UZ RU
15.01.2011

РЕПРОДУКТИВ САЛОМАТЛИКНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ ТАКОМИЛЛАШМОҚДА

Ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатни янада демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларида Юртбошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган турли жабҳалардаги кенг қамровли ислоҳотлар замирида инсон омили устувор ётгани бежиз эмас. Чунки юртимизда инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қимматига олий қадрият сифатида қаралади. Аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни янада мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши ҳамда парвариши учун зарур шарт-шароитлар яратиш баробарида ҳам жисмонан, маънан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш масаласи давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилган.

Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида ўзига хос ўзгаришлар амалга оширилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланиб бормоқда. Зеро, бу борадаги саъй-ҳаракатларда мустақилликнинг илк даврида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган бешта муҳим тамойилдан бири – кучли ижтимоий сиёсат тамойилининг дебочаси сифатида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармон мустаҳкам пойдевор, асосий таянч вазифасини ўтамоқда десак, муболаға бўлмайди. Соҳадаги ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида қабул қилинган қарор ҳамда фармонларнинг амалдаги ижросини таъминлаш мақсадида соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларида олиб борилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижаларини бермоқда ва уларнинг муваффақиятли давом эттирилишида тизимдаги яратилган қонунчилик базасининг ҳиссаси каттадир. Ҳозирда тиббиёт тизимидаги муносабатларни тартибга солувчи соҳага оид Ўзбекистон Республикасининг 13 та Қонуни ва кўплаб муҳим қонуности ҳужжатлари амалда қўлланилмоқда.

Айниқса, 2009 йилда Юртбошимизнинг "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳамда "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Қарорлари қабул қилиниб, жойларда аниқ манзилли ва малакали тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз томонидан олиб борилган тизимдаги ислоҳотлар туфайли мустақиллик йилларида Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги давлатлари ичида биринчилардан бўлиб, мамлакатимизда фельдшер-акушерлик пунктлари, қишлоқ врачлик амбулаториялари ва участка касалхоналари ўрнига қишлоқ аҳолисига дастлабки тиббий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган мутлақо янги типдаги, барча керакли тиббий жиҳозлар билан таъминланган 3176 та замонавий қишлоқ врачлик пункти барпо этилди. Аҳоли соғлигини мустаҳкамлашга оид масалаларга жиддий эътибор қаратилиб, мамлакатимизда оналар ва болалар ўлимини камайтириш, аҳолини юқумли, вирусли ва ўта хавфли инфекциялардан сақлаш, касалликларнинг олдини олиш, атроф-муҳит ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш борасида профилактик чоралар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ҚВПлар фаолиятини такомиллаштириш орқали у ерда истиқомат қилаётган аҳолига тиббий хизмат ёрдамини яқинлаштириш, тиббиётнинг 10 та муҳим йўналиши бўйича замонавий ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларни ташкил этиш каби талайгина самарали фаолиятлар амалга оширилди. Сўнгги 20 йил ичида аҳолининг ўртача умр кўриши 67 ёшдан 73 ёшга ошганлигининг ўзиёқ давлатимизнинг соғлиқни сақлашга оид сиёсати самарадорлигини белгиловчи муҳим омиллардан биридир. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида санитария-эпидемиологик вазият яхшиланиб, турли хилдаги хавфли – юқумли ва вирусли инфекцияларга қарши кураш борасида самарали натижаларга эришилди. Шу боисдан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ, Аҳолишунослик жамғармалари юртимизда оналик ва болаликни ижтимоий муҳофазалашга қаратилган сиёсатни юқори баҳолади. Шунингдек, Буюк Британия "Save children" халқаро ташкилотининг 2005 йилги маълумотига кўра, жаҳоннинг 125 та давлати ичида мамлакатимизда аёллар учун яратилган қулай, фаровон шароит даражаси учун 19-ўринни, оналикни муҳофаза қилиш бўйича эса 27-ўринни эгаллаган. Эътирофлиси шундаки, бундай натижа МДҲ ва Осиё давлатлари бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири саналади. Яна шу ўринда айтиш муҳимки, БМТнинг ЮНИСЕФ фонди Шарқий Европа, Болтиқбўйи ва МДҲ давлатлари бўйича регионал директори Мария Каливис хоним томонидан Ўзбекистон оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги дастурни амалда татбиқ этиш бўйича регионал (минтақавий) модель деб тан олинганлиги ҳам мазкур масалага бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. 2007 йилда Ўзбекистон "Саломатлик ҳамда болалар ва ўсмирларнинг ривожланиши" номли Европа стратегик дастурини амалга ошириш учун ЖССТ ташкилоти томонидан белгилаб берилган 53 та давлатдан 4 таси қаторига киритилди ва ҳукуматимизнинг соғлом авлодни тарбиялаш, шунингдек, мазкур ғояни амалга оширишга тайёр эканлиги танловда ғолиб бўлишнинг асосий мезонига айланди.

