08.10.2010
Туялар чўккалаб таъзим қилган юрт
...Халқимизда йўқсилни йўқлаш, йиқилганни суяш, эҳтиёжмандга саховат, дардманга меҳр улашишдек эзгу қадрият мавжуд. Шу боис ҳам МЕҲР юксак туйғу сифатида элда қадрланади. Топса бори, бўлмаса, ширин сўзи, иссиқ юзи билан меҳр улашади бу эл! Поезд яйдоқ далалар оралаб елиб боради. Бепоён кенгликларга боқиб юрагинг ҳапқиради. Эзгу хаёлларга чулғанасан...
Ҳар сафарнинг ўз таассуротлари бўлади. Эзгулик улашиш учун отланган темир тулпорларнинг таассуротлари янада улкан.
Қуёш тафтидан қизарган самимий юзларда шукронани кўриб ҳузур қиласан. Дардманни кўриб саломатлигингга шукур қиласан. Фикр қиласан:
Осойишта ҳаёт – овулларингда,
Кулгуси янграйди болаларингнинг.
Кўзингга суртасан, о, Она Тупроқ,
Бироз шўрхок босган далаларингни.
Қорақалпоқ халқи дўлвор эл:
– Ассалому алайкум, биз келдик, – деймиз истиҳола билан хонадонга кириб борар эканмиз. – Кўнгил сўраб келдик, ҳали бу йигит улғайиб, элу юртга нафи тегадиган бола бўлади. Шу аравачани...
Келинчак кўзда ёш олиб уйга кириб кетади. Кўнглига оғир ботди деб ўйлаймиз. Тўғри-да, фарзанднинг дарди она вужудида икки ҳисса оғирроқ дард бўлиб кўринади. Она-да, азият чекади, ўксинади. Аммо ўзгаларга билдирмайди. Баркашга иккита нон қўйиб олдингизга яна пешвоз чиқади. Чеҳрангиз ёришади. Нондан бир чимдим олиб еймиз...
Аму бўйларида ястанган кенглик –
Қуёшли юрт аҳли феълига монанд.
Туялар чўккалаб таъзим қилган юрт,
Ботир алпларининг кўксидек баланд.
— Қорақалпоқ қизлари қадимдан ақли расо бўлиш билан бирга йигитлардек ботир, жасур бўлишган, – дейди ҳамроҳимиз Нукус тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Худойназарова. — Ҳозир “Оқманғит” маҳалласидаги Осиё чемпиони Жулдуз Мустапаеванинг хонадонига кирамиз.
Қувониб кетдим, аммо ўйланиб қолдим, бизнинг вазифамиз кам таъминланган оилалар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш бўлса, нега, Зулайҳо опа бизни чемпионннинг уйига бошлаб бормоқчи? Ўйларим якун топмасдан, сезгандек, опа изоҳ берди:
– Чемпион қизнинг отаси ҳам, онаси ҳам хаста. Маҳалла, туман ҳокимлиги биргалашиб шу хонадонни қўллаб-қувватлаб турамиз. Аммо фарзандларининг барчаси спорт билан шуғулланади. Иқтидорли, соғлом фарзандлари бу оилага Яратганнинг туҳфаси бўлса керак...
Жулдузнинг онаси бизни ҳовлида очиқ чеҳра билан кутиб олди. Камтарин қишлоқ аёли... Оддий турмуш. Тўғриси, бу ҳовлига тўсатдан келсангизу, сизга шу уйда чемпион улғайган деса, сира ишонмайсиз... Аммо бу ҳақиқат. Мусобақаларга тайёргарлик, тинимсиз машқ ва меҳнатлар шу оддий хонадон ҳовлисида бошланган. Она қизини мусобақаларга жўната туриб, кўзда ёш билан шу остонада дуо қилади...
Қалбингиз ғурурга тўлади. Қишлоқ қизининг муваффақиятлари ҳақида эшитиб, бир қувонсангиз, мамлакатимизда ёшларга яратилаётган шарт-шароитларни кўриб кўнглингиз юксалади.
Яна бир хонадонга кириб борамиз. Бемор меҳмонлар олдида хижолат тортиб, ўрнидан туришга чоғланади.
Дард Ўтарбой оғани тўшакка михлаган. Бироқ, у киши ўтказган кунлари, кечирган умридан норози эмас. 40 йиллик умрини ёшлар таълим-тарбиясига бағишлаган кўкси баланд инсонни Нукус туманида ҳамма улуғлайди. Болалигидан спортга меҳр қўйган Ўтарбой оға Қорақалпоқ давлат Педагогика институтининг “Жисмоний тарбия” факультетини тамомлаб, тумандаги 3-мактабда иш фаолиятини ўқитувчиликдан бошлайди. Спорт тўгараклари ташкил этиб, ёшларни оммавий спортга жалб этади. Кейинчалик тумандаги “Ёш куч” спорт жамиятига раҳбарлик қилади. Кўплаб ёш спортчиларни етиштириб чиқарди. Айниқса, спортнинг Миллий кураш турини ривожлантирди. 2001 йилда мураббий Ўтарбой Исмоиловнинг хизматлари инобатга олиниб, давлатимизнинг юксак мукофоти — II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланди. Бугун устоз-мураббий ўғли Отабекда ўзини кўриб қувонади. Негаки, кенжа ўғил – Отабек отасининг касбини давом эттириб, спорт мактабида ёшларга мураббийлик қилиб келмоқда.
Бу халқ манглайида офтобнинг муҳри,
Қалби кенгликлардан олган андоза.
Яйловда қўй боқиб юрган чўпоннинг
Орзусидек тоза, ўйидек тоза...
Олис манзиллар... Баъзан овуллар бошида соя ташлаб турган гужумлар, жийдалар, саксовулларга кўзингиз тушади. Метиндек танасини элнинг матонатига, шиғил мева тугиб бош эгиб турган жийда шохларини шу халқнинг тавозесига менгзайсиз.
Туманлар ораси узоқ масофа бўлгани боис, йўл юриш фурсат талаб қилади. Шуманай, Хўжайли, Қанликўл, Нукус, Чимбай, Қароўзек, Амударё, Беруний, Элликқалъа, Тўрткўл...
Халқимиз, “Юрган дарё – ўтирган бўйра”, деб бежиз айтмаган. Йўлда фикрлар чархланади. Кўрганларинг – сабоқ... Шаҳарларда, овулларда янги мактаб, академик лицей, коллеж биноларини кўриб кўзинг қувнайди. Муҳташам ва кўркам бу иморатларни кўриб юртнинг эртаси учун мустаҳкам пойдевор қўйилаётганининг гувоҳи бўласан. Йўл бўйидаги янги маҳаллалар, замонавий уй-жойларга кўз ташлаб, дилингизда бир шукрона сўз айланади: Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон!
Қўшиққа жўр бўлар дўмбираси ҳам,
Жўшқинлик чўлғайди юракларини.
Қўбизға... кўнгилдан куйга олади
Озод элнинг тоза тилакларини.
Шерзод ХУДОЙҚУЛОВ
“SOG`LOM AVLOD”
38-SON