ФАОЛИЯТЛАР РИВОЖИДАГИ ТАҲЛИЛИЙ НАТИЖАЛАР
Жорий йилнинг 16-17 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги "Le Grand Plaza" меҳмонхонасида "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғинининг дастлабки 10 йиллик ривожи" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Анвар Алимов кириш сўзи билан очиб, соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида амалга оширилаётган ижобий фаолиятлар хусусида тўхталиб, бу борада самарали натижаларга эришилаётганлиги, айниқса, бирламчи бўғинни ислоҳ қилиш борасидаги ишлар бугун ўз маҳсулини бераётганлигини алоҳида эътироф этди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар вакилларидан Д. Исамиддинова (Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакили в.б.), Джон Пеннел (USAID), И. Исмаилов (ЖССТ), Ф. Алиев (UNFPA), Жан Мишель (UNICEF), Х. Армин (GTZ)лар ҳам сўзга чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида бошланган фаолиятлар бугунги кунда ўз маҳсулини бераётганлиги ва бундай эзгу ниятлар замирида инсон саломатлиги нақадар муҳимлиги ҳамда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошганлигини, бунинг баробарида эса, узлуксиз таълим жараёнларининг давом этаётганлигига атрофлича тўхталиб ўтдилар.
Таъкидлаш муҳимки, 1998 йил 10 ноябрда Юртбошимизнинг ПҚ-2107-сонли "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида"ги Фармонининг қабул қилиниши ва унинг амалиётдаги ўрни замонавий тиббиётнинг янгича кўринишларини ижтимоий ҳаёт доирасига олиб кириб, аҳолининг тиббиётга бўлган ишончи ва эътиборини кучайтириб, жойларда халқ саломатлиги йўлидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириб юборди. Айниқса, тизимнинг бирламчи бўғинида изчиллик билан олиб борилган ҳамкорликдаги фаолиятлар ўн йил давомида ўзининг ижобий маҳсулини бераётганлиги ҳеч биримизга сир эмас. Бугунги кунда республика миқёсида 3175 та замонавий қишлоқ врачлик пунктларининг янги технологиялар ҳамда малакали кадрлар билан таъминланаётганлиги аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатининг кундан кунга ошиб бораётганлигида ўз ифодасини топмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Саломатлик-2" (Жаҳон банки), "Аёллар ва болалар саломатлиги мустаҳкамлаш" (Осиё тараққиёт банки) қўшма лойиҳалари ҳамкорлигида умумий амалиёт шифокорларини тайёрлаш ўқув курслари ҳамда патронаж ҳамшираларини узлуксиз таълим жараёнларида билим ва малакаларини ошириш ишларига қаратилган эътибор туфайли, тиббиёт ходимларининг ҳар бир оилага чуқур кириб бориши уларнинг ўз соғликларига эътибори ҳамда тиббиётга бўлган ишончини оширмоқда.
Икки кун давом этган мазкур анжуманда мутахассислар томонидан "Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизими бирламчи бўғинини ислоҳ қилиш: эришилган ютуқлар ва ривожланиш истиқболлари", "Янги шаклдаги умумий амалиёт шифокори – тиббиёт таълимидаги замонавий ғоялар. Халқаро тажриба", "Умумий амалиёт шифокори – Ўзбекистонда янги формациядаги шифокор", "Бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатиш доирасида аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш", "Янги шаклдаги тиббиёт ҳамшираси: замонавий ғоя ва талаблар. Халқаро тажриба", "Умумий амалиёт шифокорларининг узлуксиз тиббий таълим тизимини татбиқ қилишдаги ютуқ ва муаммолари", "Патронаж ҳамшираларининг узлуксиз тиббий таълим тизимини татбиқ қилишдаги ютуқ ва муаммолари" ва бошқа мавзуларда маърузалар қилинди. Куннинг иккинчи ярмида анжуман иштирокчилари гуруҳларга бўлиниб, долзарб мавзулар бўйича иш олиб бордилар.
Кенг аудиторияда ўтказилган бундай нуфузли анжуман бирламчи тизим янада ривожланишига замин яратиши шубҳасиз.