ФАОЛИЯТЛАР ВА ИСЛОҲОТЛАР ОЛДИДАГИ МАСЪУЛЛИК
Ш. ОТАБЕКОВА,
Жиззах вилоят
"Куёвбоши" қишлоқ
врачлик пункти катта
ҳамшираси:
– Касбимизнинг машаққатли ва масъулиятли томонлари бўлгани билан халқимиз саломатлиги йўлида хизмат қилаётганлигимиздан фахрланамиз. Эътироф этмоқчиманки, мустақиллик биз ҳамширалар учун катта имконият эшикларини очиб, фаолиятдаги мавқеимизни белгилаб берди. Айниқса, "замонавий ҳамшира" иборасининг амалиётдаги татбиқи ўз ифодасини топди десам, янглишмаган бўламан. Билим ва тажрибаларимизни бойитишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон ҳамширалар ассоциацияси томонидан олиб борилаётган режали ишлар малакамизни оширишда ва ташкил этилаётган ўқув семинарларида иштирок этишимизни таъмин этаётганлиги жаҳон андозаларига мос равишда ишлашимизни талаб этмоқда. Шунингдек, стандартлар асосида фаолият юритишимизнинг ўзи касбимиздаги мақсад ва моҳиятни очиб бераяпти. Мазкур стандартлар аҳолига чуқур кириб бориш, улар соғлигини назорат қилиш, оилада муаммо бўлиб турган масалалар ечимини биргаликда ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳамшираларнинг билим ва тажрибаси, маънавий-маърифий дунёқараши ҳамда аҳоли билан муомала маданиятини ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси ҳамкорлигида ўқув семинарлари ташкил этилиб, унда махсус тренерлар тайёрланди. Улар ўз вилоят ва туманларидаги "Ҳамширалар ўқув хонаси"да, тиббиёт муассасаларида меҳнат қилаётган ҳамшираларга ўқув семинарларидан олган билимларини татбиқ этиш мақсадида узлуксиз таълим жараёнларини олиб бормоқдалар. Қишлоқ врачлик пунктимиздаги ҳамшираларимиз аҳолига кириб бориш билан бир қаторда, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишлари боис, юқумли ва мавсумий касалликларнинг олди олинмоқда. Ундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларига ҳам жиддий эътибор бериб келмоқдамиз. Янги туғилган чақалоқ ҳамда ёш онага ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, шунингдек, керакли маслаҳатларни беришда ҳам патронаж ҳамшираларимизнинг ўрни катта бўлмоқда. Ушбу анжумандаги фикрлардан хулоса чиқарадиган бўлсам, ҳаммамизнинг мақсадимиз халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш экан, бу борада бизга билдирилган ишончни оқлаб, бор имкониятларимиздан унумли фойдаланамиз.
Дилором Айитбаева,
Қорақалпоғистон
Республикаси Элликқалъа туман "Ибн Сино"
ҚВП мудираси:
– Аҳоли саломатлигига қаратилаётган юксак эътибор туфайли бир неча йилдирки, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам қишлоқ врачлик пунктлари самарали фаолият юритиб келмоқда. Авваллари қишлоғимиз аҳолиси қон топшириш ва касаллик ташҳисини аниқлаш учун 45 км. йўл босиб, туман марказига борар эди. Ҳудудимиздаги замон талабига жавоб бера оладиган қишлоқ врачлик пунктининг иш бошлагани аҳолига катта қулайликлар туғдирди. Мазкур тиббиёт муассасамиз 2005 йилда "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида янги тиббий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Айни кунда лабораторияда таҳлиллар олиниб, касалликка ташҳис қўйилиб, шу ернинг ўзида даволаш-профилактика ишлари олиб борилмоқда. Тиббиётнинг бирламчи бўғинида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда ҳудудимизда она ва бола ўлими кузатилгани йўқ, юқумли касалликлар билан касалланиш сони камайди. "Саломатлик-2" лойиҳаси томонидан умумий амалиёт шифокорларининг ўн ойлик ўқув курсида таҳсил олиши, шунингдек, "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси бўйича ташкил этилаётган ўқув семинарларида патронаж ҳамшираларининг иштироки фаолиятлар самарадорлигини оширмоқда. Мен ҳам умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ўн ойлик ўқув курсида ўқидим. Олган билимларим ва лойиҳам юзасидан қишлоғимизда аҳоли саломатлигига доир бир қанча ишлар олиб бордим. Шунингдек, ҚВПмиз жамоамиз ходимларининг астойдил меҳнатлари туфайли 2007 йилда ўтказилган "Энг намунали қишлоқ врачлик пункти" номинациясида ғолиб деб топилди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан "Дамас" автомашинаси билан тақдирланди. Ташкил этилган мазкур анжуманда 10 йил давомида қилинган ишларни сарҳисоб қилиш билан бирга, ютуқ ва камчиликларимизни атрофлича таҳлил қилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган дастурий режаларимизни белгилаб олдик.
