ТУҒМА ГИПОТИРЕОЗ
Янги туғилган чақалоқларни оммавий тарзда тиббий кўрикдан ўтказишнинг ўзига хос тури бўлган пренатал ва неонатал скрининг текширувлари ёрдамида хавфли ирсий касалликлар аниқланиши мумкин. Туғма гипотиреоз шундай хасталиклардан биридир. Бу касалликнинг клиник хусусияти шундаки, гўдакда қалқонсимон без фаолиятининг етишмовчилиги кузатилади. Хавфли хасталик ўз вақтида аниқланмаса ва даво чоралари қўлланмаса, оғир жисмоний ва ақлий камчилик (нуқсон)лар ривожланади.
Қалқонсимон без уч хилдаги кимёвий модда – трийодтиронин, тироксин ва тирокальцитонинни ишлаб чиқаради. Трийодтиронин, тироксин каби гормонларнинг таркибида йод моддаси устувор бўлади. Йод организм учун муҳим ҳаётий манбалардан ҳисобланади. Организмда трийодтиронин, тироксин гормонларининг аҳамияти кишининг ёшига қараб ўзгариб туради. Ҳомиладорлик ва гўдаклик вақтида номи зикр этилган гормонларнинг фаол иштирокида организмдаги суякларнинг (остеогенез), асаб тизими (айниқса, бош мия)нинг шаклланиши юз беради.
Катта ёшли одамларда остеогенез ва асаб тизимининг шаклланиш жараёнлари маромига етиб улгургани боис қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонлар организмдаги энергетик жараёнларни тартибга солишда қатнашади.
Қалқонсимон без трийодтиронин, тироксиндан ташқари тирокальцитонин ҳам ишлаб чиқаради. Ушбу гормон ёрдамида организм учун керакли миқдордаги кальций моддаси тўпланади. Кальций суяклар ва тишларнинг шаклланишида муҳимдир.
Тиббий нуқтаи назардан олиб қаралса, туғма гипотиреоз қалқонсимон без фаолиятининг батамом ёхуд қисман издан чиқиши билан кечувчи эндокрин хасталик. Бу ҳолат трийодтиронин (Т3) ва тироксин (Т4) каби гормонлар ишлаб чиқарилишининг тўлиқ ёки қисман бузилиши билан изоҳланади. Туғма гипотиреоз хасталигига чалинган гўдакда қалқонсимон без организм учун талаб қилинадиган гормонларни етарлича ёки умуман ишлаб чиқаролмайди. Туғма гипотиреоз ҳомиладорлик вақтидаёқ ривожланадиган нуқсон ҳисобланади.
Хасталик 5000 нафар боладан биттасида учрайди. Бу хавфли ирсий касаллик қиз болаларда ўғил болаларга нисбатан икки ярим баробар кўпроқ ҳолатларда учрайди.
Туғма гипотиреоз хасталигига чалиниш вақтида гипоталамус, гипофиз ва қалқонсимон без каби аъзоларнинг иш фаолияти издан чиқади. Туғма гипотиреоз бирламчи касаллик сифатида шаклланади. Яъни касалликка чалиниш вақтида қалқонсимон безнинг тузилиши ва функционал фаолиятида турли хил камчиликлар кузатилади.
Замонавий тиббиёт туғма гипотиреоз ривожланишининг асл сабабларини аниқ тушунтириб беролмайди. Шу вақтгача ушбу хавфли касалликни генлар даражасида юз берадиган қандайдир нуқсонлар келтириб чиқаради деб ҳисоблашади. Туғма гипотиреозга чалинишнинг 80 фоизидан ортиқ ҳолларда ушбу хавфли хасталик спорадик характер касб этади, яъни касалликнинг ирсий йўллар билан ўтишини тасдиқлайдиган ёки касалликнинг қандайдир популяция билан ўзаро алоқаси борлигини изоҳлаб берувчи ҳеч қандай клиник аломатлар топилмаган. Қолган ҳолларда гипотиреоз туғма хусусият касб этади, бошқача қилиб айтганда, хасталик ота-онанинг бирортасида аниқланадиган мутант ген туфайли ривожланиши маълум бўлган. Бирламчи, туғма гипотиреоздан фарқли ўлароқ нисбатан кам учрайдиган туғма иккиламчи гипотиреоз ҳам аниқланган. Касалликнинг бу турида гипофиз, яъни қалқонсимон без фаолиятини бошқарадиган муҳим аъзонинг иш фаолиятида камчилик ёки нуқсон ривожланади.
