UZ RU
19.01.2011

ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ХИЗМАТ

Келажак авлоднинг маънан ва жисмонан етук инсон бўлиб камол топишини таъминлаш устувор мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Шу маънода, бугун эл соғлиғи муҳофазаси йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни эртанги фаровон ҳаётимиз кафолати, десак, янглишмаймиз.
Биргина ўтган 2010 йилда ушбу соҳа ривожи учун 1 триллион 703 миллиард сўм маблағ сарфланганининг ўзиёқ юртимизда инсон ва унинг манфаатлари қанчалик эъзозда эканлигини кўрсатиб турибди. Ана шундай ғамхўрлик самараси ўлароқ, айни пайтда жойларда 5 мингдан зиёд барча зарур шарт-шароит яратилган даволаш муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу шифо масканларида тезкор равишда аниқ ташхис қўйиш ва самарали даволаш бўйича мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланилаётир.
Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасида ҳам бугунги кунда нафақат юқумли касалликларни даволаш, балки инсон соғлиғи учун хавфли ҳисобланган шу турдаги оғир хасталиклар келиб чиқишига йўл қўймаслик борасида изланишлар олиб борилмоқда. Шифо масканида 10 та бўлим мавжуд бўлиб, бу ерда бир вақтнинг ўзида 200 кишига тиббий хизмат кўрсатиш имкони бор. Хусусан, сурункали гепатит, ўткир ичак инфекцияси каби оғир хасталикларнинг аниқ ташхиси бўйича мукаммал лаборатория таҳлиллари ҳамда бошқа замонавий ускуналар ёрдамида тиббий текширувлар ўтказилаётганлиги беморлар дардига малҳам топишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Шифохонамизнинг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораётганлиги боис жаҳон андозалари даражасида тиббий хизмат кўрсатишга муваффақ бўлмоқдамиз, — дейди клиника бош шифокори Муҳайё Асилова. — Мутахассисларимиз энг замонавий лаборатория жиҳозлари ҳамда ультратовуш ускуналари ёрдамида беморни безовта қилаётган касалликни аниқлаб, шунга кўра тезкор муолажа усулларини қўллашга ҳаракат қилмоқдалар. Авваллари бемор организмидаги вирус ва инфекциялар катта қийинчиликлар билан йўқ қилинган бўлса, эндиликда энг сўнгги русумдаги плазмафарез ускуналарини қўллаш орқали вақтни бой бермасдан туриб, қонни микроблардан тозалаш мумкин.
Шифо масканида янги туғилган чақалоқлардан тортиб, катта ёшли беморларгача даволанади. Энг муҳими, бу ерга мурожаат қилувчиларга юқумли хасталикларнинг олдини олиш учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида мутахассислар кейинчалик ҳам тушунча ва тавсиялар бериб боришади. Зеро, ҳар қандай касалликни даволагандан кўра, унинг келиб чиқишига йўл қўймаслик, соғлом турмуш тарзига риоя этиб, хасталикдан холи ҳаёт кечириш барча учун бирдек фойдали ва муҳимдир.
Муборак ОХУНОВА