UZ RU
23.09.2010

Никоҳ шартномаси оила муносабатларини мустаҳкамлайди

Ҳар бир одамнинг оила ҳақидаги тасаввурлари ва тушунчалари турлича бўлиши мумкин. Аммо нима бўлганида ҳам ҳар қандай одамнинг ҳаёти туғилиш вақтидан бошлаб токи умри поёнига етгунича оила негизида ўтади. Айнан оила негизида инсон ижтимоий муносабатларнинг субъектига айланиб боради ва вақти келиб ўзи яшаб турган жамиятнинг тўлақонли аъзоси бўлиб етишади.

Оила бирламчи моддий ёрдам ва маънавий-руҳий мадад олишимиз мумкин бўлган муқаддас даргоҳдир. Оила негизида аждодлардан авлодларга мерос бўлиб умуминсоний қадриятлар, миллий урф-одатлар, анъаналар, маданият асослари ўтиб келади.

Ҳар бир оила мустаҳкам, фаровон бўлса, жамият ҳам яшнаб, униб-ўсади, давлатда тинчлик ва барқарорлик қарор топади. Бир сўз билан айтганда, оила жамиятнинг негизидир.

Юридик нуқтаи назардан олиб қаралса, оилабир неча киши ўртасида қондошлик ва қардошлик асосида қарор топадиган алоҳида ҳуқуқ ва мажбуриятлар ифодасидир. Оилавий муносабатлар одатда, энг аввало, турмуш қурган эркак ва аёл ўртасида юзага келиб, шунинг замирида, тобора кенгайиб боради ва кейинчалик ота-оналар ва болалар, ака-ука, опа-сингиллар, бува, буви ва неваралар, айрим ҳолларда эса ўгай ота-она ва болалар, ўз тарбияси ва боқимига болаларни қабул қилган фуқаролар (болани боқиб олувчи шахслар, васийлар, амалда болага тарбия берувчилар, болани асраб олган ота-оналар) ўртасидаги ўзига хос муносабатларни қамраб олади. Баъзи ҳолатларда (масалан, оилада фарзанд туғилмади ва эру хотин болани асраб олишга қарор қилишди, ёки турмуш бузилиб кетиб хотин киши собиқ эридан болани боқиш учун алимент талаб қилади ва ҳоказо) тор доирадаги оилавий муносабатлар зиддиятли тус олиб ижтимоий муносабатлар доирасигача кенгайиб кетади. Шундай вазиятларда ўзаро муносабатлар негизидаги зиддиятларни давлат тизими томонидан ўрнатилган қонунлар ва тегишли давлат органлари ёрдамида ҳал этишга тўғри келади. Айтмоқчимизки, оила, жамият, амалдаги ҳуқуқ ҳамда давлат тизими ўртасида ҳамиша узвий алоқадорлик мавжуд. Оила, оила аъзоларининг ҳақуқуқлари давлат ҳимоясидадир.

Биз илгари оилавий муносабатлар жамиятнинг ёш аъзолари ўртасида никоҳ тузилиши билан бошланади деб айтиб ўтгандик. Аслини олганда, эркак ва аёл кишининг бир-бирига талпиниши, суяниши ва иттифоқ тузиши табиий ҳолдир. Фақатгина табиатда намоён бўладиган устувор ҳиссиётлар одамлар орасида маданийлашиб алоҳида бир тартибга бўйсундирилган. Жамият аъзолари ўзаро ниқоҳлашиб турмуш қурадилар ва шу тариқа янги бир оилага асос соладилар. Ниқоҳ икки ёшнинг ихтиёри ва розилиги билан тузилади. Юридик жиҳатдан ниқоҳланган ва янги оилага асос солган келин ва куёв ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни зиммасига олишади.

Ўзаро ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, ишонч асосида шаклланган янги оила аъзолари ўртасида бир қатор ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келадики, уларнинг орасида мулкий муносабатлар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Оила аъзолари ўзаро тотувликда, меҳр оқибатли бўлиб яшаса, олам гулистон. Аммо айрим ҳолларда оиладаги тотувлик, меҳр-оқибат зил кетиб, оила бузилиши мумкин. Шундай кезларда оила аъзолари ўртасида мулкий муносабатлар негизидаги кучли зиддият юзага келади.

Оила қурган ёхуд оила аъзоси бўлган жамият аъзоларининг мулкий муносабатлари бошқа хил муносабатлари кабиОила кодексига асосан белгиланади. Бу борада юзага келиши мумкин бўлган зиддиятлар ҳам айнан шу қонуний ҳужжатга асосан ҳал этилади.

Турмуш қуришга аҳд қилган икки ёш келгусида мулкий муносабатлардаги зиддият туфайли оиласини пароканда бўлишига йўл қўймаслик мақсадида никоҳ шартномасини тузиши мумкин. Никоҳ шартномасини фуқаролик ҳолатларини қайд этувчи давлат органи томонидан янги оиланинг қурилиши ҳақидаги келишув расман тасдиқланишидан аввалроқ ёхуд кейинчалик тузса ҳам бўлади. Никоҳ шартномасида ҳар икки томоннинг мулкий ҳуқуқи алоҳида белгиланиши, ўзаро муносабатлар доирасида томонларнинг ҳақуқуқлари ва мажбуриятлари конкрет кўринишда қайд этилиши мумкин. Никоҳ шартномаси тузилиб томонлар ўз имзоси билан уни тасдиқлаганидан кейин у қонуний кучга киради. Шу вақтдан буён никоҳ шартномасини бир ёқлама бекор қилиш мумкин бўлмайди. Никоҳ шартномаси томонларнинг ўзаро келишуви асосида исталган вақтда бекор қилиниши ёхуд қайтадан кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши мумкин.

Агарда алоҳида ҳолатлар қайд этилмаган бўлса, тузилган никоҳ шартномаси эр ёки хотин томонидан ажралиш ҳақидаги ариза билан суд органларига мурожаат этиб расмий равишда оилавий муносабатлар бекор қилинмагунича ҳақиқий ҳисобланади.

 

Асқар ПЎлатов

“SOG`LOM AVLOD”

36-SON