UZ RU
08.10.2010

«Чинобод» маликаси

Хушхабар – қанчалик ёқимли сўз. Дунёларга алишгинг келмайди-я?! Унинг учқур қаноти бир зумда еру осмонни қамраб олади. Бугун қучоғи анвойи гулларга тўлган Наргизанинг қувончи чексиз. Юзу кўзидаги табассуми қалбидай гўзал қаҳрамонимиз «Ҳамшира — 2010» кўрик-танловининг республика босқичида ғолибликни эгаллаб у фаолият юритаётган сиҳатгоҳга енгил автомашина тақдим этилди. Биз ҳам ана шу хушхабарни эшитиб Наргиза Ғуломовани чин қалбдан қутлар эканмиз, уни суҳбатга чорладик.

— Наргиза танлов асосида ишга қабул қилинган экансиз.

— Тўғри, 2008 йилда 1-Тошкент тиббиёт коллежини тугатганимдан сўнг «Чинобод» сиҳатгоҳи ОАЖга танлов асосида ишга қабул қилинганман. Болалигимда адажоним тез-тез бетоб бўлиб қоларди. Дадамнинг бетоб бўлишини асло хоҳламас эдим. Бундай пайтда ойижоним ҳам ич-ичидан эзиларди. Волидамнинг бу ҳолатини кўриб, катта бўлсам албатта шифокор бўламан, одамларни даволайман, дея орзу қилардим.
Сиҳатгоҳнинг 12- даволаш- ташхис бўлимининг муолажа хонасида иш бошлаган лаҳзалар ҳаётимдаги энг бахтли куним десам асло муболаға эмас. Биринчи иш кунимни эсласам ҳозир ҳам ҳаяжонланиб кетаман. Устозларим сиҳатгоҳ бошқарув раисининг даволаш ишлари бўйича муовини Равшан Эргашев, «Шуҳрат» медали соҳибаси, даволаш- ташхис бўлими мудири Мақсуда Мадаминова, бош ҳамшира Нодира Аҳмедовалардан шифокорлик касбининг нозик сирларини ўргандим. Уларнинг ғамхўрликлари боис жамоа билан тезда тил топишиб кетганман.

— Ҳузурингизга бемор келди, аввало нималарга эътибор берасиз?

— Энг биринчи очиқ чеҳра билан салом бераман. Бизнинг касбимизда муомала маданияти юқори ўринда туради. Ширин сўз ҳар қандай беморни руҳан тетиклаштиради. Бу эса даволаш сари қўйилган биринчи қадамдир. Сўнгра артериал қон босимини ўлчаб, шифокор тавсиясига кўра муолажани бошлаймиз. Масканимизда беморлар ҳам соғлиғини тиклайди ҳам дам олади. Бизнинг вазифамиз уларга малакали хизмат кўрсатишдан иборат. Шу туфайли астойдил ҳаракат қилаяпмиз.

— Ғолиб бўлиш осон кечмагандир?

— Танловга бир йилдан буён тайёрланганман, десам асло муболаға эмас. Бунинг учун сиҳатгоҳимизда етарли шароитларни яратиб берган сиҳатгоҳ бошқарув раиси Одилжон ака Мамажонов, бальнеология бўлими мудири Умида Иномхўжаева, маънавий-маърифий ишлар бўйича тарғиботчи Абдуваҳоб Тожиевлардан миннатдорман. Эришган муваффақиятим жамоаники деб ҳисоблайман. Агар улар мени руҳан қўллаб-қувватлашмаганида ғолиб бўлаолмас эдим. Танлов шартлари бир мунча мураккаб бўлиб, рақибларим ҳам кучли тайёргарлик кўришган экан. Айниқса, Самарқанддаги Абу Али ибн Сино, Бухоро шаҳридаги «Моҳи хоса», Наманган шаҳридаги «Чортоқ» сиҳатгоҳларидан келган мусобақа иштирокчилари ҳар томонлама билимли ва зукколикларини амалиёт синовида яққол намойиш этишди. Физиотерапия усулларидан бири бўлган (СМТ, яъни модуллашган ток терапияси) амалиётини бажаришда ўзим ҳам қийналмадим. Чунки кундалик фаолиятимда бу соҳа менга таниш. Бундан ташқари мунтазам равишда физиотерапия ва ички касалликларга оид китобларни ўқиб боришим ҳам қўл келди.