Бир сўз билан айтганда, соғлиқни сақлаш йўналишида юқорида қайд этилган ютуқли натижаларимиз баробарида соҳада баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, аҳолининг репродуктив саломатлик билан боғлиқ тиббий саводхонлиги ва маданиятини янада ошириш, ёшларнинг ҳаёт тарзига жиддий эътиборни қаратиш, бу борада оилавий тарбиянинг роли, ота-онанинг масъулиятини ошириш, ёшларда соғлом оила қуриш ва баркамол фарзандни дунёга келтириш, соғлом турмуш тарзига риоя қилишга бўлган интилишни шакллантиришда уларни қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишдаги фаолиятни талаб даражасида йўлга қўйиш учун аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтиришни кенг миқёсда йўлга қўйишдан иборат. Шунингдек, ушбу муносабатларни замон талабларига мос равишда мувофиқлаштиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш, инсоннинг репродуктив саломатлигини яхшилаш билан боғлиқ муносабатларни тегишли қонунлар билан тартибга солиш каби муҳим масалалар давлатимиз ижтимоий ҳимоя тизими, қолаверса, ижтимоий сиёсатининг долзарб мавзуларидан бири ҳисобланади. Табиийки, репродуктив саломатликнинг ўзи нима, деган савол туғилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таърифича, "Репродуктив саломатлик – бу фақат инсоннинг репродуктив тизими ва функциялари ҳамда жараёнларига оид барча масалаларда касаллик ёки хасталикнинг йўқлигини англатмайди, балки унинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий жиҳатдан тўлиқ мўътадил ҳолатини ифода этади". У умумий саломатликнинг бир қисми бўлса-да, инсоният тараққиётида асосий ўринни эгаллаб келмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир инсоннинг соғлиги билан боғлиқ масалаларда тизим хизматидан фойдаланиш ҳуқуқи, энг муҳими, оилани соғломлаштириш, репродуктив ҳуқуқи мавжудлиги ҳамда оиласида туғилажак фарзанднинг соғлом бўлишини таъминлаши зарурлигини англатади. Мазкур масалаларда етарли билим ва тажриба, тиббий саводхонлик ҳамда маданиятга эга бўлмаган инсон ўз ҳаётида турли муаммоларга дуч келиши, ҳар хил касалликларга чалиниши ёки носоғлом фарзандларнинг дунёга келишига сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бугунги кунда аҳолининг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи нафақат соғлиқни сақлаш тизими, балки давлат, жамиятнинг муҳим вазифалари сирасига киради. Чунки, бу аҳоли репродуктив саломатлиги, мамлакатнинг репродуктив салоҳияти, миллий генофонд тақдирини белгиловчи муҳим кўрсаткичлардан биридир. Аниқроқ айтганда, аҳолининг репродуктив жиҳатдан соғломлик даражаси мазкур жамият ва миллий генофонд саломатлиги даражаси, миллат тақдири, давлатнинг умумий қудрати, нуфузи ва салоҳиятига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боисдан мазкур масала бутун дунёда нафақат тиббий, балки тиббий-ижтимоий, қолаверса, ижтимоий-сиёсий муаммо ҳам ҳисобланади.

