UZ RU
08.01.2011

ЙИЛ САРҲИСОБИ: МУВАФФАҚИЯТ ВА НАТИЖАЛАР

Халқимизда ўтаётган йилни сарҳисоб, фаолиятларни танқидий ва ижобий нуқтаи назардан таҳлил қилиш, эришилган муваффақият ва камчиликларни ўрганиш, бу борада мақсадли режалар тузиб, келгуси йил учун мусатҳкам пойдевор тайёрлаш яхши анъанага айланган. Ҳар йилнинг ўзига хос номда аталиши ҳамда унинг замирида давлатимиз тараққиёти ва ривожланишининг муҳим асоси уйғун ётганлигини соғлиқни сақлаш тизими йўналишидаги кўпгина амалий фаолиятлар негизида ҳам кузатишимиз мумкин. Мазкур йўналишда газетамиз саҳифаларида йилнинг энг муҳим воқеалари ва янгиликлари чоп этиб келинди. Шу маънода эътиборингизга ушбу тадбирларнинг қисқача мазмун-моҳиятини ҳавола этамиз.

1. Йил бошида муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан пойтахтимизда "Ватанга қасамёд" ҳайкалининг бунёд этилиши ва бунинг замирида халқимиз ҳаётининг унутилмас кунлари, Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат, она заминга бўлган чексиз ҳурмат ифодаси акс этганлигини фахр-ифтихор билан тилга олиш жоиз. Ушбу монумент 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан барпо этилди.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузаси эълон қилинди. Жумладан, маърузада аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилиб, соҳада тиббий хизмат янада яхшиланганлиги, биринчи навбатда врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш ҳисобидан аҳолини тиббий хизмат кўрсатиш билан қамраб олиш даражаси кенгайгани, ўткир юқумли ва вирусли касалликларга қарши кураш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳамда кенг кўламли ислоҳотлар сарҳисоб қилиниб, таҳлил этилди.

3. Анъанага мувофиқ, ҳар йили Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинади. Жорий йилнинг 10 март куни Оқсарой қароргоҳида давлатимиз раҳбари ушбу кенгашнинг навбатдаги йиғилишини ташкил қилиб, асосий эътиборни баркамол авлодни шакллантириш, уларни соғлом ва маънан камол топишини таъминлаш ҳамда болалар спорт мажмуаларини қуриш орқали кенг имкониятлар эшигини очиш, "Соғлом она – соғлом бола" дастурини ҳаётга татбиқ этиш ишларига қаратди.

4. 24 март – Бутунжаҳон силга қарши курашиш куни муносабати билан жойларда кўпгина амалий тадбирлар уюштирилиб, мутахассислар иштирокида долзарб мавзудаги материаллар эълон қилинди. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимлари билан силга қарши курашишнинг янги йўналишларига бағишланган суҳбат чоп этилди.

5. Хабарингиз бор, 7 апрель – Саломатлик куни олдидан Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икромов билан тизимда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга доир қарорлар ижросини таъминлаш бўйича суҳбат уюштирилган. Унда асосий эътибор аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятини ривожлантириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳамда бу йўналишда амалга оширилаётган ишларга қаратилган.

Шунингдек, ушбу санага бағишлаб Андижон вилоятида "Саломатлик сайли" ташкил этилди. Мазкур сайилда барча ёшдаги аҳоли фаол қатнашиб, вилоятдаги мавжуд тиббиёт муассасалари фаолияти, тажрибалари, аҳолига кўрсатилаётган хизмат турлари билан яқиндан танишиб, шифокор кўриги ва маслаҳатларидан унумли фойдаландилар.

6. Жорий йилнинг 22 апрелида Республика она ва бола скрининг маркази ходимлари томонидан "Ирсий ва туғма касалликлар билан туғилган болалар саломатлигини муҳофаза қилиш" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

7. Республикамизда илк маротаба 4 раунддан иборат полиомиелитга қарши эмлаш ҳафталиги оммавий тарзда ўтказилди. Унда 15 ёшгача бўлган болалар кенг қамраб олинди. Мазкур тадбир доирасида аҳоли орасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди.

