг профилактик чоралари қуйидагилардан иборат:

– бола туғилишидан олдин ҳомиладор аёлнинг қони резус-омилга текширилади ва қон гуруҳи аниқланади;

– қони резус-манфий аёллар тиббий муассасаларда шифокор томонидан ҳисобга олинади ва уларнинг қони резус-антителаларга мунтазам текшириб турилади;

– қони резус-манфий биринчи марта ҳомиладор бўлган аёлларга аборт қилдириш тавсия этилмайди;

– резус манфий ҳомиладор аёлларга биринчи туғруқдан сўнг анти-Д-иммуноглобулин воситасини қўллаш яхши самара беради.

Мутахассис сифатида айтмоқчиманки, оила қураётган ёшлар, шунингдек, оналик ва оталик бахтига муяссар бўлаётган фарзандларимиз тиббий кўрикдан ўтиш жараёнида юқоридаги ҳолатлардан сақланиш учун мутахассисдан керакли маслаҳат ҳамда тавсияларни олган ҳолда, ўз қон гуруҳларини аниқлаб қўйсалар фойдадан ҳоли бўлмайди.

Азиза МАҲМУДОВА,

Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институти директор ўринбосари.