Туғма гипотиреозга чалинган гўдакларнинг организмида қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган алоҳида турдаги гормонларнинг ишлаб чиқарилиши издан чиқишининг хавфли оқибатлари хусусида айтиладиган бўлса, шуларни таъкидлашимиз жоиз: энг аввало, қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган гормонларнинг етишмовчилиги туфайли бош ва ўрта мия меъёрида ишлай олмаслиги, асаб тизими, ички қулоқ ва асаб тизимининг бошқа тузилмалари фаолияти меъёрида бўлмаслиги кузатилади. Асаб тизимининг шаклланишида кузатиладиган камчилик ва нуқсонлар маълум муддат ўтгач жиддий тус олиб кейинчалик даволаб бўлмайдиган оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Туғма гипотиреозга чалинган гўдакларнинг психосоматик ривожланиши кескин ўзгаради, бола физиологик ҳамда руҳий ривожланиш бобида ўз тенгдошларидан анча орқада қолади. Туғма гипотиреознинг оғир асоратларидан бири кретинизмдир. Кретинизм учун боланинг психомоторик ривожланишида кескин салбий ўзгаришлар кузатилиши характерли бўлади. Бу дардга чалинган болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланишида жиддий камчиликлар кўзга ташланиб туради. Туғма гипотиреозга чалинган гўдаклар организмидаги айрим касаллик аломатлари яққол кўриниб туради. Баъзилари эса кейинчалик юзага чиқади. Гўдакларнинг туғма гипотиреозга чалингани ҳақида қуйидаги аломатлар дарак беради: ҳомиладорлик муддатларининг 40 ҳафтагача чўзилиши, муддатидан ўтиб туғилишига қарамай боланинг ривожланишида бирон бир анатомик ёки физиологик нуқсонларнинг кўзга ташланиши. Янги туғилган чақалоқнинг оғирлиги 3500 граммдан ортиқлиги, оёқ ва қўл кафтларининг орқа томонида, юз соҳасида шишларнинг мавжудлиги кузатилади. Киндик соҳасидаги яранинг қийин битиши, туғруқ давридан кейинги сариқликнинг анча вақтгача сақланиб қолиши, гўдак йиғисининг ўзига хослиги, атроф-теваракка лоқайдлик, кўкракни яхшилаб эма олмаслик, ҳаётининг дастлабки кунлариданоқ руҳий ҳамда жисмоний ривожланишда ортда қолишлик хасталикка хос ҳолат. Шунингдек, қўл ва оёқларнинг совуқлиги, терининг қуруқлиги, соч толаларининг қуруқ ва тез синиши, тишларнинг нисбатан анча кеч чиқиши, чақалоқларда лиқилдоқнинг кеч битиши. Янги туғилган болага ташхис қўйишда ушбу аломатларга алоҳида эътибор бериш керак. Ҳозирги вақтда туғма гипотиреозга ташхис қўйиш методикаси жуда яхши ривожланган. Ташхис қўймоқлик учун боладан қон олиниб лаборатория шароитида таҳлил қилинади. Бунда қон таркибида қалқонсимон без ҳамда гипофиз ишлаб чиқарадиган гормонларнинг меъёрига назар ташланади. Одатда туғма гипотиреозга чалинган болаларнинг қони таркибида қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонлар (Т3 ва Т4) нисбатан анча кам, гипофиз томонидан ишлаб чиқариладиган тиреотроп гормоннинг миқдори эса аксинча кескин ошган бўлади. Мазкур тиббий таҳлил услуби – “скрининг” деб номланади. Скрининг таҳлилини амалга ошириш учун янги туғилган чақалоқлардан ҳаётининг 4-5-кунлари, асосан оёқ кафти қисмидан, таҳлил учун қон олинади. Олинган қон намуналари махсус диагностика марказларидаги лабораторияларга юборилади. У ерда олинган қон намуналаридан гипофиз ишлаб чиқарадиган тиреотроп гормоннинг миқдорини аниқлаш учун фойдаланилади. Мазкур кўрсаткични аниқлаш асосида туғма гипотиреозга чалиниш хавфи нечоғли юқорилигини баҳолашади. Туғма гипотиреозни даволаш учун организмда қалқонсимон без томонидан ишлаб чиқариладиган гормонлар салмоғини оширишга ҳаракат қилинади. Бу усул организмдаги етишмовчиликнинг ўрнини тўлдиришга қаратилган терапия деб номланади. Шу йўл билан чақалоқнинг ривожланиши меъёрида кечиши таъминланади. Туғма гипотиреозни даволаш усуллари ишлаб чиқилмагани боис организмдаги етишмовчиликнинг ўрнини тўлдиришга қаратилган терапияни бутун умр давомида амалга оширишга тўғри келади. Туғма гипотиреозни имкон қадар эртароқ аниқлаб даволашга киришиш лозим. Акс ҳолда янги туғилган чақалоқ ҳаётининг дастлабки ойларидаёқ жисмоний ва руҳий ривожланишда ортга қайтариб бўлмайдиган анатомик, физиологик ўзгаришлар юз беради. Туғма гипотиреозни даволашда левотироксин натрий препаратларидан самарали фойдаланилмоқда. Ушбу препарат таркибий тузилиши жиҳатидан организмда қалқонсимон без томонидан табиий йўл билан ишлаб чиқариладиган тироксин (Т4)нинг тузилишига жуда ўхшаш. Даво муолажалари мутахассис шифокорларнинг назорати остида амалга оширилиши шарт. Ҳулкар Бегабоева тайёрлади, ТошПТИ 4-босқич талабаси “SOG`LOM AVLOD”