ИЛМИЙ САЛОҲИЯТНИ ОШИРИБ
Жорий йилнинг 13-14 сентябрь кунлари Тошкент шаҳрида "Онкологик касалликларга юқори технологиялар ёрдамида ташҳис қўйиш ва даволаш" мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда Республика онкология илмий маркази ходимлари, вилоятлардаги онкологлар ҳамда халқаро мутахассислар иштирок этди.
Конференциянинг кун тартибида онкологик касалликларнинг ташҳиси ва даволашда юқори технологияларни қўллаш, Ўзбекистон Республикасида миллий кансер-регистр ҳамда онкологик хизматни ташкил қилиш, шунингдек, ўсма касалликларини хирургик ва консерватив даволашнинг янги тамойилларига бағишланган асосий масалалар кўриб чиқилди.
Тадбирни Республика онкология илмий маркази директори С. Наврўзов республика тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлатимиз томонидан онкологик хизматга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ва бу борада самарали фаолиятлар амалга оширилиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ошиб бораётганлигини таъкидлаб ўтди.
Айтиш муҳимки, давлатимиз томонидан соҳага оид чиқарилаётган ҳар бир фармон ва қарорларнинг туб моҳияти инсон саломатлигига йўналтирилган экан, соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар бир йўналишида ўзига хос тарзда диққатга молик ишлар ўз ифодасини топмоқда. Шу жумладан, Республика онкология илмий марказида ҳам фаолиятлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Айниқса, марказнинг янги технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланиши боис, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даво муолажаларини ўз вақтида олиб бориш ишлари тўғри йўлга қўйилган бўлиб, онкологик касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, республика миқёсидаги онкологик диспансерлар ҳам замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, у ердаги фаолиятлар ҳам талаб даражасида олиб борилмоқда.
– Республикангизда аҳолига кўрсатилаётган онкологик хизматнинг амалдаги ижобий фаолиятларини кўриб, марказда яратилган барча шарт-шароитлар бугунги давр талабига жавоб бера олиши ҳамда жаҳон стандартлари бўйича ва юксак тиббий технологиялар асосида даволаш ишларини жадаллик билан олиб борилаётганлигининг гувоҳи бўлдик, – дейди Россия онкология илмий маркази етакчи илмий ходими Андрей Мешаряков.
Яна шуни эътироф этиш жоизки, марказда илмий изланишларга катта эътибор қаратилиб, бу борада олимлар янгиликлар сари интилиб, онкология йўналишидаги муаммолар ечимини топишда изланиб, бор илмий салоҳиятларини ишга солиб келмоқдалар. Улар хавфли ўсимта касалликларини даволашнинг илғор услубларини ишлаб чиқиш юзасидан изчил тадқиқотлар олиб бормоқдалар.
– Олиб борилаётган ишлар натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдам кўлами ва сифати кундан-кунга ошиб, бир йил давомида 10000 нафарга яқин бемор даво муолажаларини олмоқда. Бундан ташқари, бошқа хорижий давлатлардан ҳам йилига 200 нафарга яқин бемор келиб ўз соғлигини тиклаб кетмоқда. Йилига ўртача 3500 га яқин хирургик амалиётлари бажарилади ва шулардан 1000 тага яқини юқори технологик жараёнларда амалга оширилади. Шунингдек, охирги йилларда юқори технологик операциялар сони ортиб бормоқда, – дейди Республика онкология илмий маркази директори, профессор С. Наврўзов.
Анжуманда республикамизда онкология хизматининг бугунги фаолияти ва келгусидаги вазифалар, сут бези, ўпка, бачадон ва лимфа тўқималари саратонини даволашнинг янги усуллари, шунингдек, касалликларга оид фойдаланиладиган препаратларнинг хусусиятлари ҳамда шаҳар, вилоятлардаги онкология диспансерларининг фаолиятдаги ўрни, эришилаётган ютуқлари ва бунинг баробарида муаммо бўлиб турган масалалар бўйича маърузалар тингланди.