ЙИЛ САРҲИСОБИ: ЯНГИЛАНИШ ВА ЎЗГАРИШЛАР
Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ, ҳар бир соҳада ўзига хос ўзгариш ва янгиликлар сари қадам ташланиб, ўтган 19 йил давомида нуфузли ишлар амалга оширилиб, давлатимиз дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин олишга эришди. Бу қисқа давр ичида бундай муваффақиятлар ўз-ўзидан қўлга киритилгани йўқ. Албатта бунда Юртбошимизнинг жамият тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз равнақини янада юксалтириш йўлида олиб бораётган одилона сиёсатлари асосий мезонлардан бўлиб хизмат қилаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Эътироф этиш жоизки, ҳар йилнинг давлатимиз раҳбари томонидан муайян мақсадларга йўналтирилиб номланиши ҳар бир соҳада ютуқли натижаларга эришишда муҳим аҳамият касб этаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Дарҳақиқат, ўтган йилларда ҳам эришилган муваффақиятлар зарҳал ҳарфлар билан тарих саҳифаларидан ўрин олган бўлса, жорий йилимизда ҳам бир қанча ижобий ютуқлар қўлга киритилди десак, муболаға бўлмайди. Жумладан, барча соҳалар каби республика соғлиқни сақлаш тизимида ҳам самарали натижаларга эришилди. Айниқса, давлатимиз раҳбари Мустақиллигимизнинг 19 йиллиги ва Конституциянинг 18 йиллигига бағишланган тантанали маросимда соҳадаги туб ўзгаришлар хусусида тўхталиб, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатлик, эпидемиологик барқарорлик масалаларига, шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойидаги БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган олий даражадаги ялпи мажлисида ҳам тизимдаги ижобий кўрсаткичларга алоҳида урғу бериб ўтдилар. Соҳада бундай ютуқларга давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда барча халқаро ташкилотларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли эришиб келинмоқда. Айтиш муҳимки, тизимда "Баркамол авлод йили" Давлат дастури асосида мақсадли вазифалар амалга оширилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси янада яхшиланди. Республика тиббиёт муассасаларида йил давомида олиб борилган фаолиятларни таҳлил қилар эканмиз, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимида белгиланган вазифалар амалга оширилганлигининг гувоҳи бўлдик. Шу боис, газетамизнинг байрам сонида мазкур тиббиёт муассасаларида олиб борилаётган фаолиятларга тўхталишни жоиз деб билдик.
Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги: маълумки, республика миқёсида истиқомат қилаётган аҳолига 45 та шифохона, 242 та амбулатория-поликлиника, 183 та қишлоқ врачлик пункти, 17 та ДСЭНМ ва бошқа муассасалар, шунингдек, 3557 нафар врач, 16306 нафар ўрта тиббиёт ходими тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.
Республикада оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, туғиш ёшидаги оналарнинг репродуктив саломатлигини яхшилаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга йўналтирилган тадбирларни кучайтириш натижасида жорий йилда демографик вазиятнинг барқарорлашишига эришилди. Шу йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг фармойишлари асосида Тошкент шаҳридаги тиббиёт институтлари ва етакчи клиникаларнинг 40 нафардан зиёд малакали мутахассислари республиканинг барча туманларига хизмат сафарига юборилиб, 12 марта "Саломатлик" ҳафталиги уюштирилиб, 30157 нафар аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, Тўрткўл туманидаги "Ақдигир" ва Элликқалъанинг "Чуқурқоқ" ҚВПларига "Экосан" халқаро жамғармаси томонидан қуёш нуридан электр энергия билан таъминловчи ускуна қуриб берилгандан сўнг барча ҚВПлар тўлиқ электр энергияси билан таъминланди. 183 та ҚВПнинг барчаси "Саломатлик-1-2" лойиҳалари доирасида тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлса, барчасида фитобар, 97 тасида ижтимоий дорихона шахобчалари ишга туширилиб, 181 та ҚВПда замонавий рақамли стационар алоқа тизими йўлга қўйилди. Бундан ташқари, 14 та қишлоқ врачлик пунктида бюджет маблағлари ва ҳомийлар ҳисобидан таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди ва намунали деб танлаб олинган 20 та ҚВПни таъмирлаш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча равишда бюджетдан ташқари ва ҳомийлик маблағлари жалб қилинди. Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларига, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиали ва туманлардаги шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига, Республика кўп тармоқли тиббиёт марказларига Осиё тараққиёт ва Қувайт банклари томонидан тиббий асбоб-ускуналар, лаборатория ва ўқув хоналари учун жиҳозлар ўрнатиб берилди. Республика қон қуйиш станциясига ва ОИТС марказига ҳам янги технологиялар олиб келинди.
Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича жорий йилда 47 та тиббиёт иншоотида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, Юртбошимизнинг 2009 йил 28 октябрдаги ПҚ-1213-сонли "Ўзбекистон Республикаси 2010 йил Инвестиция дастури тўғрисида"ги Қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасида 5 та тиббиёт муассасасининг янгидан қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, Нукус шаҳридаги Республика болалар силга қарши кураш санаторийси, Республика болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Кегайли туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Халқобод шаҳарчаси шифохонаси, Мўйноқ ва Тўрткўл туман тиббиёт бирлашмаларида қурилиш ишлари тўлиқ якунланди.
Шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари таркибидаги 14 та тез ёрдам бўлими, Республика ОИТСга қарши кураш маркази лаборатория биносини таъмирлаш ишлари якунланди.
Навоий вилояти
Кейинги йилларда Навоий вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати яхшиланиб, самарали натижалар ўз ифодасини топиб, биргина жорий йилнинг ўзида қуйидаги кўрсаткичларга эришилди:
узоқ чўл ҳудудида жойлашган Томди туманида кўп тармоқли марказий поликлиника янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Вилоят қон қуйиш станцияси, Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасига қарашли шошилинч тиббий ёрдам ва туғруқхона бўлимлари қайта таъмирланди. Хатирчи туман "Янги ҳаёт" фуқаролар йиғини ҳудудидаги "Янги ҳаёт" ҚВП янгидан қурилиб, фаолият бошлади. Бундан ташқари, вилоятдаги махсус мактаб-интернатларнинг моддий-техник базаси яхшиланди. Йил давомида репродуктив ва ҳомиладор аёллар соғлигини мустаҳкамлаш, улардан туғиладиган фарзандлар орасида туғма нуқсонларнинг олдини олиш мақсадида махсус поливитамин фолат кислотаси препарати тарқатилган бўлса, камқонликнинг олдини олиш мақсадида 5 ёшгача бўлган болалар орасида темир самплементацияси лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Узоқ чўл ҳудудида яшовчи аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида саломатлик поезди томонидан дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигиена воситалари тарқатилди.
Кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича 48 нафар умумий амалиёт шифокори, 48 нафар акушер-гинеколог, 30 нафар педиатр, 22 нафар терапевт, 8 нафар ўсмирлар шифокори ва 579 нафар ҳамшира мутахассисликлари бўйича ўз малакаларини бойитдилар.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Саломатлик-2" лойиҳаси дастури асосида профилактика муассасаларининг моддий-техник базаси тубдан яхшиланди. Жумладан, Осиё тараққиёт банки кредити томонидан туғруқхоналар, Жаҳон банки кредити томонидан ҚВПлар, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиали ва бўлимларига Ислом тараққиёт ва Қувайт банклари томонидан тиббий ускуна ва жиҳозлар берилди.
