UZ RU
02.10.2010

ХАЛҚАРО АҲАМИЯТГА ДОИР ФАОЛИЯТЛАР РИВОЖИ

Мазкур долзарб масалалар юзасидан мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ, кейинчалик Президентимизнинг 1998 йил 10 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонининг қабул қилиниши билан муайян тартиб-қоидалар ва ислоҳот йўналишларига қаратилган ягона тиббиёт тизими яратилди. Шубҳасиз, бу масала соҳа мутахассисларини янада чуқурроқ билимга, малака ва кўникмага эга бўлишини кўрсатиб берди. Амалиёт ва назария уйғун ҳолда соғлиқни сақлаш тизимидаги туб бурилишларни ижобий томонга, янгидан-янги ўзгаришлар сари ундаб келмоқда десак, хато бўлмайди. "Замон билан ҳамнафас" деган тушунчанинг амалиётга татбиқ этилиши тизимдаги ислоҳотларни чуқурлаштириб, малакали ва сифатли кадрлар тайёрлаш, аҳоли саломатлигини яхшилашда илғор технологияларни қўллаш сингари олий мақсадларни ўз замирида бирлаштира олди. Бу эса, ҳукуматимиз, қолаверса, давлатимиз раҳбарининг асосий эътибор ва ғамхўрлиги доирасида янада кенг босқичга кўтарилди.

Шу маънода Юртбошимизнинг 2007 йил 19 сентябрь ва 2 октябрдаги "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Фармони ҳамда "Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори тизимдаги туб ислоҳотларнинг такомиллашган ва янги кўринишдаги тузилмавий жараёнларнинг юзага келишига кенг йўл очиб берди. Айни кунда республика бўйлаб Фармон ва Қарор ижросини таъминлаш юзасидан керакли тадбир ва мақсадли йўналишларга қаратилган вазифалар белгилаб олинмоқда.

Тиббиёт ислоҳотларининг бош мақсади ҳам аҳолига кўрсатилаётган сифатли ва малакали тиббий хизмат турини яхшилаш, ривожлантириш ва такомиллаштиришдан иборатдир. Чунки, кейинги йилларда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, фуқароларнинг тиббий саводхонлигини ошириш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишга доир амалий тадбирларнинг олиб борилиши ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди. Аввало, соғлом миллат тушунчасини ижтимоий ҳаётда шакллантириш, соҳа ривожи йўлида қандай янгилик, қарашлар бўлса барини амалиётга татбиқ қилиш, салоҳиятли кадрларни тарбиялаш орқали тиббиёт тараққиёти мезонини юксалтириш сингари устувор вазифалар давлатимиз раҳбарининг кенг қамровли тиббиёт ислоҳотларини жадаллаштиришга қаратилган давлат дастурида ўз ифодасини топган. Йиллар давомида инсоният онгининг юксалиб бориши ўз-ўзидан талаб ва эҳтиёжнинг ортишига, сифатли ва малакали хизмат турларининг янада ривож топишига пойдевор бўлади. Фикримизни ойдинлаштирадиган бўлсак, тиббиёт ислоҳотларидаги узвийлик ва бардавомлик инсон манфаатларини кўзлаган ҳолда сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ўз замирида ифода эта олар экан.

Шунга кўра, ҳозирги вақтда барча тиббиёт муассасаларида даволаниш учун етарли имконият, қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, фақатгина ундан ўз вақтида унумли ва мақсадли фойдаланиш мажбурияти фуқароларнинг олдида турган вазифалардан биридир. Чунки, қайси бир ривожланган давлатни олманг, у ерда, албатта, сифат ва тажрибанинг етакчи мезонлардан эканлигининг гувоҳи бўламиз. Демак, айни кунларда замонавий тиббий техниканинг узлуксиз кириб келиши – босқичма-босқич амалга оширилаётган тиббиёт ислоҳотларининг борган сари чуқурлашувига олиб келмоқда. Ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, тизимда янги тиббиёт лойиҳаларининг жорий этилиши дастлабки қадамлардаёқ ўз самарасини берган эди.

Айниқса, "Саломатлик-1-2" ҳамда "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳаларининг республика ҳудудлари бўйлаб татбиқ этилиши, кенг мақсадли соғлиқни сақлаш тизимининг янги кўринишда шаклланиши, биринчи навбатда, тиббиёт ходимлари учун, иккинчидан эса аҳолининг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини янада кенгайтиришга замин яратди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу борада турли халқаро ташкилотлар билан олиб бораётган ҳамкорлик ишлари, мақсадли лойиҳалари ҳам айнан аҳоли саломатлигини яхшилаш баробарида тиббий хизмат сифатини оширишга йўналтирилганлиги билан характерлидир. Янги тиббиёт стандартларининг ишлаб чиқилиши, даволаш жараёнларида қўлланилаётган замонавий асбоб-ускуналар, кадрлар малакасини ошириш, дунё ҳамжамиятида етакчи тажрибага эга бўлиш сингари олий мақсадлар ислоҳотларнинг бош омилидир десак, хато бўлмайди.

Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғинининг дастлабки 10 йиллик ривожи"га бағишланган республика илмий-амалий конференцияси ҳам юқоридаги фаолиятларнинг амалий таҳлили ва эришилган ютуқларнинг натижавий сарҳисобидир, дейиш мумкин. Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш, Молия, Иқтисодиёт вазирликлари вакиллари, тиббиёт институтлари ректор ва ўқитувчилари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, Ўзбекистон врачлар ҳамда ҳамширалар ассоциациялари, шу билан бир қаторда "Саломатлик-2" (Жаҳон банки), "Аёллар ва болалар соғлигини мустаҳкамлаш" лойиҳалари (Осиё тараққиёт банки), халқаро экспертлар, USAID, ЖССТ, UNFPA, UNIСEF, GTZ халқаро ташкилотлар вакиллари ва умумий амалиёт шифокорлари, патронаж ҳамширалар иштирок этдилар.

Ҳақиқатан ҳам, анжуман кенг қамровда ташкил этилган бўлиб, иштирокчилар асосан секциядаги гуруҳларда муайян мавзуларда баҳс-мунозаралар олиб бордилар. Бундан кўзланган асосий мақсад – дунё миқёсидаги ютуқлар ва халқаро стандартларни бирламчи тиббий санитария ёрдами ва тиббиёт илми соҳасига татбиқ этиш, фаолиятда тажрибаларни бойитиш ва ислоҳотлар жараёнлари бўйича аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилашдан иборат. Асосий маърузалар бирламчи тизимдаги фаолиятлар, ислоҳот жараёнларида тиббиёт мутахассисларининг узлуксиз касбий таълим доираси, тиббий хизмат сифатини ошириш, ҳамшираларнинг амалиётдаги ўрни, бирламчи бўғинда аёлларнинг репродуктив саломатлиги, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш масалаларига қаратилди.

Тиббий хизмат сифатини ошириш – бу энг аввало, саломатликка бўлган эътиборни кучайтириш, тиббий назоратни яхшилаш, сифатли дори воситаларидан мақсадли фойдаланишни такомиллаштириш, шароити оғир ҳудудларда ҳам мавжуд имкониятларни яратиш, тиббий саводхонликни ошириш, фуқаролар ўртасида ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишдек тушунчаларни шакллантириш масалалари уйғун эканлигини кўрсатади. Юқоридаги вазифалар доирасида фикр юритилган масалалар тизимнинг турли соҳаларга дахлдорлиги билан ажралиб туради. Бу бевосита қишлоқ врачлик пунктлари, аёллар ва болалар соғлигини муҳофаза қилиш масканлари, аҳолининг ўсмир ёшдаги қатламлари, сифатли дори маҳсулотларини рационал тарқатиш бўйича қилинаётган ишларга йўналтирилган. Чунки, кейинги пайтларда хориждан кириб келаётган дори маҳсулотларининг талаб даражасида эмаслиги, натижада эса инсонлар саломатлигига етказилаётган зарар, салбий оқибатлар ва бу борада республикамизда олиб борилаётган дори сиёсати назоратининг муҳим объект ҳисобланиши тадбир давомида мутахассислар томонидан эътироф этилди. Анжуман давомида сўзга чиққанлар ҳам тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган ислоҳотлардаги сифат самарадорлигини ошириш юзасидан қилинган ишлари билан фикр-мулоҳаза алмашдилар.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий хизмат сифатини ошириш жараёни кўп компонентлардан иборат бўлиб, бу ўз замирида тиббиёт ходимларининг билим савияларини бойитиш, дориларни тўғри ишлатиш, беморлар тиббий саводхонлигини ошириш ҳамда узлуксиз давом этаётган фаолиятларга кенг оммани жалб этиш сингари вазифаларни мужассамлаштиради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ва USAID халқаро ташкилотлари томонидан мақсадли тиббиёт лойиҳаларининг амалиётда қўлланилаётганлиги ҳеч шубҳасиз айтиш керакки, ўз самарасини бермоқда. Ўйлайманки, эндиликда ушбу тизимда қандай лойиҳа ишлаб чиқилса ҳам, албатта уларнинг барчаси бутун республика бўйлаб татбиқ этишга киришилади. Чунки, инсон саломатлиги бош омил, шундай экан, ҳар қандай долзарб масала олдида барча ташкилот раҳбарлари бирдек масъулиятни ҳис этадилар, – дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Искандар Исмаилов.

Анжуман давомида дастурда белгиланганидек, гуруҳларда олиб бориладиган музокараларда клиник амалиёт ва янгиликларни бирламчи бўғинда татбиқ этиш бўйича сил ва юқумли касалликларни ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш, жамоа соғлиги муаммолари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёллар ўртасидаги тиббий-ижтимоий муаммоларни ҳал этиш ва сифатли тиббий хизмат даражасини ошириш, шунингдек, тиббий таълим масалалари кўриб чиқилди.

Умид қиламизки, ўтказилган мазкур анжуман барча мутахассисларни масъулиятли ва мақсадли лойиҳа олдида жипслаштириб, уларнинг кейинги фаолиятларидаги тажриба кўламлари кенгайишига йўл очиб беради. Демак, сифат ва тажриба, том маънода, тиббиёт тараққиётининг бош мезонига айланиши билан характерлидир. Ўн йиллик давомида амалга оширилган ишлар бардавом бўлиб, аҳоли саломатлигини яхшилашда юқори натижаларни кўрсатади, деб ишонч билдирамиз.