UZ RU
06.11.2010

Замонавий тиббиёт ютуқларига бағишланди

Пойтахтимизда дастлабки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган илмий-амалий анжуман ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда юртимиз шифокорлари билан бир қаторда Франция, Россия, Италия ва АҚШ давлатларидан ҳам мутахассислар иштирок этди.

Анжуманда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимидаги изчил ислоҳотлар ва уларнинг ижобий самараси алоҳида эътироф этилди. Унда таъкидланганидек, бугунги кунда юртимиз тиббиёти ривожига қаратилаётган юксак эътибор эл соғлиғи муҳофазаси, оналар ҳамда болалар саломатлигини асраш, соғлом ва баркамол авлодни камол топтиришдек эзгу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда. Жойларда замонавий шифо масканлари бунёд этилиб, уларнинг энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозлар билан таъминланганлиги хасталикка ташхис қўйиш ва даво муолажаларини қўллашда муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ, республикада шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг янгича, ўзига хос тизими шакллантирилди. Айни пайтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ҳамда унинг жойлардаги ҳудудий филиаллари қошида аҳолига малакали тез тиббий ёрдам кўрсатувчи бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Президентимизнинг 2009 йил 21 майдаги “Тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизими фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори тизимда юзага келган муаммоларни бартараф этиш ва соҳада хизмат кўрсатиш сифатини янада такомиллаштиришда муҳим омил бўлди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда белгиланган вазифаларга мувофиқ, бугунги кунда шошилинч тиббий ёрдам тизимининг транспорт паркини бойитиш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, марказлаштирилган “03” хизматидан фойдаланиш учун 110 та “Хюндай” русумли, 300 тадан ортиқ “Дамас амбуланс” автомашиналари берилганлиги ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар сирасидандир.

— Мамлакатингизда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимининг ўзига хос модели мавжуд эканлиги ибратлидир, — дейди анжуман иштирокчиси, Франциянинг “HE.CO STOP” компанияси директори, жаноб Рене Жамбон. — Биз эл саломатлигини асраш йўлида эзгу ислоҳотлар амалга оширилаётган Ўзбекистондек юрт билан ҳамкорлик қилаётганимиздан бениҳоя хурсандмиз. Гап шундаки, компаниямиз ўтган йилдан эътиборан Тошкентда фаолият бошлади. Биз корхона ва ташкилотларнинг тиббий пунктларида қўлланиладиган асбоб-ускуналар, шунингдек, табиий ва техноген ҳодисалар юз берганда шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган тиббий жиҳозлар ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз мижозларга манзур бўлмоқда. Бугунги анжуманда ҳам ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлашдан умидимиз катта.

Анжуманда шифохонагача бўлган босқичдаги шошилинч тиббий ёрдам усуллари, ушбу йўналишдаги янгиликлар ва замонавий услубларга доир илмий маърузалар тингланди. Хусусан, тадбирда сўзга чиққан мутахассислар шифо масканига етиб боргунга қадар рўй берадиган нохуш ҳолатларнинг аксарияти йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқлигини алоҳида қайд этишди. Маърузачилар томонидан йўл ҳодисаси туфайли юз берган кўнгилсизликни бартараф этишда зудлик билан амалга оширилиши лозим бўлган тиббий-ташкилий ишлар юзасидан таклифлар билдирилди.