МАВСУМИЙ ГРИПП: ХАВФ-ХАТАРДАН ЙИРОҚ ЭМАС
. Ушбу касалликлар ҳаво орқали умумий фойдаланиш объектлари, аҳоли гавжум жойларда янада тезроқ тарқалишига олиб келади. Шу боис, барча таълим муассасаларида касалликнинг олдини олишга қаратилган бир қатор тадбирлар амалга оширилади. Бу каби хасталиклар ҳақида аҳолини хабардор қилиш ва ундан сақланиш, хасталикка чалинган тақдирда зарурий чораларни кўриш мақсадида мутахассис огоҳлантиради. Грипп ва юқори нафас йўлларининг ўткир вирусли юқумли касалликлари кўп тарқалган хасталиклардан ҳисобланиб, тез юқиши ва оғир оқибатларга олиб келиши билан хавфлидир.
Касаллик юқори нафас йўлларининг шамоллаши билан кечиб, бемордан соғлом одамга жуда тез юқиб, эпидемия даврида у билан умумий аҳолининг 10-20 фоизи, аҳоли зич жойлашган пунктларда 40-50 фоизгача хасталаниши мумкин. Унда бадан, айниқса, бош ва оёқдан совуқ ўтиши сабаб бўлиб, асосан, А, В, С турлари касаллик чақирувчи ҳисобланади. Унинг А тури оғир кечган беморларда иммунитет пасайиши сабабли хасталикнинг бошқа турлари билан ҳам оғриши мумкин. Грипп бемордан соғлом одамга ҳаво орқали сўзлашганда, аксирганда ва йўталганда юқади. Шу сабабли ишхона, жамоат ҳамда умумий фойдаланиш жойларида касаллик юқиш хавфи юқори бўлади. Бемор бор хона қанчалик кичик ва шамоллатилмаган бўлса, хавф шунча ортади. Грипп вируслари киши нафас йўлларига кириб, 10-12 соатдан кейин касаллик белгиларини чақиради. Ўз вақтида даво тадбирлари қўлланилмаса, вируслар бутун баданга тарқалиб, сурункали касалликларни қўзғаши, юрак, мия, буйрак каби муҳим аъзоларда оғир асоратларга олиб келиши мумкин.
Гриппга ўхшаш касалликлар
Куз-қиш мавсумида гриппга ўхшаш белгилар билан кечадиган касаллик чақирувчи 100 дан ортиқ вирус турлари мавжуд. Мазкур вируслар тиббиётда реовирус, риновирус ва аденовируслар деб юритилади. Бу вируслар ҳам одамларга асосан ҳаво, баъзилари эса озиқ-овқат орқали ҳам юқиши аниқланган. Касаллик белгилари гриппга ўхшагани билан аксарият ҳолларда анча енгил кечади. Гриппдан фарқли равишда аденовируслар лимфа безларида – лимфаденит, кўзда – конъюнктивит, ҳалқумда – ангина, фарингит касалликларига олиб келади. Касалликларни даволаш тадбирлари эса гриппникига ўхшаш бўлади.
Куз-қиш мавсумида об-ҳаво шароитига мос равишда кийинмаслик оқибатида тана, айниқса, бош ва оёқдан совуқ ўтиши, ҳаммом, иссиқ душ ёки иссиқ хонадан терлаган ҳолда кўчага чиқиш, совуқ об-ҳавода узоқ қолиб кетиш шамоллашга сабаб бўлади. Танага совуқнинг узоқ ва кучли таъсири натижасида баданнинг ҳимоя воситаси сифатида нафас йўлларининг шиллиқ қаватлари ва бўшлиқларида кўп миқдорда шиллиқ тўпланади. Бу шиллиқлар грипп ва бошқа вирусларнинг кўпайиши учун шароит яратиб, касалланишга олиб келади.
Агарда оила аъзоларингизда безовталик, аксириш, йўтал, бурундан сув оқиши, кўз ёшланиши ва қизариши кузатилса, бўғим ва мушакларда оғриқ бўлиб, тана ҳарорати кўтарилса беморни дарҳол алоҳида хонага ётқизиб, участка шифокорини чақиринг.
Грипп ва унинг асоратлари:
- касалликдан сўнг беморда тез-тез терлаш, толиқиш, уйқу бузилиши, кайфият ўзгариши каби ҳолатлар бир неча ҳафта давом этиши мумкин;
- грипп вируслари билан кучли заҳарланиш оқибатида мия тўқимаси ва ўпка шишлари, инфекцион-токсик шок каби хавфли асоратлар вужудга келиши мумкин;
- кучли заҳарланиш билан кечганда юрак, қон-томирлар, ўпка, мия каби муҳим аъзолар фаолиятидаги етишмовчиликлар сабабли нафас сиқилиши, ҳаво етишмаслиги, қон аралаш балғам тупуриш, юрак уриши тезлашиши, лаб соҳаси кўкариши, қон босими пасайиши каби ҳолатлар бемор аҳволини кескин оғирлаштириши мумкин;
- грипп билан оғриган беморларда бактериялар ривожланиб, ўпкада – зотилжам, томоқда – ангина, ўрта қулоқ шамоллаши – отит касалликлари пайдо бўлиши, ўпка сили, бўғимлар артрити каби касалликларни қайта қўзғаши мумкин.
Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида қўлланиладиган
тадбирлар
Оилада:
- бемор оила аъзолардан ажратилиб, алоҳида хонага жойлаштирилади. Хона ҳарорати меъёрда бўлиши керак;
- бемор ётган хона тез-тез шамоллатиб турилади, шамоллатиш оралиқларида исириқ тутатилади;
- болалар, ҳомиладор аёллар ва қариялар иложи борича бемор ётган хонага кирмаслиги лозим;
- бемор фойдаланган сочиқ, дастрўмол ҳар куни ювиб, дазмолланиши, идиш-товоқлар қайнаган сувда зарарсизлантирилиши керак;
- касалликнинг бошланиш даври ва авжида болалар боғча ҳамда мактабга, катталарни эса иш, шунингдек, жамоат жойларига бориши тақиқланади.
Иш ва жамоат жойларида:
- ишхона, касалхона, боғча, мактаб ва ўқув юртларида ходимлар оғиз қисмига тўрт қаватли дока ниқоб тутиши, ниқоб ҳар куни ювилиб, дазмолланиши лозим;
- таълим муассасалари раҳбарлари грипп билан касалланиш аҳволидан хабардор бўлиши ва зарурат туғилганда карантин тадбирларини ўтказиши керак;
- грипп эпидемияси пайтида барча жойларда, айниқса, болалар муассасалари, йўловчи ташувчи транспортларнинг салонларида хлораминнинг 0,5 фоизли эритмаси ёрдамида зарарсизлантириш ишлари олиб борилади.
Овқатланишдаги асосий талаблар:
- танага етарли миқдорда оқсил, минерал туз, микроэлемент ва витаминлар тушишини таъминлаш. Бундай овқатланиш тананинг иммунитет тизимини мустаҳкамлаб, шамоллаш ва вирусли касалликларга чидамлиликни оширади;
- бемор суюқ, аччиқ, витаминли таомлар, пиёз ва саримсоқни кўпроқ истеъмол қилиши лозим;
- ҳар куни эрталаб ўртача катталикдаги лимоннинг ярмини сиқиб, 150-200 гр қайнатилган иссиқ сувга солинади ва унга бир чой қошиқ асал ёки шакар қўшиб ичилади. Наъматак дамламасини ҳам шу тартибда ичиш мумкин;
- асосий овқатларни шу овқатга тенг миқдордаги салатлар билан истеъмол қилишни одат қилинг. Салатларни маҳаллий шароит ва полиз маҳсулотларидан ҳар хил аралашма шаклида тайёрлаш мумкин. Салатларга укроп, петрушка, саримсоқ, пиёз қўшишни унутманг;
- мева ва полиз маҳсулотларидан тайёрланган шарбатлар, айниқса, олма, қизил сабзи, қизил лавлаги шарбатлари фойдали ҳисобланади.
Ҳар қандай шароитда ҳам турмуш тарзи кишининг соғлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилиши керак. Бу энг аввало кун ва иш меъёрига риоя қилиш, ҳаракатли машқлардан сув муолажалари билан баданни чиниқтириш, тўғри овқатланиш, зарарли одатлардан тийилишдан иборат. Тўғри ташкил қилинган иш, кун тартиби баданни чарчаш ва толиқишдан сақлайди, асаблар мустаҳкамлигини таъминлайди. Жисмоний машқлар – очиқ ҳавода юриш, югуриш, бўғинларни ҳаракатлантирувчи машқларни бажариш, спорт ва соғломлаштириш тўгаракларига қатнашиш, сув муолажаларини қўллаш тананинг касалликларга қарши курашиш қобилиятини оширади. Кашандалик, ичкиликбозлик, айниқса, гиёҳвандлик каби зарарли одатлар тананинг касалликларга қарши курашиш қобилияти – иммунитетини издан чиқариб, тез-тез касалланиш ва хасталикнинг оғир кечишига сабаб бўлади.
Грипп касаллигига қарши курашда аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш, болалар, ҳомиладор аёллар, қариялар ҳамда мазкур касалликка чалинган беморларни эмлаш тадбирларини ўтказиш муҳим ўрин тутади. Унга қарши бир қанча вакциналар мавжуд бўлиб, инсонларни касалликнинг барча турлари хавфидан ҳимоя қилади. Эмлаш касалликка чалинган беморларда грипп даражаси ва асоратлари кечишини енгиллаштириб, оғир оқибатларнинг олдини олади. Касаллик қандай бўлишидан қатъи назар, инсонлар саломатлиги ва турмуш фаровонлигига жиддий путур етказади. Шу боис, соғлигимизга бўлган масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда, қиш мавсумини эҳтиёткорлик билан ўтказайлик. Унутманг, касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал.
Халқ табобатида касалликка қарши кураш усуллари
- пиёз ёки саримсоқ шираси бурунга томизилади;
- мойчечак (ромашка) ва далачой (зверобой) дамламалари билан томоқ ғарғара қилинади;
- беҳининг ичи тозаланиб асал билан тўлдирилади ва газ печида пишириб, истеъмол қилинади;
- ўртача катталикдаги анорни ҳўл матога ўраб, газ печида бир соат қиздирилганидан сўнг шираси сиқилиб, кунига уч маҳал 30-40 граммдан ичилади;
- 2 ош қошиқ ароқ ва 1 ош қошиқ сирка аралаштирилиб баданнинг мушаклари артилади. Бу муолажани илиқ сувда ҳўлланган юмшоқ мато билан ҳам қилиш мумкин;
- беморга малинали чой, кўп миқдорда қайнатилган илиқ сув ичириш тавсия этилади.
Грипп билан оғриган беморнинг ванна қабул қилиши, ҳаммомда чўмилиши ёки бош ювиши, спиртли ичимликлар истеъмол қилиши қатъиян ман қилинади. Бу менингит, менинго-энцефалит касалликлари ва бошқа кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, шифокор рухсатисиз беморга турли хил антибиотиклар бериш ҳам мумкин эмас. Сабаби, антибиотик воситалари вирусларга таъсир қилмайди.