Шодиёр Сафаров,
Қашқадарё вилоят узлуксиз касбий таълим йўналишида ўрта тиббиёт ходимларини ўқитиш бўйича тренер:
– Тиббиётнинг бирламчи бўғинида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ўрта тиббиёт ходимлари малакасини мунтазам ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади. "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси томонидан 2007 йилдан буён бир қанча мавзуда семинар-тренинглар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида репродуктив саломатлик ва бехатар оналик мавзуларида тарғибот-ташвиқот ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда. Бўлиб ўтган анжуман ўрта тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш билан бир қаторда, аҳоли ўртасига чуқурроқ кириб борган ҳолда, уларнинг соғлигига бўлган эътиборини кучайтириб, олган билим ва тажрибаларини халқ саломатлиги йўлида татбиқ қилишга ёрдамлашади.
Нигора ТОПИЛОВА,
Фарғона вилоят "Жарбоши" ҚВП патронаж ҳамшираси:
– Мазкур анжуманда илк бор иштирок этганимдан бахтиёрман. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик-2" ҳамда "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳалари ҳамкорлигида ҳамширалар учун "Шахслараро мулоқот", "Кўкрак сути билан боқиш", "Репродуктив саломатлик", "Бирламчи тиббий тизимда ҳамшираларнинг асосий кўникмалари", "Беш ёшгача бўлган болаларнинг ўсиши ва ривожланиши", "Бемор болаларни парвариш қилиш ва оналарга маслаҳат бериш", "Патронаж/оилавий ҳамшираларга таълим бериш ва ўқитишни баҳолаш" каби мавзулар бўйича ўқув семинарларида тренерлар тайёрланиб, улар ўз ҳудудларидаги ҳамшираларга узлуксиз таълим жараёнларини давом эттириб келмоқдалар. Айниқса, аҳоли билан ҳамкорликдаги фаолиятим малакам янада ошишига ва юқорида тилга олган ўқув семинарларидаги билимларимни татбиқ қилишимда катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Ҳар бир оилага кириб борганимда биргина бемор эмас, балки оила аъзоларининг барчасини соғлигига масъул эканлигимни ҳис қилган ҳолда уларнинг саломатлигини назорат қиламан. Бундан ташқари, босқичма-босқич амалга оширилаётган ҳамширалик ёзуви ва жараёнлари ҳамда стандартларини қўллаб келмоқдаман. Шунингдек, аҳоли орасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олиш масалаларига жиддий ёндашиб, керакли маслаҳат ва тавсияларимни бериш билан бирга, ҳомиладор аёллар ҳамда янги туғилган чақалоқлар соғлигини назорат қилганимда, оиладаги турмуш ўртоқ, қайнота ва қайноналарга тушунтириш ишлари олиб бормоқдаман. Ўтказилган ушбу анжуманда маърузачилар томонидан аҳоли саломатлиги учун ҳамшира фаолияти нечоғлик зарурат ва унинг ўрни муҳим аҳамиятга молик эканлиги бир неча бор таъкидлаб ўтилди. Шундай экан, ҳар биримиз зиммамиздаги вазифани теран англаган ҳолда, халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилишга тайёрмиз.