8. Республикамизда анъанага мувофиқ 12 май – Халқаро ҳамширалар куни сифатида кенг нишонланди. Шу муносабат билан "Ҳамширалар томонидан кўрсатилаётган сифатли тиббий ёрдам – сурункали касалликларни даволашнинг асосидир" шиори остида жойларда амалий тадбирлар, давра суҳбатлари ва байрамлар ўтказилди. Жумладан, ҳамширалар фаолияти бўйича соғлиқни сақлаш вазирлигининг "Ҳамширалик иши" бўйича бош мутахассиси Р. Салиходжаева билан суҳбат олиб борилган.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлининг сайёр ҳайъат йиғилиши жорий йилнинг май-август ойларида Жиззах ҳамда Наманган вилоятларида ўтказилди. Унда тизимдаги амалий ишлар сарҳисоб қилиниши билан бирга, вилоят даволаш-профилактика муассасаларидаги жараёнлар, соҳадаги мавжуд муаммо ва камчиликлар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

10. Соғлиқни сақлаш вазирлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрам сифатида кенг нишонланди. Тадбирда бир неча йиллар тиббиёт тизимида самарали фаолият юритиб, шогирдларга устозлик қилаётган соҳа фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.

11. Июнь ойида "Ҳамшира" кўрик-танловининг республика босқичи Самарқанд вилоятида ўтказилди. Танловда бир-биридан чаққон, истеъдодли ҳамширалар ўзаро беллашиб, ғолиблик шоҳсупаси сари интилдилар. Адолатли ҳайъат аъзоларининг тақдим этган натижаларига кўра, биринчи ўрин Самарқанд, иккинчи ўрин Андижон ва учинчи ўрин Қорақалпоғистон Республикаси ҳамширасига насиб этди.

12. 11 август куни мамлакатимизга Миср Араб Республикасининг Ташқи ишлар вазири ўринбосари ва барча тармоқ фаолиятига оид делегация ташриф буюрди. Ижтимоий ва ташқи алоқалар доирасида делегация аъзолари Соғлиқни сақлаш вазири А. Икромов билан учрашди.

13. Америка Қўшма Штатларида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадлари бўйича Саммити сентябрь ойининг муҳим воқеаларидан бири десак, хато қилмаган бўламиз. Унда давлатимиз раҳбарининг иштироки ва сўзлаган нутқи халқаро миқёсда қўллаб-қувватланди. Эътирофлиси шундаки, Ўзбекистон 1992 йилда расмий равишда БМТга аъзо бўлган эди. Ўтган даврда тинчлик ва барқарорликка таҳдид солувчи хавф-хатарларга қарши курашиш, экологик муаммоларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасида Ўзбекистон БМТ билан изчил ҳамкорлик қилиб келади. Жорий йилнинг апрель ойида БМТнинг амалдаги янги котиби Пан Ги Мун мамлакатимизга ташриф буюрди. Ушбу ташриф асносида БМТ Бош котиби илк бор Оролбўйида бўлиб, у ердаги бутун дунёга таъсир кўрсатаётган экологик вазият билан бевосита танишди. Бу Марказий Осиёдаги глобал экологик муаммога жаҳон ҳамжамияти эътиборини янада кучайтиришда муҳим омил бўлди.

Президент Ислом Каримов Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишда атроф-муҳит муҳофазаси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Сўнгги қирқ йилда Орол денгизининг майдони 7 баробар, сувининг ҳажми 13 марта камайди. Оролбўйи минтақаси Амударё ва Сирдарё ҳисобига сув билан таъминланиши инобатга олинса, улардаги оқимнинг камайтирилиши шусиз ҳам мураккаб аҳволдаги экологик барқарорликка зиён етказади. Бу масала айни кунда жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортаётган энг долзарб ва жиддий кўринишдаги муаммодир. Давлатимиз раҳбари илгари сурган таклиф ва ташаббуслар БМТ Бош Ассамблеясининг олий даражадаги мажлис иштирокчилари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди.

14. Мустақилликнинг 19 йиллиги арафасида Президентимиз томонидан бир гуруҳ тиббиёт ходимлари давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.

15. Жорий йилнинг 16-17 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғинининг дастлабки 10 йиллик ривожи" мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда бирламчи тиббиёт тизимида бошланган фаолиятлар бугунги кунда ўз маҳсулини бераётганлиги ва бундай эзгу ниятлар замирида инсон саломатлиги бош омил эканлиги ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошганлиги, бунинг баробарида эса, узлуксиз таълим жараёнларининг давом этаётганлигига асосий эътибор қаратилди.

16. Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси "Тиббиёт ходимлари куни" сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан соғлиқни сақлаш тизими ходимларидан бир гуруҳи "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Бўлиб ўтган байрам тадбири тиббиёт ходимлари фаолиятида ўзига хос мазмун-моҳият ва эътибор касб этади.

17. Глобал муаммо тусини олаётган ва дунё аҳолиси ташвишига сабаб бўлаётган ОИТС касаллигидан ҳар йили миллионлаб инсонлар азият чекмоқда. Ушбу масала давлатимиз томонидан ҳам алоҳида эътиборга олинган. Шу нуқтаи назардан қараганда юртимиз олимлари ва соҳа мутахассислари 1 декабрни ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонлайдилар. Ушбу сана олдидан Республика ОИТСга қарши кураш маркази томонидан халқаро конференция ўтказилди.

18. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 18 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маросимда сўзлаган маърузасида 2011 йилни "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб эълон қилди.

Давлатимиз ва халқимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги позициясини мустаҳкамлашда асосий ўрин тутадиган Конституция ягона мақсадга – инсон манфаатлари ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоялашга хизмат қилади. Унинг Бош қомус сифатидаги аҳамиятини барчамиз соҳалар ривожи ва қўлга киритилаётган ютуқлар мисолида янада теранроқ англаб етамиз. Бу борада Юртбошимиз бошчилигида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар босқичма-босқич тамойилга асосланмоқда. Муҳтарам Президентимиз ўз маърузасида ўтган йилларда қилинган кенг қамровли ишларга тўхталар экан, хусусан, мамлакатни модернизация қилиш ва демократлаштириш бўйича бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш, Концепцияда белгилаб берилган, аниқ мақсадга қаратилган йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни амалга оширишнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш ҳамда босқичма-босқич жорий этишга асосий эътиборни қаратди. Жумладан, маърузада оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, вилоятларда замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган диагностика, скрининг ва перинатал марказлари, янги туғруқ мажмуалари барпо этиш ишларига давлат бюджетидан кўплаб маблағлар ажратилганлиги, ҳар ойда мунтазам равишда "Туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни соғломлаштириш ҳафталиги"ни ташкил этиш натижасида туғруқ ёшидаги 7 миллион 800 минг аёл ва 14 ёшгача бўлган 8 миллион 500 минг бола тиббий кўрикдан ўтказилганлиги қайд этилди. Мазкур йўналишдаги фаолиятларни янада ривожлантириш мақсадида 12 мингдан ортиқ патронаж ҳамшира, 8 мингдан зиёд педиатр, неонатолог, акушер ҳамда тиббиёт ҳамшираси хотин-қизлар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш бўйича янги технологиялар асосида таълим олиб, ўз малакаларини оширганликлари ижобий натижаларни бермоқда. Ундан ташқари, мамлакатда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, юқумли касалликларга қарши курашда ички вазият мустаҳкамлигини ошириш, полиомиелитга қарши оммавий эмлаш ҳафталиги ва шу каби узлуксиз профилактик чора-тадбирлар кўлами янада кенгайганлиги эътироф этилди.

Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Демак, доимий изланиш, янгиликлар сари интилиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи ва масъулиятидир. Мана, 2011 йил ҳам эшик қоқмоқда. Мазкур йилда бошлаган эзгу ва хайрли ишларимизни давом эттириб, муваффақият ҳамда самарали натижалар сари олға қадам ташлашимиз лозимлигини бугунги давр тақозо этади.