UZ RU
23.09.2010

Битикларга жо бўлган олам

Аждодларимизнинг бемисл тафаккур маҳсули бўлган қадимги тошёзув ва битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, қўлёзмалар наинки миллий, балки умумбашарий маънавиятнинг энг ноёб сарчашмаларидандир. Аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда ушбу манбаларнинг аҳамияти беқиёс. Шу боис асрлар оша бизгача етиб келган бундай бой маънавий меросимизни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга асл ҳолича етказиш, улардан ёш авлодни юксак маънавиятли шахслар этиб тарбиялашда кенг ва самарали фойдаланиш долзарб вазифалардандир.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти директори, тарих фанлари доктори Баҳром АБДУҲАЛИМОВ билан шулар хусусида суҳбатлашдик.

– Биз глобаллашув жараёнлари тобора чуқурлашаётган, инсон онги ва тафаккурини эгаллашга интилишлар тобора кучаяётган замонда яшаяпмиз, – дейди Б.Абдуҳалимов. – Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бундай шароитда жамият тараққиётининг асоси, уни муқаррар ҳалокатдан қутқариб қоладиган ягона куч – маърифатдир. Маърифатли инсон ўзлигини англашга, теран томирларини идрок этишга интилади. Бунга эришиш учун тарихни билиш муҳим аҳамиятга эга.

Институтимиз қўлёзмалар фондида 25 минг жилддан зиёд қўлёзма китоблар, минглаб ноёб тарихий ҳужжатлар сақланади. Улар турли соҳаларга оид бўлиб, халқимизнинг тарихи, маданияти, жаҳон фанига қўшган ҳиссаси, ўтмишдаги ҳаёт тарзини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тарихимизни холисона ўрганиш ва жаҳон миқёсида кенг намойиш этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Илмий тадқиқот ва илм-фан масканларида бу фаолиятни изчил амалга ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, шарқшунос, манбашунос, тарихчи, музейшунос ва археолог олимлар ўз изланишларини холис ва ҳаққоний амалга ошириш, дунёнинг нуфузли илм-фан марказлари билан ўзаро тажриба ва маълумот алмашиш, манбаларни чуқур ўрганиш имкониятига эга.

– Тарихни ўрганишда фондларда сақланаётган каталоглардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш тад­қиқотчилар ва китобхонлар учун қулайлик яратади. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз.

– Қўлёзмаларни илмий асосда тавсифлаб, каталоглар яратиш институтимиз илмий фаолиятининг асосий йўналишларидандир. Уларда асарларнинг номлари, қисқача мазмун-мундарижаси, муаллифи, ҳажми, ёзилган ва кўчирилган санаси, бошқа энг зарур маълумотлар қайд этилади. Бундай каталоглар турли соҳалар мутахассисларига ўз илмий тадқиқотлари учун зарур маълумотларни тез ва осон топишга ёрдам қилади. Мустақиллик йилларигача қарийб ярим аср давомида яратилган 11 жилдли каталогда инс­титутимиз хазинасида сақланаётган асарларнинг, ҳатто чорак қисми ҳам қамраб олинмаган.

Истиқлол шарофати билан бу ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, муайян мавзулар бўйича алоҳида каталоглар яратишга киришилди. Тад­қиқотлар натижасида 1998-2000 йилларда тарих, табиий фанлар ва тиббиётга оид қўлёзмалар тавсифини ўз ичига олган учта каталог нашр этилди. Уларда муайян фан ва унинг тармоқларига тегишли деярли барча қўлёзмалар ҳақида бирламчи маълумотлар тўла қамраб олингани тадқиқотчилар учун катта қулайлик яратди.

Институтимиз хазинасида сақланаётган ноёб тарихий ҳужжатларни ўрганиш ишлари ҳам изчил давом этаётир. Тадқиқотлар натижасида фонддаги уч мингдан зиёд тарихий ҳужжатларнинг фихристи тузилди. Унда ҳужжатларнинг таркиби, даври, мазмун-мундарижаси ҳақида аниқ маълумотлар берилган. Бу тарихий манбаларни ўрганишда хориждаги етакчи илм-фан марказлари билан йўлга қўйилган алоқалар ўз самарасини бераётир. «ХIХ-ХХ аср бошлари Хива қозилик ҳужжатлари каталоги» Японияда, «Марказий Осиё ёрлиқлари каталоги» Германияда чоп этилди.

