UZ RU
14.01.2011

ВАТАНИМИЗ ТИНЧЛИГИ ВА ОСОЙИШТАЛИГИ ЙЎЛИДА

Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашдек олий мақсад сари отланган ҳар бир мард ўғлоннинг қалбида эзгу тилак, яъни Ватани, халқи ва ота-онасига бўлган ҳурмат-эътибор, юртга садоқат ва фуқаролик бурчи устуворлик қилади.

Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қуролли Кучлар фаолиятини ривожлантиришга доир ислоҳотларни янада такомиллаштириш, ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар сафини кенгайтириш, уларда ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, мамлакат тинчлиги ва барқарорлиги учун бирдек масъулият ҳиссини ошириш ишлари йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. Мамлакат муҳофазасини таъминлаш мажбурияти, ҳатто Бош қомусимизда ҳам қатъий белгиланган бўлиб, бу масъулиятни юракдан ҳис этган мард ва жасур ўғлонларимиз эса армия сафларида Ватанга содиқликка қасамёд қиладилар. Ана шу буюк туйғу сабабли бугун осмонимиз мусаффо, чегараларимиз осойишта, халқимиз тинч-тотув яшамоқда. Ўтган давр мобайнида Қуролли Кучларимиз фаолиятидаги ислоҳотларга эътибор қаратадиган бўлсак, бу борадаги кенг қамровли ишлардан бугун барчамиз хабардормиз. Айниқса, армиямиз ўзагини ташкил этадиган ёш офицерлар, сержантлар ва аскарлар ўртасида тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш, кадрлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш, интеллектуал жиҳатдан етук, стратегик фикрлай оладиган ёш ҳарбийлар тайёрлайдиган билим юртлари салоҳиятини юксалтириш масалалари давлат сиёсатининг асосий вазифаларидан биридир. Ўтган йили муҳтарам Президентимиз томонидан эл-юртга садоқат тимсоли бўлган "Ватанга қасамёд" ҳайкалининг очилиши ёш авлодни миллий ғоя, мардлик ва матонат руҳида тарбиялаш учун маънавий ибрат бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Чунки, бу монумент бетакрор бадиий тимсол сифатида абадий сақланиб қолади.

Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида

Шу маънода йигитлик бурчини ўташдек шарафли бахтга эришган ҳарбийларни, шунингдек, Қуролли Кучларда мардонавор хизмат қилаётган барча ҳамюртларимизни 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни билан самимий қутлаймиз.

Намоз ТОЛИПОВ.