Ҳозирда репродуктив саломатликка бевосита дахлдор бўлган она саломатлиги, туғилишлар орасидаги вақтни оқилона белгилаш, фарзандларимизни жисмонан соғлом, руҳан тетик, ақлан баркамол қилиб тарбиялаш учун барча шароит ва имкониятлар мавжуд. Жамият аъзоларининг соғлом бўлишидан барчанинг бирдек манфаатдор эканлигини ҳисобга олган ҳолда, энг аввало, аҳоли репродуктив саломатлигига оид барча муносабатларни қонунлар доирасида тартибга солишга эришиш – соҳа ривожига оид қонунчиликнинг асосий масалаларидан ҳисобланади.

Жойларда ушбу масала юзасидан йўлга қўйилган фаолиятларни мутахассис-экспертлар иштирокида танқидий таҳлил қилиш асосида ўз ечимини кутаётган қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

- жамиятда хотин-қизлар, оналар, бўлажак оналар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга оид барча қонунларнинг ижро этилишини таъминлаш чораларини кўриш;

- аҳолининг ижтимоий муҳофазасига дахлдор бўлган барча мутасадди давлат ва нодавлат ташкилотлар фаолиятида репродуктив саломатлик мавзусига алоҳида эътибор қаратишга эришиш;

- мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар кўлами ва мазмунини кенгайтириш, бу ишларда фуқароларнинг масъулиятини оширишга эътибор бериш, барча аҳоли қатламлари орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг тарғиб қилишни йўлга қўйиш;

- атроф-муҳитнинг инсон организми, айниқса, репродуктив саломатлигига таъсирини инобатга олган ҳолда аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёшларнинг экологик таълим олишига жиддий эътибор қаратиш ва таълим тизимининг барча бўғинларида ушбу йўналишдаги фаолиятни талаб даражасида ташкил этишга эришиш;

- барча тиббиёт ходимларининг аҳоли репродуктив саломатлигини сақлаш борасидаги касб маҳоратларини ошириш;

- маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳалла маслаҳатчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан репродуктив саломатлик мавзусида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларини тубдан яхшилаш, мазкур йўналишда оилалар, ота-оналар ва уларнинг фарзандлари билан мунтазам равишда фаол иш олиб бориш мақсадида таълим муассасалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликдаги мақсадли тадбирларни мунтазам равишда амалга ошириш;

- маҳаллий ва марказий оммавий ахборот воситалари орқали репродуктив саломатликни мустаҳкамлашнинг чора-тадбирлари, унинг мазмун-моҳияти, хорижий мамлакатларнинг ушбу масалада миллий менталитетимизга тўғри келадиган тажрибаси, бу борада аниқ мисоллар асосида жамиятимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари хусусида маҳаллий талаб ҳамда имкониятларни инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқилган аниқ режалар бўйича тегишли фаолиятни йўлга қўйишга эришишдан иборатдир.

Энг муҳими, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш соҳасидаги барча муносабатларни қонуний жиҳатдан тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг репродуктив саломатлиги тўғрисида"ги қонунини ишлаб чиқиш, уни кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилиш, аҳолининг ўринли таклиф ва мулоҳазаларини, шунингдек, миллий манфаатларимизни ҳар томонлама инобатга олган ҳолда унинг қабул қилинишига эришиш лозим. Бугунги кунда мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш учун тайёрланди. Қонун лойиҳасида эътироф этилган муносабатлар юзасидан республикамизнинг барча ҳудудларида хотин-қизлар ва ёшлар ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими тизими ходимлари ва жойлардаги маҳаллалар фаоллари иштирокида кенг тушунтириш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш кўзда тутилиб, мазкур тадбирларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилган.

Зеро, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти қайси соҳада бўлишидан қатъи назар, унда мавжуд бўлган барча муносабатларни қонуний жиҳатдан тартибга солиш ва бу қонунларга риоя этилишини тақозо этади. Қонун олдида барчанинг тенглиги, фаровон турмушни таъминлаш, бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатни қарор топтириш учун халқнинг хоҳиш-иродасини назарда тутувчи ва манфаати учун хизмат қилувчи қонунларни яратиш бугунги давр талабидир.

Зуҳра БОТИРОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.