UZ RU
07.01.2011

2010: ФАОЛИЯТЛАР ТАҲЛИЛИ, ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази

Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази даволаш хизматини янада ривожлантириш, ички касалликлар ва инсонлар саломатлигини тиклаш бўйича кадрлар салоҳиятини, шунингдек, илмий-амалий ҳамда услубий масалаларни такомиллаштириш борасида йил давомида мақсадли вазифаларни амалга ошириб келди. Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирининг махсус буйруғи асосида бирламчи тиббиёт муассасалари фаолиятини кучайтириш, аҳолига ижтимоий-тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасида марказ ходимлари вилоятлардаги қишлоқ врачлик пунктларига бириктирилиб, у ердаги аҳоли ва тиббиёт ходимларига амалий ёрдам кўрсатдилар. Биргина Сурхондарё вилоятида 10 та намунали қишлоқ врачлик пунктини яратиш бўйича ишчи гуруҳи тузилиб, кўзланган натижаларга эришилди. Шу билан бирга, марказ томонидан Россия Федерацияси, Украина, Грузия, Марказий Осиё мамлакатлари билан тиббий кадрларни қайта тайёрлаш ва илмий-амалий тажрибалар алмашиш мақсадида халқаро муносабатлар йўлга қўйилган бўлиб, бу жараёнлар соҳа тараққиётини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Марказда ҳозирги замон талабига тўла мос келувчи тиббий асбоб-ускуналарнинг мавжудлиги тўғри ташҳис қўйиш ва беморларни даволашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Булар ўпка тизими касалликларида патологик ўзгаришларни аниқловчи спирометр, пульсоксиметр, бош мия функцияларидаги ўзгаришларни текширадиган компьютерли реэнцефалограф, электроэнцефалограф, марказий ва периферия қон томирларини аниқлаб берувчи компьютерли допплерограф, ультратовушли эхокардиограф, Холтер монитори сингари аппаратуралардан иборат. Бундан ташқари, клиник лаборатория, рентген ва эндоскопия хоналари замонавий иммунофермент, биохимия анализаторлари, бактериологик асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланган. Шу билан бирга, марказдаги ер ости шифобахш суви, физиотерапия муолажалари беморларни даволаш баробарида, саломатлик кўрсаткичлари яхшиланишида муҳим омил бўлмоқда. 2010 йилда ўтказилган инновацион ғоялар ва технологиялар ярмаркасида ҳам марказ ходимлари сунъий қуёш нури ёрдамида даволовчи махсус қурилманинг тақдимоти билан иштирок этиб, муносиб рағбатга сазовор бўлди.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти ходимлари 2010 йил давомида юқумли ва паразитар касалликларга қарши кураш бўйича кўпгина ютуқларга эришди. Институт қошида "Одам инфекцияларининг III-IV гуруҳ микроорганизмлар миллий коллекцияси" ва "Микозлар коллекцияси" ташкил этилди. Лаборатория хоналари грант лойиҳалари кўмагида ИФА учун ридар Plate screen, автоматли дозатор, кардиомонитор, миофибрилятор, полимер занжир реакцияси амплификаторлари, компьютер техникаси ва зарурий мебеллар билан тўлиқ жиҳозланди. Шунингдек, барча бўлимлар компьютерлаштирилди. Илмий, диагностик ва ташҳис қўйиш ишларига янги технологиялар жорий этилди. Ҳозирги кунда клиниканинг бактериологик лабораторияси, қабулхона, болалар ва сунъий буйрак бўлимлари капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Институт қошида 1993 йилдан бери эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар мутахассисликлари бўйича фан докторларига илмий даража бериш учун Илмий кенгаш фаолият юритмоқда. 2010 йилда клиниканинг 2 нафар ходими Жанубий Корея ва Хитой давлатларида касб малакаларини ошириб қайтдилар. Гемодиализ бўлими бир вақтнинг ўзида 60 нафар беморни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлган аппаратуралар билан жиҳозланмоқда. Шу маънода институтда 9 нафар фан доктори ва 22 нафар фан номзоди клиник ординатор ва аспирантларга устозлик қилиб келмоқда. Айни кунларда ёш олимлар томонидан 6 та амалий ва 1 та инновацион лойиҳа устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Яқинда республика эпидемиологлари, санитария врачлари ва инфекционистларининг IX Съезди бўлиб ўтди. Унда халқаро ва маҳаллий тажрибалар алмашилиб, соҳа ривожи учун муҳим бўлган янгиликлар ўзлаштирилди. Татбиқ этилаётган лойиҳалар кўлами кенгайди. Тошкент тиббиёт академияси ўқитувчилари ҳамда институт ходимлари ўзаро ҳамкорликда "Тропик касалликлар" ўқув дарслигини ишлаб чиқдилар. Шунингдек, ходимлар халқаро ҳамкорликни ривожлантирган ҳолда Россия, Санкт-Петербург каби давлатлар билан кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш борасида амалий ишларни бажариб, юксак натижаларни қўлга киритмоқда.

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази

Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт марказида 10 нафар тиббиёт фанлари доктори ва профессор, 34 нафар фан номзоди, 28 нафар юқори малакали шифокор иш олиб бормоқда. Илмий-текшириш ишларини режалаштириш ва амалга ошириш масалалари марказнинг Илмий кенгашида муҳокама қилинади. Муассаса ташкил топгандан буён 30 дан ортиқ илмий-амалий конференция, 5 та дерматовенерологлар съезди ва бир неча бор ёш дерматовенеролог олимлар илмий-амалий конференциялари ўтказилди. Республика вилоятларининг иш жойларида ўқитиш йўли билан 80 нафардан ортиқ дерматовенеролог-шифокор ва шифокор-лаборантлар тайёрлаб берилди. Шунингдек, ходимлар республикада ҳар йили ўтказиладиган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасида ўзларининг ишлари билан қатнашиб келмоқдалар. Бунинг баробарида марказ ўзининг узоқ муддатли фаолияти мобайнида Ўрта Осиё ва дунёнинг етакчи мамлакатлари билан алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлган ва ҳар йили ходимлар ушбу давлатлар томонидан таклиф этилиб ўқув-амалий машғулотларда иштирок этмоқдалар. Шу билан бирга, серологик лаборатория, жинсий йўл орқали юқувчи инфекцияларни замонавий текшириш усулида тезкор аниқлашга мослашган ИФА диагностика ва иммунологик лаборатория, умумклиник, гематологик, биохимик текширувларни, қалқонсимон без, жинсий гормонларни аниқлашга ва ҳозирги замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган клинико-диагностик лабораториялар фаолият юритмоқда. 2010 йил давомида касалликлар кўрсаткичи ўтган йилга нисбатан анча кўпайганлигини эътироф этиш жоиз. Марказ ходимлари йил давомида 7 та илмий иш, халқаро ва янги лойиҳа устида иш олиб бордилар.