МАСЪУЛИЯТГА ЖИДДИЙ ЁНДОШИБ
Хоразм вилояти Янгиариқ туманидаги Аваз Ўтар номли қишлоқ врачлик пунктида бўлганимизда, мазкур муассасада фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларининг иш жараёнлари билан танишар эканмиз, уларнинг муомала-маданияти, касбий маҳорати ва билимга чанқоқлиги бизни бефарқ қолдирмади. Бежиримгина қишлоқ врачлик пунктининг ички ва ташқи кўриниши, хоналардаги тиббий асбоб-ускуналарнинг дид билан жойлаштирилганлиги у ердаги фаолиятлар самарали олиб борилаётганлигидан далолат бериб турибди.
11102 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари билан суҳбатда бўлиб, халқимиз саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлаган жамоа ходимлари Юртбошимиз томонидан ўтган йили соҳага оид қабул қилинган "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096 ҳамда "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши, жисмоний ва маънавий авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги 1144-сонли Қарорларнинг амалдаги ижроси бўйича олиб борилган ишларини кузатганимизда фертил ёшидаги аёлларнинг деярли 100 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, шунингдек, уларнинг айримлари контрацепция воситалари билан қамраб олинганлигига гувоҳ бўлдик. Бундан ташқари, аҳоли орасида патронаж ҳамшираларнинг олиб борган ташвиқот ишлари туфайли буқоқ, анемия, қон босими ва ижтимоий ҳамда юқумли касалликларнинг олди олинганлигига оилалар билан бўлган суҳбат чоғида яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. ҚВП "Саломатлик-2" лойиҳаси бўйича тўлиқ жиҳозланган бўлиб, замонавий тиббий асбоб-ускуналардан ўқув курсларида таҳсил олиб қайтган шифокор ва ҳамширалар оқилона фойдаланаётганлигини амалдаги фаолиятларда кўрдик. ҚВП ходимларидан Ш. Хўжаева, М. Матчонова, С. Абдушарипова, М. Саидовалар билан суҳбатда бўлганимизда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик-2" ҳамда "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳалари, Республика ихтисослаштирилган Урология маркази раҳбариятидан мамнун эканликларини айтиб ўтдилар.
Халқимиз саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган ана шундай фидойи тиббиёт ходимлари ишига омадлар тилаб қоламиз.