UZ RU
29.11.2010

ЭНДОКРИНОЛОГИЯНИНГ ДОЛЗАРБ МАСАЛАЛАРИ

Ўзбекистон Фанлар академиясида эндокринологиянинг долзарб масалаларига бағишланган ёш олимлар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри эндокринология марказларининг бош мутахассислари, тадқиқотчилар, профессор-ўқитувчилар, шифокорлар иштирок этди.
Анжуманда Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, шифо масканларини энг замонавий ташхис ускуналари, тиббий жиҳозлар билан таъминлаш, юртимиз миқёсида жаҳон тиббиётининг илғор янгиликларини кенг татбиқ этиш борасида кўламли ишлар қилинмоқда. Хусусан, республикамизда қандли диабет хасталигининг олдини олиш, ушбу касалликка ўз вақтида аниқ ташхис қўйиш, уни самарали даволаш борасида муайян ютуқларга эришилаётир. Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган Эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида олиб борилаётган изланишлар, интилувчан ёшлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, шунингдек, бир қатор ривожланган давлатларнинг етакчи мутахассислари билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилгани эътирофга сазовор.
Анжуманда Лондон Қироллик университети профессори Эшли Гроссман, Лондон Миллий госпиталининг нейрохирургия бўйича катта маслаҳатчиси, профессор Майкл Пауэлл ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорлик натижалари, нейроэндокрин тизим ўсмаларининг йўналтирилган терапияси, кушинг касаллигининг хирургик давоси юзасидан илмий маърузалари билан чиқиш қилдилар.
— Саккиз йилдан буён ўзбекистонлик ҳамкасблар билан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз, — дейди профессор Майкл Пауэлл. — Шуни мамнуният билан қайд этишни истардимки, мамлакатингиз тиббиёт соҳасида амалга оширилган ишлар залворлидир. Негаки, бугун бу ерда энг мураккаб жарроҳлик усулларини қўллаш учун имконият ҳам, шароит ҳам, мутахассислар малакаси ҳам етарли.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Акбарова иштирок этди.
Мавжуда ХОЛМАТОВА