UZ RU
08.01.2011

МЕҲНАТЛАР ОРТИДАГИ ЮТУҚЛАР

Фахр билан айтиш муҳимки, кейинги йилларда республика соғлиқни сақлаш тизимида ижобий ишлар самараси боис, соҳадаги ютуқлар кўплаб халқаро эксперт ва мутахассислар томонидан эътироф этилмоқда. Айниқса, Юртбошимизнинг аҳоли саломатлигига қаратган эътиборлари, шунингдек, соҳани янада такомиллаштириш борасида чиқараётган Фармон ва Қарорларининг ижроси амалда ўз ифодасини топиб, тизимда ютуқли натижаларга эришилмоқда.

Мамнуният билан тилга олиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Юртбошимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган ишларга, жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, шунингдек, пойтахтимиз ва вилоятларимиздаги диагностика, скрининг, перинатал марказлари, янги туғруқ мажмуалари бунёд этилиши ва уларнинг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланганлиги, мамлакатимиз ҳудудларидаги янги технологиялар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари ҳамда ихтисослаштирилган марказлардаги фаолиятларга алоҳида урғу бериб ўтдилар. Ишдаги самарали ютуқлар кадрлар салоҳиятига боғлиқ бўлиб, бу борада ўн икки мингдан ортиқ патронаж ҳамширалари, саккиз мингдан зиёд педиатр, неонатолог, акушер-гинекологлар узлуксиз таълим асосида таҳсил олиб, янги технологияларда ишлаш бўйича ўз малакаларини бойитганликлари ҳамда санитария-эпидемиология йўналишидаги фаолиятларнинг ҳам муваффақиятли амалга оширилаётганлигини ўз фикрларида баён этдилар. Тиббиёт тизимида ана шундай муваффақиятларга эришишда мазкур соҳада меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳамда ҳамкорликда фаолият олиб бораётган барча ташкилотларнинг ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш муҳим. Давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатлари билан босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни шаклланиб, фаолиятлар ривожи йилдан-йилга янада ошиб бормоқда. Шу жумладан, тизимдаги бирламчи бўғинда амалга оширилаётган ишлар бундан мустасно эмас. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик 1-2" ҳамда "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаларининг аҳоли саломатлиги йўлидаги ҳамкорликлари халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда республика бўйича 3176 та замон талаблари даражасидаги ҳамда янги технологиялар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига хизмат қилиб келмоқда. "Саломатлик1-2" лойиҳаси бўйича ҚВПлардаги умумий амалиёт шифокорлари лойиҳа доирасидаги ўн ойлик ўқув курсларида таҳсил олиб келмоқдалар. "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида эса патронаж ҳамширалар ўқитилиб, назарий ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқдалар. Таҳририят 10 йилдирки, мазкур лойиҳалар билан биргаликда иш олиб бормоқда. Ижодий жамоа бу жараёнда республика вилоятларида бўлиб, қишлоқ врачлик пунктлари, гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтига қарашли қон марказлари, перинатал марказ ҳамда туғруқ мажмуалари йиллар давомида амалга оширган фаолиятларни газета саҳифаларида мунтазам ёритиб келди.

Президентимиз томонидан кириб келаётган янги йилимизни "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" деб номланиши келажаги буюк давлатимизнинг равнақи янада баланд ҳамда дастурхонимиз тўкин-сочин, қут-баракали, осмонимиз мусаффо, шунингдек, юртимиз тинч ва осойишталигида асосий пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир. Шундай экан, келаётган йилимиз ҳар бир тиббиёт ходими олдига ҳам улкан вазифаларни юклайди. Қачонки, инсон саломат бўлсагина, жамиятимиз тараққиёти ривожланиб, эзгу мақсадларимиз сари олиб бораётган ишларимиз самарали натижалар беради. Яна шуниси аҳамиятлики, тиббий ислоҳотлар кўламини кенгайтириш ва ривожлантиришда амалиётга жорий этилаётган "Саломатлик-3" лойиҳаси 2011 йилда кенг қамровли фаолият йўналишларини давом эттириб, халқимиз саломатлигини яхшилаш йўлида юқори кўрсаткичларни беради, деб ишонч билдириш мумкин. Шунингдек, аҳоли бу имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз масъулиятини ошириб, олиб борилаётган ижтимоий-тиббий жараёнларда фаол қатнашишни эзгу мақсад деб билади. Таҳририят жамоаси ҳам келгуси йилларда лойиҳа билан ҳамкорликда белгилаб олинган устувор вазифалар самарали ва узлуксиз давом этишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.