Шарқшунос ва манбашунос олимларимиз юртимиздаги бошқа қўлёзмалар хазиналарида сақланаётган манбаларни ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

– Манбашуносликда қўлёзма асарлар таржималарини асл матни билан бирга нашр этиш анъана тусини олмоқда. Бунинг сабаби нимада?

– Тўғри, ҳозирги вақтда институтимизда қўлёзма асарлар таржимасини асл матн билан бирга нашр этишга эътибор кучайди. Чунки ҳар қандай таржимада муайян камчиликлар бўлиши мумкин. Асл манбанинг берилиши таржимадаги нуқсонларни бартараф этиш, тадқиқотчиларга бевосита асл манбадан фойдаланиш имкониятини яратади.

Бундай изланишлар ўз натижаларини бермоқда: Носириддин Тўранинг «Бухоро арки ҳақида тадқиқот», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Ахлоқи муҳсиний» асарлари таржималари ва уларнинг нодир форсий қўлёзмалари факсимил нусхаси билан бирга чоп этилди.

Айни пайтда шу усулда ХVI-ХIХ асрларга оид бир қанча қимматли манбаларнинг ҳам туркий ва форсий тиллардаги илмий-танқидий матнларини яратиш ишлари якунига етмоқда. Бу туркумдаги ишларнинг нашр этилиши юртимиз тарихининг нисбатан кам ўрганилган даврларини чуқур ёритиш, тарихимизга оид билим ва тасаввурларимизни бойитиш имкониятини беради.

– Глобаллашув шароитида «оммавий маданият» ниқоби остида миллий маънавиятга ёт ғоялар ва оқимлар таъсири кучайиб бормоқда. Бундай муаммолар илдиз отишининг олдини олиш ва ёшларимизни унинг салбий таъсиридан ҳимоялашда тад­қиқотлар қандай ўрин тутади?

– Дарҳақиқат, тезкор асримизда инсон камолотига хизмат қиладиган ютуқлар билан бир қаторда, одамзотни, айниқса ёшларни ўзлигидан маҳрум этишга йўналтирилган турли маънавий таҳдидлар ҳам куча­йиб бормоқда. «Оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимизга ўз таъсирини ўтказаётган иллатларнинг салбий оқибатларини сезмай илож йўқ. Президентимиз бу хусусдаги чиқишларида фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра муҳим аҳамият касб этаётганини уқтириб келмоқдалар. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғоясини янада чуқурроқ сингдириш долзарб вазифага айланмоқда.

Бундай тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш илм-фан аҳли зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Бу вазифаларни бажариш мақсадида илмий изланишлар жараёнида қўлга киритилаётган янгиликларни кенг оммага, айниқса, ёш авлодга тўла-тўкис етказишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ишлардан ёшларимиз олий ўқув юртларида ўқитилаётган шарқшунослик, манбашунослик, тарих, диншунослик, фан тарихи ва бошқа ўқув курслари орқали кенг хабардор бўлмоқда. Зеро, ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган инсоннинг маънавияти ҳам юксак бўлади. Бундай теран тафаккурга ва дунёқарашга эга инсон ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди, ҳар хил зарарли иллатлар таъсирига берилмайди.

Мустақиллик туфайли тараққиётнинг ойдин йўлига чиққан илм-фанимиз ана шундай эзгу мақсадлар йўлида тобора ривожланмоқда. Унинг ютуқлари эса ўзлигимизни кенг намоён этиш, навқирон авлоднинг интеллектуал салоҳиятини, маъанавиятини юксалтириш, хорижий мамлакатлар билан илмий-маданий алоқаларни мус­таҳкамлаш, бой тарихимизни холис ўрганиш ва жаҳонга кенг намойиш этиш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Баҳор ХИДИРОВА

Суҳбатлашди

“SOG`LOM AVLOD”

36-SON