Бухоро вилояти
Бухоро вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кўпгина ижобий ўзгаришлар кузатилиб, айни кунда ҳудуд аҳолисига 4 минг 201 нафар шифокор, 20 минг 262 нафар ўрта тиббиёт ходими тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Таъкидлаш муҳимки, вилоятда 468 минг 231 нафар фертил ёшидаги аёллар бўлиб, улардан 464 минг 401 нафари жорий йилда тиббий кўрикдан ўтказилди ва аниқланган касалликлар бўйича 146 минг 56 нафари стационар, 20 минг 389 нафари амбулатор шароитида даволаниб, соғломлаштирилди. Шунингдек, йил давомида "Саломатлик-2" лойиҳаси асосида вилоятдаги ҚВПлари, "Баркамол авлод йили" Давлат дастурида кўрсатилган ҳудудий поликлиникалардан айлантирилган 11 та ҚВПларига, Осиё тараққиёт банкининг "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси томонидан перинатал марказ ва туман туғруқ бўлимларига, Ислом тараққиёт банки томонидан РШТЁИМнинг Бухоро филиалига Қувайт банки томонидан 29 турдаги 265 та замонавий даволаш ва диагностик асбоб-ускуналар ўрнатилди. Республика "Соғлом авлод учун" хайрия жамғармаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вилоят "Она ва бола" скрининги марказига "Дамас" русумли автомашина ва сўнгги русумдаги замонавий ультратовуш текшируви аппарати олиб берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлиқни сақлаш бошқармасига қарашли автокорхонага "ISUZU" юк автомашинаси, Ғиждувон, Жондор, Вобкент, Бухоро туманларига 4 та "Дамас" тез ёрдам машинаси, вилоят ўсмирлар диспансерига рақамли стационар флюорограф алоҳида қурилган бинога ўрнатилди. Олот ва Жондор туманлари 1 тадан автоклав ва барча туман ҳамда шаҳар тиббиёт бирлашмалари 48 та компьютер билан таъминланди. Вилоят Сил касалликлари диспансерига "Дамас" автомашинаси берилди ва муассасага замонавий бактериологик лаборатория ускуналари ўрнатилди. Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва Ғиждувон, Вобкент, Олот туманлараро ОИТС лабораториялари тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, 37 та ҚВП таъмирланди, 43 та ҚВПда дорихона ташкил этилди. 12 та тез ёрдам шахобчаси очилди ва дори-дармон, тиббий анжомлар ҳамда реактивлар ҚВПларга тендер орқали етказиб берилди.
2010 йилда вилоят қон қуйиш маркази реконструкция қилинган бинога кўчиб, қўшимча равишда "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси томонидан асбоб-ускуналар билан жиҳозланди ва жаҳон стандартларига мувофиқ фаолият юритиб, хавфсиз қон компонентлари билан даволаш муассасаларини таъминламоқда. Декабрь ойида Когон шаҳар ва Когон туман Давлат санитария-эпидемиология марказлари учун замонавий бино қурилиши тугалланиб, фаолият кўрсата бошлади.
Хоразм вилояти
"Баркамол авлод йили" Давлат дастури бўйича халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ҳам диққатга молик фаолиятлар амалга ошириб келинмоқда.
2010 йилнинг 9 ойи мобайнида Боғот туманида 10 ўринли, Шовот туманида 20 ўринли, Қўшкўпир туманида 20 ўринли ва вилоят кўптармоқли тиббиёт марказида 10 ўринли реабилитация бўлимлари ташкил этилди, Республика урология маркази Хоразм филиалида хирургия биноси янгидан қурилди, шунингдек, Республика кардиология марказининг Хоразм филиали реконструкция қилиниб, улар аҳоли эҳтиёжлари учун фойдаланишга топширилди. Урганч шаҳридаги Вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ва Гурлан, Хива, Қўшкўпир ҳамда Боғот туманлараро ОИТСга қарши кураш лабораториялари капитал таъмирланиб, янги ускуналар билан жиҳозланди. Йил давомида вилоятда 4 та янги ҚВП ишга туширилиб, "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди.
2010 йилда вилоят Қон қуйиш ва скрининг марказлари, шунингдек, Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан вилоят ҳокимлиги томонидан Урганч тиббиёт бирлашмаси, "АКFА инвест" компанияси томонидан Қўшкўпир туман "Гулистон" ҚВПларининг ҳар бирига 1 донадан "Дамас" русумли автомашина берилди. Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси автокорхонасига "ISUZU" юк автомашинаси марказлашган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тақдим этилди. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг касб байрамида Қўшкўпир туман "Ўзбекёп" ҚВПга УЗИ аппарати тақдим этилди.
Тошкент вилояти
Республикамиздаги барча тиббиёт муассасалари қатори Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги шифо масканларида меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли халқимиз саломатлиги йўлида ўзига хос ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Жумладан, жорий йилда Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати ҳомийлигида Олмалиқ шаҳри "Кимёгар" шифохонаси биносида қайта таъмирлаш ишлари бажарилиб, фойдаланишга топширилди. 2010 йил Инвестиция дастурига кўра, 6 та муассасада (вилоят Перинатал маркази, вилоят Кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази, вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси, РШТЁИМнинг Тошкент вилоят филиали, Чирчиқ шаҳри ДСЭНМ, Тошкент туман туғруқ комплекси) таъмирлаш ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, вилоятдаги 29 та ҚВПда ҳомийларнинг маблағига 38 та тез ёрдам бўлимининг гараж, бокс ва навеслари таъмирланди. Вилоят Фтизиатрия ва пульмонология шифохонаси, Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази, Оққўрғон, Бекобод, Чиноз туманлари тиббиёт бирлашмалари, вилоят сил касаллигига қарши кураш диспансери, Оҳангарон, Юқоричирчиқ, Пискент туманларидаги 1 тадан ҚВП биноларини таъмирлаш учун вилоят ҳокимлиги томонидан маблағ ажратилиб, таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, бошқарма тизимидаги Янгийўл шаҳридаги "Кичкинтой" болалар уйининг хоналари, Қибрай туманидаги руҳий-аномал болалар уйининг ёзги айвончаси, ётоқхоналардаги ювиниш хоналари ҳомийлар томонидан тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, жиҳозланди.
