UZ RU
08.01.2011

МУРУВВАТ ЁРДАМЛАРИ – ХАЛҚ ХИЗМАТИДА

Кейинги пайтларда дунёнинг бир қанча давлатларида айрим юқумли касалликлар бўйича нохуш эпидемик вазиятлар юзага келаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу касалликларни республикамиз ҳудудига кириб келиши ҳамда тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, мазкур касалликларнинг олди олинишига эришилди.

Айниқса, 2010 йилда юртимизга чегарадош давлатларда болалар ўртасида полиомиелит касаллиги кўплаб қайд этилди. Республикамиз ҳудудига полиомиелит касаллигининг кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш мақсадида, мамлакатимизда 4 босқичли миллий эмлаш кунлари ўтказилди. Эмлаш тадбирлари ўтказилишида ЖССТ, БМТнинг болалар фонди ЮНИСЕФ, Туркиянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги (ТИКА) ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг ёрдами катта бўлди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, бир неча йиллардан буён халқимиз саломатлиги йўлида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туркия давлатининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик алоқалари амалга ошириб келинмоқда. Ушбу ваколатхона ёрдамида 2008 йилда 500 минг доза АКДС, 400 минг доза қизамиқ, қизилча ҳамда эпидпаротит касаллигига қарши (КПК) вакцина, 2009 йилда 600 минг доза БЦЖ, 500 минг доза вирусли гепатитнинг В турига қарши вакцина республикамизга келтирилди. Мамлакатимизда 2 ёшгача бўлган болаларни қизамиқ, қизилча, дифтерия, қоқшол, эпидпаротит, вирусли гепатит Вга қарши эмлаш ишлари 95-98 фоизга бажарилиши натижасида, мазкур касалликлар бўйича бугунги кунда эпидемик барқарорлик таъминланди. Амалга ошириб келинаётган ҳамкорлик алоқаларининг мантиқий давоми сифатида 2010 йилда ҳам Туркия давлатининг кўмаги билан 300 минг доза қизамиқ, қизилча ҳамда эпидпаротит касаллигига қарши (КПК) вакцинаси, 300 минг доза вирусли гепатитнинг В турига қарши вакцина республикамизга келтирилди ва 28 декабрь куни Республика Давлат санитария-эпидемиология марказида Туркия элчихонаси ва Тошкент шаҳридаги Туркиянинг Халқаро ҳамкорлик агентлиги ваколатхонаси вакиллари томонидан мазкур вакциналарни топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари, Республика Бош давлат санитария врачи Саидмурод Сайдалиев биз билан суҳбат чоғида қуйидагиларни гапириб ўтди:

– Таъкидлаш муҳимки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Туркия давлати ўртасидаги бундай ҳамкорлик халқимиз саломатлиги йўлида олиб борилаётган эзгу ишлардан бири бўлиб, келтирилган вакциналардан оқилона фойдаланганлигимиз боис, юқумли касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Икки давлат ўртасидаги ана шундай ўзаро ҳамжиҳатликнинг асосий мақсади халқ саломатлиги йўлида қилинаётган экан, бундай фаолиятларимизни янада давом эттиришга умид билдириб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги номидан миннатдорчилигимизни изҳор этаман. Шундан сўнг, Туркия Халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Бекир Демир:

– Туркия давлати ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик ишлари икки давлатнинг бир-бирига бўлган ҳурмат ва эътибори деб биламан. Инсон учун саломатлик бебаҳо бойлик экан, бу борадаги хизматларимизни аямаймиз. Ишонч билдираманки, ҳамкорлигимиз бардавом бўлиб бораверади, – дея ўз фикрларини билдирди.

Ҳа, икки давлат ўртасидаги ана шундай эзгу ниятли ишларнинг муваффақиятли амалга ошиб келаётганлиги, шунингдек, ҳамдўстлик ришталарининг узвийлиги келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиздир.