ЁШ КАДРЛАР САЛОҲИЯТИ – ЭРТАНГИ КЕЛАЖАК ГАРОВИ
Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида изчил ислоҳотлар олиб борилиб, ёшларнинг чуқур билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳар томонлама етук кадрлар бўлиб етишишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, янгидан қад ростлаётган ва барча зарур жиҳозлар билан таъминланган замонавий таълим масканлари ушбу имкониятларни-янада кенгайтириб, келажак ворисларини янгидан-янги билим чўққиларини забт этишларида катта имкониятлар яратмоқда.
Айни пайтда республикамизда фаолият юритаётган тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг соҳада назарий ва амалий жиҳатдан пухта билимга эга мутахассислар тайёрлашдаги ўрнини алоҳида эътироф этиш ўринли. Марказий Осиёдаги илк илмий муассаса сифатида Самарқанд тиббиёт институтининг юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантириш, турли касалликларга қарши курашиш ва олдини олиш, замонавий ташҳислаш ва даволаш, тиббиёт фанини ривожлантириш ишларида муҳим ўрни бор.
Яқинда ушбу даргоҳ ташкил этилганлигининг 80 йиллик юбилейига бағишлаб тантанали маросим бўлиб ўтди.
– Институт ўтган давр мобайнида қирқ мингга яқин малакали тиббиёт ходимлари тайёрлаб бергани, уларни халқимиз саломатлиги йўлида сафарбар этгани билан мамлакатимизнинг энг нуфузли, обрўли илм ўчоқларидан саналади, – деди анжуманда сўзга чиққан Соғлиқни сақлаш вазири А. Икромов. – Айниқса, институтнинг мустақиллик йилларида юксалиш ва тараққиёт сари юз тутганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ерда ўқув ишларини кучайтириш, сифатли таълим жараёнини шакллантириш, профессор-ўқитувчилар жамоаси, талабалар учун замонавий шароитларни яратиш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган ишлар мақтовга сазовордир.
Анжуманда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларидан қатнашган таниқли олимлар, нуфузли илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, республика олий ўқув юртларининг ректорлари ва иштирокчилар мазкур даргоҳнинг салоҳияти, нуфузи ҳақида, ўқув ишлари самарадорлигини янада оширишда янги педагогик технологиялар, илғор усуллардан кенг фойдаланиш, таълим стандартларини жаҳон талаби даражасига етказиш борасида фикр юритдилар. Тадбирда институтнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларига Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлари топширилди.
– Айни пайтда институт Ўзбекистондаги илмий ва амалий жиҳатдан йирик тиббиёт даргоҳларидан бири бўлиб, унинг тузилмасида 6 та факультет, 65 та кафедра мавжуд, — дейди тиббиёт институти ректори, профессор Азамат Шамсиев. – Ўқув, илмий ва даволаш фаолияти билан машғул ходимларнинг 58 нафари фан доктори, 117 нафари фан номзодидир. Улар томонидан амалга оширилган кашфиётлар туфайли 25 та патент олинди, 174 та ихтирочилик таклифи тавсия қилинди, 125 та монография, 41 та дарслик, 48 та ўқув қўлланма, 5625 та илмий мақола, 822 та ўқув-услубий қўлланма чоп этилди. Институт олимлари халқаро миқёсдаги илмий анжуманларда муваффақиятли қатнашиб, хорижий мутахассислар билан ҳамкорликка кенг йўл очиляпти. Ўйлайманки, анжуманга бутун дунёдан ташриф буюрган ҳамкасбларимиз бу ютуқларимизни кўриб, мамлакатимиз тиббиёти дадил қадамлар билан ривожланаётганига яна бир ишонч ҳосил қиладилар.
Шунингдек, юбилей доирасида "Тиббиётнинг долзарб масалалари" мавзуида илмий-амалий конференция ташкил этилиб, унда соҳа мутахассисларининг тиббиёт фани янгиликлари ва ютуқларига доир маърузалари тингланди.
Ҳамза ШУКУРОВ