UZ RU
02.10.2010

ХОЛИСОНА ЁНДАШУВ ВА ИШОНЧЛИ ХИЗМАТ

Инсон соғлиги ва унинг манфаатлари давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири эканлигини яхши биламиз. Шундай экан, давлатимиз томонидан яратилаётган барча шарт-шароитлар бундан мустасно эмас. Айниқса, Юртбошимиз томонидан соғлиқни сақлаш тизимига қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли кўплаб тиббиёт муассасалари замонавий қиёфани кашф этган бўлса, юқори технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланиши аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Эътирофлиси шундаки, тиббиёт муассасаларида фуқароларнинг даволаниши ҳамда саломатлигини тиклаш учун имкониятларнинг мавжудлиги ҳеч биримизни бефарқ қолдираётгани йўқ. Бунинг исботи сифатида айтиш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда "Ўзбекистонда Соғлиқни сақлаш – Здравоохранение Узбекистана" газетасига кўп сонли фуқаролар томонидан келаётган миннатдорчилик хатларида улар шифо масканларидаги шароитлар ҳамда шифокору ҳамшираларнинг ўз касбларига бўлган садоқати ва хушмуомалалиги тўғрисида фахрланиб ёзадилар. Таъбир жоиз бўлса айтиш лозимки, ҳамма жойда ютуқ билан бир қаторда, камчиликлар борлигини ҳам инкор эта олмаймиз. Шундай экан, тиббиёт соҳасига оид давлатимиз томонидан чиқарилаётган Қонун, Фармон ва Қарорлар замирида инсон соғлиги муҳофазаси ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадлари ётади. Ана шундай меъёрий ҳужжатлар ижросини таъмин этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, "Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонун ижросини таъминлаш бўйича вазирлик тасарруфидаги республика тиббиёт муассасаларида "Ишонч телефонлари"ни ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. Мазкур фаолиятларга ойдинлик киритиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорат инспекцияси бошлиғи Ўктам Сафоевич Исмаилов билан суҳбатда бўлдик.

– Ўктам Сафоевич, юқорида таъкидлаганимиздек, инсон соғлиги ва унинг манфаатлари давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири экан, бу албатта вазирлик зиммасига катта масъулият юклайди. Шундай экан, инсон соғлиги борасида асосий ўринга эга бўлган "Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонун ижросини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Албатта, жамият тараққиётининг ривожи инсон саломатлигига боғлиқ экан, ҳар бир тиббиёт ходими олдидаги асосий вазифа инсон соғлигини муҳофаза қилиш, унга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббий деонтология қоидаларига риоя этиш ҳамда ўз касбини суиистеъмол қилмасликдан иборатдир. Республикамиз тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган кўплаб мутахассисларимиз касбларига садоқат билан ёндошиб, беморларга тиббий муолажаларни ўз вақтида, аъло даражада бажариб келаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Лекин айрим тиббиёт ходимларининг ишларига совуққонлик билан қараши ҳамда суиистеъмолликка йўл қўйишлари ҳам учраб турибди. Ана шундай, кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида "Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида"ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 июлдаги 210-сонли буйруғига асосан "Ишонч телефонлари" ташкил қилинди.

– "Ишонч телефонлари"нинг асосий вазифаси нималардан иборат?

– "Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғриси"даги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида "Ишонч телефонлари"нинг асосий вазифаси соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида тиббиёт ходимлари томонидан содир этилаётган таъмагирлик ва порахўрлик иллатларига қарши курашишдан иборатдир.

– Мазкур фаолиятлар республикамизнинг барча тиббиёт муассасаларида жорий қилиндими?

– Айни кунда "Ишонч телефонлари" Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ҳамда Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида фаолият юритмоқда. Қолган шаҳар, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаларида ҳам ташкилий ишлар олиб борилмоқда ва улар ҳам тез кунда ўз "Ишонч телефонлари"га эга бўладилар.

– Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси ҳамда Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаларидаги "Ишонч телефонлари" қандай йўналишда иш олиб бораётгани хусусида тўхталсангиз.

– Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2010 йил 15 июлдаги "Ишонч телефонлари"ни ташкил қилиш бўйича 210-сонли буйруғи ижроси бўйича Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармасининг 2010 йил 19 июлдаги 127-сонли буйруғи чиқарилиб, Тошкент шаҳридаги барча туман тиббиёт бирлашмаси қошида "Ишонч телефонлари"ни ташкил қилиш бўйича ички буйруқлар асосида масъул шахслар тайинланди ва ҳозирги кунда улар мунтазам ишламоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси қошида Тошкент шаҳридаги "Ишонч телефонлари" фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида махсус ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, ҳар ҳафта йиғилиш ўтказиб келинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси тасарруфидаги даволаш-профилактика муассасалари махсус бир хил ҳажмдаги (0,7х1,0) банерлар билан таъминланди. Барча маҳалла гузарларига А4 форматда плакатлар тарқатилди.

– Фуқароларнинг асосий мурожаатлари нималардан иборат бўлаяпти?

– 2010 йил 20 июлдан 20 августгача фуқаролар томонидан 219 та мурожаат келган. Уларнинг (қўнғироқ) асосий мазмуни даволаш-профилактика муассасаларига даволаниш ва дори-дармон масаласи бўйича 26 фоиз, бепул даволаниш учун ордер олиш масаласи бўйича 19 фоиз, тиббий ходимларнинг қўпол ҳаракати 6 фоиз, тиббий ахборот олиш учун 32 фоиз, ходимларни ишга жойлаштириш масаласи ва ташаккурнома 12 фоиз ҳамда тиббий хизматга алоқадор бўлмаган мурожаатлар 5 фоизни ташкил қилди.

Шунингдек, Тошкент вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 2010 йил 19 июлда 159-сонли буйруғи чиқарилган бўлиб, вилоятдаги барча туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида "Ишонч телефонлари" ташкил қилиш бўйича ички буйруқлар чиқарилган ва масъул шахслар тайинланган. Ҳозирги кунда вилоят барча ДПМларида "Ишонч телефонлари" ишлаб турибди.

Фуқаролар томонидан келаётган мурожаатларнинг (210 та қўнғироқ) асосий мазмуни даволаш-профилактика муассасаларига даволаниш ва дори-дармон масаласи бўйича 25,3 фоиз, бепул даволаниш учун ордер олиш масаласи бўйича 29,3 фоиз, тиббий ходимларнинг қўпол ҳаракати 3,7 фоиз, тиббий ахборот олиш учун 20 фоиз, ходимларни ишга жойлаштириш масаласи 9,7 фоиз ва ташаккурнома 9 фоиз ҳамда тиббий хизматга алоқадор бўлмаган мурожаатлар 4 фоизни ташкил қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси Тошкент шаҳар бўлими тавсиясига кўра, беморларга қўпол муомалада бўлган 8 нафар тиббий ходимга интизомий чора қўлланилди.