Йил давомида "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида ҚВПларга замонавий асбоб-ускуналар (центрифуга, ЭКГ, ФЭК ва дезинфекция эритмаси тайёрловчи аппаратлар) олинди.
Осиё тараққиёт банки ҳамда "Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида ҳозирги кунгача вилоятдаги 20 та туғруқ муассасасига замонавий техник ускуналар берилди. КФАЭР лойиҳаси доирасида туман, шаҳар тиббий-марказий шифохоналарининг шошилинч ёрдам марказлари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди (УЗИ, ИВЛ, портатив рентген, лапороскоп аппарати, ФГДС ва бошқалар). Бундан ташқари, марказлашган ҳолда GSM стационар телефонлари ўрнатилди.
Сирдарё вилояти
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 октябрдаги ПҚ-1213-сонли "Ўзбекистон Республикаси 2010 йил Инвестиция дастури тўғрисида"ги Қарорининг ижроси юзасидан Сирдарё вилоят қон қуйиш станциясида янги бир қаватли лаборатория, ОИТСга қарши кураш марказининг икки қаватли лаборатория-диагностика, перинатал марказида хирургия блоки, 6 та туғруқ зали ва қабулхонадан иборат икки қаватли бинолари қурилиб, сентябрь-октябрь ойларида ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳудудида 3 қаватли 100 қатновга мўлжалланган маслаҳат-диагностика поликлиникаси биноси қурилди ва Янги йил арафасида тўлиқ фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, 2009 йилда "Она ва бола" скрининг маркази учун бино ажратилиб, мукаммал таъмирланди ва 2010 йил Наврўз байрами арафасида иш бошлади ҳамда Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан марказга янги "Дамас" автомашинаси берилди. Вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳудудида диагностика бўлими учун янги бино қурилди. Айни кунда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. "Саломатлик-2" лойиҳаси асосида Осиё тараққиёт ва Қувайт банклари кредити ҳисобига Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали ва унинг туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари таркибидаги ҳамда туғруқ бўлимлари, вилоят перинатал маркази замонавий тиббий жиҳозлар, яъни ультратовуш текшируви, ҳаракатдаги сунъий нафас бериш, дефибрилятор тиббий жиҳозлари, катта тўпламдаги хирургия жиҳозлари, биохимик анализатор билан таъминланди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига беморларни текшириш ва диагностика текширувига мўлжалланган замонавий компьютер томография аппарати олиб келинди, ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиб, тез кунларда фойдаланишга топширилиш арафасида.
Туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктларига "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида 93 дона фтотокаллориметрия (ФЭК) биохимик анализатор, ҳаракатланувчи муолажа столи ва бошқа тиббий жиҳозлар келтирилди.
"Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари туғруқ бўлимларига 4 дона УЗИ аппарати (вилоят Перинатал маркази, Гулистон, Ширин, Сирдарё шаҳарлари), туман тиббиёт бирлашмалари туғруқ бўлимларига ҳамда даволаш-профилактика муассасаларига тиббиёт ходимларининг узлуксиз ўқишларини таъминлаш учун 42 турдаги кўргазмали ўқув жиҳозлари ҳамда тиббий асбоб-ускуналар олиб келиниб, тарқатилди. Мазкур лойиҳа доирасида ҳар бир туғруқ муассасаси учун "VELA" сунъий нафас бериш аппарати (катталар учун), ларингеал маскалар, чақалоқлар учун "Bear Cub 750" сунъий нафас бериш аппарати, чақалоқ ва катта ёшлилар учун қўлда сунъий нафас бериш аппарати, диатермокоагулятор, туғруқ бўлимлари учун 24 хилдаги хирургия ускуналари, 10 та туғруқ муассасаси ва перинатал маркази учун тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди.