— Кишида санъатнинг у ёки бу йўналишига мойиллик бўлгани яхши экан-а, Наргиза?

— Албатта. Болалигимда дугоналарим билан қўғирчоқларимизни бир қаторга тизиб олиб «Зумрад ва Қиммат» эртагини ролларга бўлиб ижро этардик. Кўпинча менинг қўғирчоғим Зумрад бўлишини истардим. Кейинчалик мактаб саҳнасида кичик-кичик ролларни ижро этганман. Коллеждаги бадиий кечаларда ҳам мунтазам равишда қатнашишим актёрлик маҳоратига бўлган ҳавасимни кучайтирарди. Танлов жараёнидаги эркин мавзуда ўзбек халқ оғзаки ижодида ўзига хос ўрин эгаллаган Насриддин Афандининг хотини образини ижро этдим. Томошабинлар яхши қарши олишди.

— Сариштали қиз фариштали бўлади дейди, халқимиз.

— Албатта, ойижонимнинг сўзларини такрорладингиз. Ойижоним оддий уй бекаси, аммо бажарган уй-рўзғор юмушларидан тортиб юриш-туришларигача барча ҳавас билан қарайди. Чунки, ойижоним доимо менга қизим сариштали қиз фариштали бўлади, ўзинг уй ишларини билиб-билиб бажаришни ўргангин, дейди. Шу боис ҳам энг аввало саранжом-саришталикка эътибор қаратаман. Рўзғор юмушларини бекаму кўст бажариш учун астойдил ҳаракат қиламан. Менимча қизларнинг ҳунари бўлгани яхши, аммо энг аввал рўзғор аталмиш катта мактабнинг барча дарсларини пухта эгаллаши яна ҳам муҳим. Эртами-кечми ўзга хонадоннинг суюкли бекаси бўлиш аввало ҳар бир қизнинг ўзига боғлиқ бўлади.
Турли хил пишириқлар, мазали таомлар тайёрлаш жону дилим. «Машҳура» фирмасида бичиш-тикишни ўрганганман. Шофёрлик курсида таҳсил олдим. Турли либослар, бежирим пардалар тикаман. Бир сўз билан айтганда барча қизлар қатори мен ҳам ойижонимнинг ўгитларига қулоқ тутиб, эпли қиз бўлишга интиламан.

— Бўлғуси ҳамшираларга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

— Аввало амалиётга жиддий эътибор бериб, ҳамширалик иши, биринчи тез ёрдам ҳамда гигиеник талабларга бўлган билимни чуқур эгаллашлари лозимлигини уқтиргим келади. Чунки, бу вазифаларни мукаммал эгалламасдан туриб асло иш бошлаш мумкин эмас.
Ҳа, ҳаёт аталмиш буюк ҳикматнинг ҳар лаҳзаси ғанимат, ҳар они қадрли. Наргиза Ғуломова шеърлар ёзади, ширали овозда қўшиқлар куйлайди. Қўнгли очиқ, шаддод қизнинг ҳаётдаги шиори, ҳамиша олдинга интилиш. Ёш бўлишига қарамай жамоада ўз ўрнига эга. Сиҳатгоҳга келувчилар бу қўли енгил, ширинсўз ҳамшира қизга ҳавас қилишади. Унинг ўзгалар қувончи билан қувониб ташвишлари билан ёниб яшаётганини, ҳали у ҳали бу беморнинг ёнида парвона бўлаётганини кўриб касбига бўлган ҳурмати чексиз эканлигини ҳис этасиз. Серқуёш диёримизда Наргиза сингари иқтидорли ёшларга яратилаётган кенг имкониятлардан қалбингиз чексиз фахрга тўлади.
Нигоҳлари ёрқин уфқларга қадалган, орзулари зангор осмонларга туташ ғолиб қизга яна янги марраларни ошиб ўтавергин, бунинг учун сенда имкониятлар бисёр дегимиз келади.

Жамила ҲАЙДАРОВА
суҳбатлашди.
“SOG`LOM AVLOD”
38-SON