UZ RU
26.10.2010

Фарзандлар саломатлиги -- бебаҳо бойлик

Кеча мамлакатимизнинг барча ҳудудларида полиемиелит хасталигига қарши тўртинчи босқич оммавий эмлаш тадбирлари бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда эл саломатлиги муҳофазасига қаратилаётган юксак эътибор самараси ўлароқ, жойларда тиббий хизмат сифати тобора такомиллашиб бормоқда. Тиббий муассасаларда яратилаётган замонавий шарт-шароитлар кўплаб оғир хасталикларни самарали даволаш имконини бераётир. Айниқса, юртимизда юқумли хасталикларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли ўткир вирусли хасталиклар келиб чиқишининг олдини олишга муваффақ бўлинаётгани эътиборга моликдир.

Маълумки, бугун қатор қўшни давлатларда ўткир шол, яъни полиемиелит касаллиги тарқалиши бўйича эпидемик вазият мураккаблашмоқда. Юртимизда эса бу борада амалга оширилаётган изчил саъй-ҳаракатлар боис мазкур хасталик 1996 йилдан буён умуман қайд этилмади. Ва республикамиз 2002 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан полиемиелит вирусидан ҳоли ҳудуд сифатида тан олинди. Шундай бўлса-да, мажруҳликка олиб келувчи ушбу асоратли хасталик вируси мамлакатимиз ҳудудига қўшни давлатлардан кириб келиши хавфи ортганлиги инобатга олиниб, жорий йилнинг май-июнь-июль ойларида уч босқичда оммавий эмлаш кунлари ўтказилди ва унда янги туғилган чақалоқлардан бошлаб 5 ёшгача бўлган 3 миллион нафарга яқин болалар эмланди.

Республикамизда мавжуд барқарор эпидемик вазиятни сақлаб қолиш мақсадида жорий йилнинг 25-30 октябрь кунлари 0 дан 15 ёшгача бўлган 10 миллиондан зиёд болаларни полиемиелит вирусига қарши эмлаш кўзда тутилган. Республикамизнинг чегара ҳудудида жойлашган Сурхондарё вилоятида эса эмлаш тадбирларига аҳолининг 0 дан 25 ёшгача бўлган қатлами жалб этилади.

— Оммавий эмлаш тадбирларини сифатли ташкил этиш учун ҳукуматимиз томонидан қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур шарт-шароитлар ҳозирланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Бош Давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев. — Хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда ЮНИСЕФ халқаро ташкилотлари кўмагида мамлакатимизга Италиянинг “Новартис” компаниясида ишлаб чиқарилган 11 миллион доза вакцина олиб келинди. Ушбу дори воситалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда барча вилоятларга махсус шароитларда тўлиқ етказиб берилди. Шунингдек, жойларда (тиббий муассасалар, боғча, мактаб ва лицейларда) 10 мингдан ортиқ эмлаш пунктлари ташкил этилиб, 9 мингдан зиёд шифокор ва 32 мингга яқин эмлаш ҳамда патронаж ҳамширалари малакали тиббий тайёргарликдан ўтказилдилар.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, болангиз миллий эмлаш календарига асосан, юқумли касалликларга қарши қачон ва қаерда эмланган бўлишидан қатъи назар, у оммавий эмлаш тадбирларида ҳам полиемиелитга қарши эмланиши шарт ва зарурдир. Бу ўринда айрим ота-оналарда қайта-қайта эмланишнинг болага зарари йўқмикан, деган савол туғилиши табиий. Мутахассисларнинг таъкидлашича, полиемиелитга қарши вакцина мутлақо хавфсиз эканлиги кафолатланган. Эмланган баъзи болаларда ҳар қандай организм бегона моддани қабул қилганда юз берадиган бироз безовталик, хусусан, эт учиши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби ҳолатлар кузатилса, ваҳимага берилмай, вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда оилавий поликлиника шифокорига мурожаат этиш лозим.

— Ўғлим — Иброҳим олти ёшда, у бундан аввалги уч босқичли эмлаш тадбирларининг барчасида иштирок этган, — дейди пойтахтимизнинг Учтепа туманида яшовчи Заҳро Асатуллаева. — Патронаж ҳамширамиз тўртинчи босқич эмлаш ҳафталиги бўлиб ўтиши ҳақида хабардор қилганлиги боис поликлиникага чиқдик. Болам ҳозиргина вакцина қабул қилди, ўзини яхши ҳис этяпти. Шифокорларнинг айтишича, болада шамоллаш, иммунитет пастлиги ва шунга ўхшаш аломатлар бўлмаса, эмланганидан сўнг ҳеч қандай ўзгариш сезилмайди. Томоқ оғриғи, грипп ва шунга ўхшаш бирор бир хасталик билан оғриб турган болалар эса шифокорлар тавсиясига кўра, батамом тузалгач, эмланганлари маъқул экан.

Бизнингча, ҳар бир ота-она учун фарзандининг сиҳат-саломатлиги ҳар недан устун. Шундай бўлгач, келажагимиз фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган мазкур оммавий тадбирда ҳар биримиз фаол иштирок этишимиз, бирор бир боланинг эмлаш тадбирларидан четда қолиб кетишига йўл қўймаслигимиз муҳим аҳамиятга эгадир.

<SPAN st yle='font-size:13.5pt;"Times New Roman";"Times New Roman";"Times New Roman";mso-fareast-"Times New Roman";