Қашқадарё вилояти
Қашқадарё вилояти аҳолисига ҳозирги кунда жами 434 та даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилда вилоят Қон марказида реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди ҳамда шифохоналарнинг қон қуйиш бўлимлари музлаткич ва совутгичлар билан таъминланди. Шунингдек, "Саломатлик-2" лойиҳаси ва Қувайт, Араб иқтисодий ривожланиш ҳамда Ислом тараққиёти банклари томонидан туғруқхоналар, лабораториялар, РШТЁИМнинг Қарши филиали, туман тиббиёт бирлашмаларининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимлари, ўқув марказлари ва қишлоқ врачлик пунктларига замонавий жиҳоз ва асбоб-ускуналар келтирилди. Вилоят ОИТСга қарши кураш марказига берилган бино қайтадан тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилди, вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказида 60 ўринли терапия бўлими, вилоят асаб-руҳий касалликлар диспансерида 80 ўринли ҳамда Ғузор туман туғруқ комплексида 50 ўринли янги бинолар қурилиб, халқимизга хизмат кўрсатмоқда. Туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш ҳамда эрта аниқлаш мақсадида вилоят "Она ва бола" скрининг марказига "Philips" компанияси томонидан ультратовуш аппарати берилди. Яккабоғ, Ғузор, Нишон, Касби, Қамаши, Қарши туман тиббиёт бирлашмаларига қарашли шошилинч тиббий ёрдам бўлимларига 6 та "Дамас" автомашинаси тақдим этилди.
Йил давомида вилоятдаги 723 минг 235 нафар туғруқ ёшидаги аёлнинг 716 минг 223 нафари малакали тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўрик натижасида 469 минг 387 нафар аёлда экстрагенитал касалликлар борлиги аниқланди. Мазкур аёлларнинг 339 минг 216 нафари соғломлаштирилди.
Вазирликнинг фармойишига асосан, барча тиббиёт муассасаларида 12 марта "Фертил ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги" ўтказилди. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали, вилоят даволаш-профилактика муассасалари, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари, вилоят "Она ва бола" скрининг маркази, туман саломатлик марказларининг тиббиёт ходимлари томонидан 2010 йил давомида аҳоли ўртасида соғлом оила ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари бўйича жами 85412 та тадбир, жумладан, 25314 та маъруза, 56977 та суҳбат, 2132 та давра суҳбати ўтказилган. Оммавий ахборот воситалари орқали вилоят, шаҳар телевидениесида 461 марта телекўрсатув, вилоят радиоси ва бозор радиоузеллари орқали 329 марта суҳбат эфирга узатилди. Газета ва журналларда 246 та мақола босилди. Аҳоли соғлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг соғликларига бўлган эътиборини кучайтириш мақсадида вилоят миқёсида тиббиёт ходимлари томонидан тарғибот ва ташвиқот ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.
Сурхондарё вилояти
Жорий йилда вилоят соғлиқни сақлаш тизимидаги соғлиқни сақлаш муассасалари фаолияти учун давлат бюджетидан пул маблағи ажратилди ва ушбу маблағлардан оқилона фойдаланган ҳолда кўплаб тиббиёт муассасалари таъмирдан чиқарилиб, айримлари янгидан бунёд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 276-сонли "Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан, даволаш-профилактика муассасаларида ташкил этилган моддий рағбатлантириш ва моддий-техник базани ривожлантириш жамғармаларига йўналтирилди. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сурхондарё филиалига компьютер томограф ўрнатиш учун хоналар, вилоят онкология диспансери, вилоят болалар сил касалликлари санаторийси, вилоят ОИТСга қарши кураш маркази биноларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Мамлакатимиз раҳбарининг 2009 йил 21 майдаги "Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги ПҚ-1114-сонли Қарори асосида жорий йилнинг 27 май куни вилоят тез тиббий ёрдам хизматига 6 та "HYUNDAI" ҳамда 26 та "Дамас" санитар автомашиналари берилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буғруғига асосан, Терапия ва тиббий реабилитация илмий маркази Термиз филиали, вилоят "Жайронхона" шифохонаси, Денов ва Бойсун туман тиббиёт бирлашмаларида фитобарлар ташкил этилиб, фаолият кўрсатиб келмоқда.