UZ RU
06.11.2010

Кардиолог мутахассислар анжумани

Пойтахтимизда Ўзбекистон Кардиологлари уюшмасининг VI съезди ўз ишини бошлади. Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Кардиологлар уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиз олимлари, шифокорлари билан бир қаторда Ҳиндистон, Россия, Украина, Қозоғистон, Латвия давлатларидан соҳа мутахассислари қатнашди.

Анжуманнинг очилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда эл саломатлиги муҳофазасига йўналтирилган изчил ислоҳотлар бугун ижобий самара бермоқда. Тиббиётимиз ривожи йўлида амалга оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ҳозирда нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки юртимизнинг энг олис қишлоқ жойларида ҳам жаҳон андозалари даражасидаги шифо муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Шу жумладан, бугун кардиология соҳаси ривожига қаратилаётган эътибор сабаб, юрак хасталиклари билан боғлиқ оғир асоратларнинг олдини олишга, аҳоли орасида тиббий маданият даражасини юксалтиришга муваффақ бўлинаётир. Энг муҳими, тизимда тиббий хизмат кўрсатиш сифат жиҳатидан тобора такомиллашиб бормоқда, ихтисослаштирилган илмий-амалий марказларда авваллари мутлақо имкони бўлмаган мураккаб жарроҳлик усуллари муваффақиятли қўлланилмоқда. Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ва унинг жойлардаги филиал ҳамда диспансерлари энг сўнгги ташхис-даволаш ускуналари билан жиҳозланиб, бирламчи тиббиёт муассасалари, шунингдек, шифохоналар қошида махсус кардиология хоналари ташкил этилганлиги беморга ўз вақтида аниқ ташхис қўйиш имконини бераётир.

— Юрак хуружи шундай хасталикки, у аксарият ҳолларда тўсатдан юз беради ва бу инсон ҳаёти учун катта хавф туғдиради, — дейди Россия Кардиологлар уюшмаси раиси, академик Анатолий Мартинов. — Шу боис юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш фақатгина тиббиёт ходимларининг эмас, ҳар бир оила, ҳар бир кишининг муаммосидир. Ўзбекистонда юрак хасталикларини дори-дармон билан даволашнинг самарали услублари қўлланилиши билан бирга жамоатчилик орасида соғлом турмуш тарзига амал қилишни кенг тарғиб қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таҳсинга лойиқ. Негаки, мамлакатингизда аҳоли, айниқса, ёшлар юрак-қон томир касалликлари келиб чиқишининг асосий омили бўлмиш чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, ортиқча вазн тўплаш, меъёридан ортиқ жисмоний толиқиш каби иллатларга йўл қўймаслик борасида етарли тушунчага эга эканликлари бу борадаги муаммоларнинг камайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Икки кун давом этиши кўзда тутилган тиббиёт съездида юрак-қон томир касалликларини даволашдаги янги йўналишлар, хасталик асоратларининг олдини олиш, кардиолог мутахассис ва умумий амалиёт шифокори фаолиятидаги замонавий усуллар, сурункали юрак касалликларини даволашда янгича самарадор усулларни қўллаш каби мавзулар юзасидан илмий маърузалар тингланади. Шунингдек, анжуман доирасида ёш олимлар танлови ҳамда ҳудудлардаги мутахассислар билан он-лайн тизим орқали савол-жавоб ва мулоқотлар ўтказилади.

Муборак ОХУНОВА.