Раъно АЛИЕВА,
Сурхондарё вилоят "Суфиён" қишлоқ врачлик пункти мудираси:
– Бирламчи тиббиёт тизимининг ривожланиши кўпроқ умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширалари зиммасига масъулият юклайди. Йил бошидан давлат дастури, Президентимизнинг соғлиқни сақлаш ҳамда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилган Фармон ва Қарорлари асосида мақсадли режа тузиб олганмиз. Ҳудудимиз аҳолисининг тиббий карталари тартибга солиниб, оила ҳисобида ҳар бири рўйхатга олинган. "Саломатлик-2" лойиҳаси томонидан зарурий тиббий жиҳозлар келтирилди. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан иссиқ сув таъминоти қувурлари янгиланди, бино томлари шиферланиб, қишки мавсумга тайёрлаб қўйилди. Энг муҳими, келтирилган тиббий жиҳозлардан аҳоли унумли ва керакли пайтда самарали фойдаланмоқда. Қувонарли томони шундаки, фуқароларимиз ўз соғликларини назорат қилиш мақсадида тез-тез ҚВПмиз шифокорларига мурожаат қиладилар. Зарур бўлса, шу ернинг ўзида даво муолажаларини олишади. Аҳоли орасида бугун қон босимининг ошиши, аёлларда камқонлик, йод етишмовчилиги, қандли диабет ва юқумли касалликлар учраб турсада, мавжуд имкониятларимиз доирасида уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга ҳаракат қилаяпмиз. Бундан кўзланган мақсад, тиббиёт имкониятларини инсонлар соғлиги учун муҳимлигини тушунтиришдир.
Нигора РАҲМАТОВА,
Бухоро вилоят Когон туман "Геофизика" ҚВП патронаж ҳамшираси:
– Тиббиётнинг бирламчи бўғинида юртимизда изчил олиб борилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда ҳудудларда барча шароит ва замонавий тиббий ускуналар билан таъминланган қишлоқ врачлик пунктлари фаолият юритмоқда. ҚВПмиз томонидан ҳудудимиз аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда улар ўртасида тарғибот ишлари олиб бориш орқали турли касалликларнинг олдини олиш ва даволаш юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, она ва бола соғлигини таъминлашда нафақат патронаж ҳамшираси, балки оила аъзоларининг ҳам масъулияти катта. Оилада соғлом турмуш тарзи ҳамда ўз соғлигига бўлган эътибор юқори бўлса, юқумли ҳамда мавсумий касалликларнинг олдини олиш, турли хасталиклар белгиларига қарши курашиш тиббиёт ходимлари учун бир мунча осон кечади. Шу сабабдан, ҳудудимиздаги оилаларда оналар ва болалар соғлигини мунтазам текшириб бориш билан бирга, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, туғилишлар орасидаги интервални узайтириш, бехатар ва соғлом оналикни таъминлаш, чақалоқни кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари каби мавзуларда кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз. Узлуксиз касбий таълим йўналишида ўрта тиббиёт ходимлари учун "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасидаги ташкил этилган семинарлар давомида олган назарий ва амалий билимларимиз ушбу тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширишимизда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Мазкур анжумандаги иштироким менга фаолиятимни янги ғоялар билан бойитиш ва касбий маҳоратимни янада оширишда муҳим манба бўлди.
Шокиржон ВАЗИРОВ,
Наманган вилоят Чортоқ туман "Арбағиш" ҚВП мудири:
– Юртбошимизнинг республика тиббиёт тизимига ҳамда мазкур соҳадаги мутахассислар фаолиятига қаратаётган эътибор ва ғамхўрлиги туфайли ишлар самарадорлиги ўз натижасини бериб, аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи ортиб бормоқда. Айниқса, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, санитария-эпидемиология хавфсизлигини таъминлаш, бирламчи бўғинни ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ишларидаги ижобий натижалар бундан мустасно эмас. Мазкур илмий-амалий анжуманда ушбу тизимдаги фаолиятлар сарҳисоб қилинар экан, ҳар бир мутахассис, қолаверса, халқаро экспертлар ҳам ўтган давр мобайнида бирламчи бўғинда босқичма-босқич ўтказилган ислоҳотларга урғу бериб, амалдаги ютуқларни эътироф этиб ўтдилар. Бунда албатта, давлатимиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Саломатлик-1-2" (Жаҳон банки) ва "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" (Осиё тараққиёт банки) лойиҳаларининг ҳамкорликдаги фаолиятларини айтиб ўтиш жоиздир. ҚВПга мудир бўлиб келганимда у ердаги айрим шароитлардан кўнглим тўлмаган эди, чунки муассасанинг ички ва ташқи томонлари талабга жавоб бермаслиги боис, Чортоқ туман тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ҳамда туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Ундан ташқари, қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва маҳалла фаоллари билан йиғилиш ўтказиб, таъмирлаш ишларини бошлаб юбордик. Айни шу жараёнда Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига асосан, қишлоқ врачлик пунктимизга бириктирилган Тошкент тиббиёт академияси 3-клиникаси бош врачи ўринбосари Илсун Зинганшин бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Гуруҳ раҳбари билан биргаликда туман ҳокимлигида бўлиб, зарурий ёрдам олишга эришдик. Эндиликда олдинги қишлоқ врачлик пункти замон талабига жавоб бера оладиган янги қиёфадаги тиббиёт муассасасига айлантирилди. Анжуман менда жуда катта таассурот қолдирди. Ана шундай кенг доирадаги анжуманлар тез-тез ўтказиб турилса, фаолиятларимиз учун муҳим бўлган билим ва кўникмаларимиз янада бойиб боради.
