ЭЛ САЛОМАТЛИГИ — ОЛИЙ САОДАТ
Бугун Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиёт тизими ривожига қаратилаётган юксак эътибор замирида фаровон келажакни таъминлашдек эзгу мақсад мужассам эканлиги барчамизга аён. Зеро, шундай беқиёс ғамхўрлик самараси ўлароқ, юртимиздаги барча тиббиёт муассасалари замонавий қиёфа касб этиб, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланмоқда.
Муҳими, ушбу масканларда малакали мутахассисларнинг билим ва тажрибасига таянилган ҳолда, хасталикларга ўз вақтида аниқ ташхис қўйиш, самарали муолажа усулларидан кенг фойдаланишга эришилаётир.
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий маркази фаолияти ҳам бунинг яққол тасдиғидир. Ушбу шифо муассасаси давлатимиз раҳбарининг 2003 йил 26 февралдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, Марказий Осиё минтақасида мазкур йўналишдаги ягона марказ ҳисобланади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Ўз мақомига мос бу масканнинг моддий-техник базаси мустаҳкам, мутахассислари эса юқори малакалидир. Шунга яраша тиббий хизмат ҳам ишончли ва сифатли. Бундай натижага эришиш учун қарийб 15,06 млрд. сўмлик маблағ йўналтирилди. Пировардида шифохона 150 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникаси ва 185 ўринли стационарга эга бўлди. Эътиборлиси шундаки, минтақамизда биринчилардан бўлиб мазкур клиника таркибида махсус бўлимлар очилди.
— Яратилган шарт-шароитлардан барча мамнун, — дейди марказ директори Равшанбек Қурбонов. — Яқинда 250 қатновга мўлжалланган маслаҳат поликлиникасининг янги биноси ишга туширилиши кўзда тутилмоқда. Бу эса, табиийки, тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш имконини беради. Мутахассисларимиз тажрибаси, улар қўлга киритаётган муваффақиятлар ҳам фахрланса арзигуликдир. Улар эришган натижалар бугун хорижда ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда, ўрганилмоқда. Ҳар йили пойтахтимизда бўлиб ўтадиган кардиологлар съездларига ташриф буюрадиган чет эллик олимларнинг эътирофлари, ҳамкорлик ҳақидаги таклифлари фикримизга далил бўла олади. Қолаверса, жорий йилнинг 28-29 октябрь кунлари ўтказиладиган VI съездда қатнашувчи меҳмонлар сафи кенгайганидан ҳам буни англаш қийин эмас.
Дарвоқе, бугунги кунда марказда 11 нафар фан доктори, 35 нафар фан номзоди, 26 нафар олий тоифали шифокор-кардиолог меҳнат қилмоқда.
— Кардиология соҳасида мутахассислар малакаси замонавий технологиялар тилини тушуниш билан белгиланади, — дейди бўлим мудири Озод Хўжаев. — Бу борада бизнинг кўнглимиз тўқ. Энг сўнгги русумдаги тиббиёт жиҳозлари, хусусан, юрак-қон томир касалликларини ташхислашда ишлатиладиган автоматлаштирилган био кимёвий аппаратлар, юракнинг қон ҳайдаш жараёнини экранда кўрсатиб берувчи эхокардиограф, ички аъзоларни текширишда қўлланиладиган ультратовуш жиҳозларидан унумли фойдаланмоқдамиз.
Бу каби илғор тажриба соҳага инновацион даволаш услубларини татбиқ этишда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Масалан, марказда 2008 йилдан бошлаб баъзи турдаги юрак аритмияларини махсус радиочастотали тўлқинларни қўллаган ҳолда даволаш йўлга қўйилди. Шунингдек, юрак уриши сустлашган беморларга кардиостимулятор қўйиш, юрак ритмини мувозанатга келтиришда кардиоверсия усули самарали қўлланилмоқда. Айни пайтда яна ангиография (томирларнинг ички ҳолатини ўрганиш) услубидан фойдаланиш борасида қизғин тайёргарлик кетаяпти. Бу услуб юрак тож томирига контраст суюқлигини юбориш орқали юрак томирларида торайган жойлар бор-йўқлигини аниқлаш имконини беради. Шу асосда беморни тиғсиз даволаш, зарур ҳолларда эса жарроҳлик йўли билан хасталикни бартараф этиш мумкин. Қисқача айтганда, марказ мутахассислари ана шундай изланишлар билан юракка малҳам, қалбга умид бериш мақсадида астойдил меҳнат қилмоқдалар.
С. МАХСУМОВ.