UZ RU
24.12.2010

Ёш иқтидорлар – юрт бойлиги

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Келажак овози-2010” танлови ғолибларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Фонд Форум томонидан “Камолот” ЁИҲ ҳамкорлигида юртимиз бўйлаб ҳар йили ўтказиладиган мазкур лойиҳада бу йил 45 нафар ўғил-қизлар ғолиб бўлишди.

Kelajak

15 ёшдан 25 ёшгача бўлган 71 024 нафар интилувчан, иқтидорли, фаол иштирокчилар. Уларнинг ҳар бири ўз ғояси, тақлиф ва тадқиқотларини ҳаётга тадбиқ этиш ниятида...

Танлов нақадар кенг қамровли эканини унда иштирок этиш ниятида бўлган ёшларнинг сони йилдан йилга ортиб бораётганидан ҳам билса бўлади. Дастлабки босқич аризалар қабулидан иборат бўлди. Бир неча ой мобайнида бутун республикамиз бўйлаб аризалар қабул қилинди. Агар 2005 йили биринчи бор ўтказилган танловнинг саралаш босқичида 3 мингга яқин ёш иқтидор эгалари қатнашишган бўлса, 2006 йилда эса бу кўрсатгич 10 мингга, 2007 йил — 30 мингга, 2008 йилга келиб 54 мингдан зиёдга етди. 2009 йил 63 мингдан зиёд йигит-қизлар лойиҳада ўз билимларини синаб кўришга эришишди. 2010 йилда ариза топширганлар сони 71 024 нафарга етди.

Kelajak ovozi-2010

Танлов йўналишлари:

- «Архитектура ва дизайн» (архитектура, либослар дизайни, интерьер ва ландшафт дизайни);

- «Ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник лойиҳалар (веб-лойиҳалар, дастурлаш, техник ишлаб чиқиш ва рационализаторлик таклифлар);

- «Анъанавий санъат» (амалий санъат, фольклор, рақс);

- «Адабиёт ва журналистика» (шеърият, наср, публицистика).

Шу йилнинг 31 майидан 15 июнига қадар республикамиз буйлаб ташкил этилган вилоят саралаш босқичларида таниқли фан, маданият ва санъат соҳаси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати азолари истеъдодли ва фаол ёшларни кашф этиш жараёнида бевосита иштирок этишди.

Саралаш босқичлари бу йил нафақат вилоят, балки туман даражасида ҳам ўтказилди. Бу эса танловдаги рақобатнинг янада ошишига сабаб бўлди. Шунингдек, бу йилдан эътиборан иштирокчилар учун танлов анкетасини уйларидан чиқмай туриб, он-лайн тизимида www.molodej.uz сайти орқали тўлдириш имкониятини яратилганлиги ёшлар учун яна бир қулайлик бўлди. 6 - 15 сентябрь кунлари давомида республикамизнинг ҳар бир вилоятида ташкил этилган ғолибларни тақдирлаш маросимида 213 нафар омадли иштирокчилар номи эълон қилинди ҳамда улар танловнинг якуний финал босқичига йўлланмани қўлга киритишди.

Энг сара лойиҳа муаллифлари ўз ишлари тақдимотини кенг жамоатчилик олдида намойиш этишди. Мисол учун, Самарқанд давлат тиббиёт институти талабаси Хасан Ибрагимов томонидан “Рационализаторлик таклифлар” йўналишида тақдим этилган лойиҳа Ёшлар ижод саройига йиғилганларда катта қизиқиш уйғотти. Имконияти чекланган инсонлар оғир шароитга тушиб қолганларида тиббий ёрдам кўрсатиш жараёнини тезлашишига хизмат қилувчи лойиҳа мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланди.

Шунингдек, андижонлик Гулхаё Холматованинг сколиоз касаллигини олдини олишга қаратилган “Универсал парта” лойиҳаси ҳам жамоатчилик эътирофига сабаб бўлди. У мазкур хасталикка дучор бўлган болалар учун махсус парта конструкциясини тақдим этди. Наманганлик Жасур Шодмонов эса пахта тозалашда қўллаш мумкин бўлган, “оқ олтин” сифатини янада оширадиган янги технологик ечим таклиф этди.

...Ёшларга эътибор ва кўмак кўрсатиш келажакда ўз мевасини беради. Бугунги кунда уларни қўллаб-қувватлаш келгусида юрт равнақи учун сезиларли ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиз. Халқаро Олимпия қўмитаси номидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Малик Бобоев томонидан тақдим этилган “Спорт - ёшларнинг илҳом манбаи” мукофоти Фонд Форум саъй-ҳаракатларининг бесамар эмаслигини яна бир бор исботлади.

Тақдимот сўнгида эса соҳа мутахассисларининг фикрлари билдирилиб, лойиҳанинг авзалликлари ҳамда камчиликлари айтиб ўтилди. Шунингдек, ёшлар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди.