UZ RU
06.11.2010

Болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга замонавий ёндашув

Пойтахтимизда “Болаларга тиббий ёрдам кўрсатишга замонавий ёндашув” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатаётган педиатр мутахассислар, ёш шифокорлар, олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Анжуманда болаларнинг саломатлик ҳолати, ўткир ва сурункали хасталикларни ташхислаш ҳамда даволашнинг янги технологияларидан самарали фойдаланиш масалаларига асосий эътибор қаратилди.

— Бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳаётга татбиқ этилаётган мақсадли дастурлар ўз самарасини бермоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари Камола Салиҳова. — Хусусан, туғиш ёшидаги аёллар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш тизимини янада яхшилашга эришилганлиги, неонатология, кардиология соҳаларида ва кўплаб юқумли касалликларни даволашда қўлга киритилаётган ютуқлар бунинг исботидир. Бугунги анжуман ҳам ана шундай ижобий натижалар, тизимдаги янгиликларни жойлардаги мутахассислар ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида ўтказилмоқда. Бундан ташқари, анжуман доирасида болалардаги ўткир юқумли ва сурункали касалликларнинг олдини олишга доир масалалар ҳам муҳокама қилинади.

Тадбир доирасида педиатрия йўналишида илмий тадқиқот олиб бораётган ёш олимлар республика кўрик-танлови ҳам ўтказилди. Ғолиб ва совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Муборак ОХУНОВА