Неъматжон ТЕШАБОЕВ,
Андижон вилоят Олтинкўл туман "Далварзин" қишлоқ врачлик пункти катта фельдшери:
– Бугунги кун ўрта тиббиёт ходими ҳар томонлама интеллектуал қобилиятга эга бўлиши ва ўз касбининг моҳир устасига айланмоғи зарур деб биламан. Аслини олганда, республикамиз бўйича меҳнат қилаётган ҳар бир ҳамшира фаолиятида ана шундай фазилатларни кўришимиз мумкин. Чунки, тиббиёт муассасаларидаги ишнинг 98 фоизи ҳамширалар зиммасида эканлиги ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Ўтказилган ушбу анжуманда ўрта тиббиёт ходимлари эришаётган ютуқлар тўғрисидаги ижобий фикрларнинг билдирилганлиги ҳам меҳнатимизга бўлган эътиборнинг яққол ифодасидир. Юртбошимиз аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрни нечоғлик муҳим аҳамият касб этишини доимий таъкидлаб келадилар. Шундай экан, ҳамшира оилада она, фаол ходима, шу билан бирга, жамоатчилик ишларида ҳам ўзини кўрсата оладиган истеъдод эгаси. Зеро, анъанага айланган "Ҳамшира", "Энг яхши патронаж ҳамшира" каби кўрик-танловлардаги уларнинг иштироки бунинг яққол исботидир. Фаолиятдаги ҳамшираларимизнинг аҳоли орасида тез-тез бўлишлари, мактаб, боғча, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик билан олиб бораётган ишлари ўз маҳсулини бермоқда. ҚВПмиз замон талаблари даражасида қайта таъмирланиб, "Саломатлик-2" лойиҳаси томонидан тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси бўйича ҳамшираларимизга патронаж сумкалари тақдим этилган, ўқув семинарлари эса узлуксиз тарзда олиб борилмоқда.
Абдураҳмон БОТИРОВ, Сирдарё вилоят Ховос туман "Бобур" ҚВП мудири, умумий амалиёт шифокори:
– Қишлоқ врачлик пунктимиз III типда бўлиб, тўлиқ табиий газ, электрэнергия, тоза ичимлик суви ҳамда телефон алоқаси билан таъминланган. Муассасамиз "Саломатлик-1" лойиҳаси бўйича тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, кунига 50 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга. Фаолиятдаги умумий амалиёт шифокорларимиз "Саломатлик-2" лойиҳаси доирасида ўн ойлик ўқув курсларида назарий ва амалий томондан тажрибаларини ошириб қайтган бўлсалар, "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув семинарларида патронаж ҳамширалари ўқитилди. Олиб борилаётган фаолиятлар натижасида умумий қабул миқдори 2009 йилда 2000 йилга нисбатан 28,7 фоизга ошди. Беморларни мутахассисларга маслаҳатга юбориш 27,9 фоизга, даволаниш учун стационарларга ётқизиш 37,6 фоизга камайди. Аҳолини профилактик текширувдан ўтказиш сони 55,6 фоизни ташкил этди. Бундан ташқари, туғруқ ёшидаги аёллар 100 фоиз тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 70,2 фоизида экстрагенитал касалликлар аниқланди ва касалланганларнинг 82,7 фоизи соғломлаштирилди. Охирги 10 йил ичида шол, бўғма, қоқшол, кўкйўтал каби касалликлар қайд этилмади. Вирусли гепатит касаллиги 5-7 маротаба, салмонеллёз ва тиф-паратиф касалликлари 50 баробар камайди. Она ва бола соғлигини муҳофаза қилиш, туғруқ ёшидаги аёллар ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилиши натижасида сўнгги 10 йилда умумий ўлим кўрсаткичи 22 фоизга (5,8 фоиздан 2,9 фоизга), гўдаклар ўлими 35 фоизга (20,3 фоиздан 7,6 фоизга) камайди.
