UZ RU
08.10.2010

Поезд сафардан қайтди

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент – Тўрткўл – Мискен – Тошкент йўналиши (Қорақалпоғистон Республикаси) да тиббий-ижтимоий фаолият юритган “Саломатлик” поезди пойтахтга қайтиб келди. Ҳукуматга қарашли бўлмаган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси ва “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акционерлик компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур лойиҳа доирасида 7 кун давомида Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа туманларида истиқомат қилувчи, ижтимоий муҳофазага муҳтож 1082 нафар аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. “Ўзбекистон темир йўллари” ДАКнинг “Саломатлик поезди” шифокорлари, Республика Акушерлик ва гинекология илмий амалий маркази, Педиатрия илмий амалий маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиалининг малакали мутахиссислари 392 нафар аёл, 245 нафар бола ва 350 нафар эркакларни тиббий текширувдан ўтказди. Аниқланган касалликлар бўйича беморларга керакли йўлланмалар ва тавсиялар берилди.
Тиббий текширувлар давомида аниқ лаборатория таҳлиллари ва замонавий текшириш усулларига таянган ҳолда ташҳислар қўйилди. Ўтказилган тиббий кўрик давомида аҳоли орасида юрак-қон томир, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш тизими, асаб ва эндокрин, таянч ҳаракати тизими, стоматологик хасталиклар аниқланди. Хасталикларнинг нозологик таҳлиллари борасида тўхталадиган бўлсак, катта ёшли аҳоли орасида камқонликнинг турли даражалари, буйрак ва сийдик ажратиш тизими касалликлари, юрак қон-томир касалликлари кўпроқ кузатилди.
Болалар орасида эса камқонлик, нафас йўллари тизими, шунинг билан бирга ичакнинг гижжа касалликлари кўпроқ аниқланган.
Айтиш жоизки, болаларда учраётган ушбу хасталикларнинг барчаси ҳам оилада тиббий маданиятни тўғри йўлга қўймаслик, овқатланишни тўғри ташкил қилмасликдан келиб чиқади. Бу борада ҳам шифокорлар томонидан тушинтириш, тарғибот ишлари олиб борилди.
Ўтказилган тиббий кўриклар натижалари, жумладан, лаборатория таҳлили, УТТ ва ЭКГ текшируви хулосаларидан тиббиёт муассасаларида даволаниши лозим бўлган аҳолининг рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси филиалига топширилди.
Шунингдек, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси вакиллари томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг бир қатор туманларида истиқомат қилувчи кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлар учун аравачалар, болалар аравачалари, санитария-гигиена воситалари манзилли етказиб берилди. Туман Тиббиёт бирлашмаларига тиббий асбоб-ускуналар, дори-дармонлар тарқатилди.
“Саломатлик” поезди фаолияти давомида тиббий кўрик билан бир қаторда 1813 нафар аҳолига 22 та ташкилот ва муассасаларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилди.
“SOG`LOM AVLOD”
38-SON