Тизимдаги фаолиятлар сарҳисоби
Жорий йилнинг 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов кириш сўзи билан очиб, йил давомида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган самарали натижалар хусусида ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, Юртбошимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Сенатининг қўшма мажлисидаги "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" маърузасида таъкидлаб ўтилган асосий йўналишларга алоҳида урғу бериб, унинг замирида инсон ва унинг манфаатлари учун муҳим мақсадлар мужассам эканлигига, бунинг баробарида эса Конституциямизнинг 18 йиллик тантанали маросимида ҳам давлатимиз раҳбарининг тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишларга, жумладан, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, юртимиздаги диагностика, скрининг, перинатал марказлари, янги туғруқ мажмуалари бунёд этилиши ва уларнинг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланганлиги, янги технологиялар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари, ихтисослаштирилган марказлардаги фаолиятлар ҳамда кадрлар салоҳиятига қарата айтган эътирофли фикрлари хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, вазир шу йилнинг 17 декaбрь куни Xaлқ депутaтлaри Сaмaрқaнд вилoят Kенгaшининг нaвбaтдaн тaшқaри сессиясида Президентимизнинг мазкур вилоятда эришилган ютуқлар билан қатор камчилик ва муаммоларга алоҳида тўхталиб ўтганликларига ҳам алоҳида урғу бериб, ушбу ҳолатлардан ҳар бир раҳбар ўзига тегишли хулосаларни чиқариб олиши ва мукаммал фаолият олиб боришини таъкидлади. Йиғилиш давомида иштирокчиларга Юртбошимизнинг 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Сенатининг қўшма мажлисидаги "Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси" мавзусида ҳамда Конституциямизнинг 18 йиллик тантанали маросимида сўзлаган маърузалари видеолавҳаларда намойиш этилди.
Сўнгра, республикамизда соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида меҳнатни муҳофаза қилиш ва ёнғинга қарши курашиш ишларининг ҳолати бўйича Ички ишлар вазирлигининг ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор Даврон Қурбонов сўзга чиқиб, соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида йил давомида юз берган ёнғинлар тўғрисида батафсил тўхталиб, бундай ҳолатларнинг олдини олишда ҳар бир фуқаро масъул бўлиши лозимлигини таъкидлади ва ушбу жараён бўйича видеолавҳалар қатнашчилар эътиборига ҳавола қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов жорий йилда тиббиёт муассасаларида ўтказилган ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, мазкур жараёнда олиб борилган фаолиятлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда бир қанча вилоятларда самарали амалга оширилганлигини айтиб ўтди.
Кун тартибида ижро интизоми, сервис хизмат, фуқаролар мурожаати, тез тиббий ёрдам хизмати, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, бирламчи тизим фаолияти, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, маблағлардан тўғри фойдаланиш, шунингдек, 2011 йил Инвестиция дастури масалалари бўйича асосий масалалар кўрилди ва маърузачилар томонидан фикр-мулоҳазалар айтиб ўтилди.
Соғлиқни сақлаш вазири А. Икромов 2011 йилни Юртбошимиз ташаббуслари билан "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб номланиши келажаги буюк давлатимизнинг равнақи янада баланд ҳамда дастурхонимиз тўкин, қут-баракали, осмонимиз мусаффо, шунингдек, юртимиз тинч ва осойишталигини таъминлашда асосий пойдевор бўлишини айтиб, иштирокчиларни Янги йил байрами билан қизғин қутлади.
Йиғилиш сўнгида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.