Ушбу ўтказилган анжуман иштирокчиларга нафақат назарий маълумотлар, балки ташкил этилган гуруҳлараро муҳокама ва баҳс-мунозараларга бойлиги билан ҳам катта тажриба мактаби бўлди.
Д. МАТНАЗАРОВА,
Хоразм вилоят "Ҳазорасп" қишлоқ врачлик пункти катта ҳамшираси:
– Айтиш жоизки, бундан бир неча йиллар олдин халқимиз узоқ йўл босиб, туман марказига бориб, саломатлигини тиклаб келарди. Эндиликда эса, уларнинг узоғи яқин бўлиб, замонавий тарздаги ҚВПда саломатликларини назорат қилиш билан бир қаторда, даво муолажаларини олиш (кундузги стационар), шунингдек, вақт ва маблағни тежашга ҳам катта имкониятлар яратилди.
Юртбошимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги "Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда соғлом авлодни шакллантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-1096-сонли ҳамда 1 июлдаги "2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги ПҚ-1144-сонли Қарорлари ижроси бўйича қишлоқ врачлик пунктимизда муайян ишлар бажарилмоқда. Жумладан, фертил ёшидаги аёлларни йилига 2 мартадан тиббий кўрикдан ўтказиб, айримларида экстрагенитал касалликлар аниқлаш ва даво муолажаларини олиб боришда ҳамшираларимиз фаол иштирок этиб келмоқдалар. Соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келиши учун ҳомиладор аёллар ўртасида тушунтириш ишлари кенг қамровда ўтказилиб, маҳалла, мактаб ва кенг жамоатчилик билан биргаликда давра суҳбати, учрашувлар ташкил этганмиз. Аҳоли орасида тарғибот ва ташвиқот ишларининг узлуксиз тарзда олиб борилиши туфайли юқумли ҳамда ижтимоий касалликлар сони камайиб бормоқда. Кейинги йилларда оналар ва болалар ўлими қайд этилмади. Мазкур йилда 0-5 ёшгача бўлган болалар орасида 3 маротаба ўтказилган миллий эмлаш кунлари ҳам муваффақиятли якунланди.
Бирламчи бўғин фаолиятининг 10 йиллик ривожига бағишланган анжуманда мутахассисларимиз ҳамда халқаро экспертларнинг билдирган фикрлари тизим йўналишидаги ишлар ўз самарасини бераётганлиги ҳамда ушбу фаолиятлар келажакда янада такомиллашиб, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошишига катта ишонч билдирдилар.
Дилбар Элматова,
Навоий вилоят Кармана туман "Боғобод"
ҚВП мудираси:
– Бугунги кунда юртимизда фаолият олиб бораётган қишлоқ врачлик пунктлари аҳолининг ишончли ва яқин мададкорига айланиб улгурган. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, тиббиёт тизимини ислоҳ қилиш борасида давлатимиз томонидан қабул қилинаётган Қарор, Фармон ҳамда қонунларнинг моҳиятини халққа етказиш, аниқ белгиланган дастур асосида унинг ижросини таъминлаш тиббиётнинг бирламчи бўғинлари зиммасига ҳам масъулиятли вазифаларни юклайди. Ана шу мақсадда ҳудудимизда юқумли касалликлар ҳамда икки ёшгача бўлган болалар ўртасида камқонликнинг олдини олиш, инсонларда ўз соғлигига бўлган эътиборни янада кучайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўналишларида ижобий ишлар амалга оширилди. Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмаси малакали шифокорларининг қишлоғимизга тез-тез ташриф буюриб, фаолиятимиз билан танишиб, беморларга ташҳис қўйиш ва даволашда ҳам бевосита иштирок этаётганликлари кўзланган мақсадларимизга эришишимизда муҳим қадам бўлмоқда.
Ўтказилган мазкур илмий-амалий анжуман ўтган даврда тиббиётнинг бирламчи бўғинида жадаллик билан олиб борилган ислоҳотлар натижасида қилинган ишларни сарҳисоб қилиш билан бирга, билимларимиз янада ошишига ҳам кўмак берди. Унда билдирилган фикрлар фаолиятимизни янада мустаҳкамлаш, соҳада янги ғоялар ва масъулият билан ишлашимизга туртки бўлади.