UZ RU
23.09.2010

ГЎДАК УХЛАМАСА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Ўғлим 4 кг.дан ошиқроқ вазн билан туғилган. Дастлабки икки ой давомида унинг оғирлиги бор йўғи 200 граммдан ошиб борди, аммо мириқиб узхлар эди. Бу вазият юзасидан педиатр билан маслаҳат қлганимда у менга болани ҳар икки соатдан кейин уйғотиб овқатлантиришимни тавсия этди. Мен бир ойгача ушбу маслаҳатга амал қилдим. Бироқ жуда толиқадиган бўлиб қолдим. Муҳими, бу кутилган натижани бермади. Гўдакнинг уйқу режими бузилганидан кейин у тез-таз хархаша қиладиган бўлиб қолди. Нима қилишим керак?

Қизлархон Саломова, Сирдарё вилояти.

Одатда гўдак она сути билан боқилса, қорни тўйган заҳоти ухлаб қолади. Аммо айрим чақалоқлар ухлашга қийналади. Шу нарсани эслатиб ўтмоқчимизки, янги туғилган чақалоқлар онаси ҳидини билади ва унинг ёнида ётсангиз тинчиб ухлайди. Бордию, бола ҳадеб хархаша қилавериб ухламаса уни 10-15 дақиқа давомида қўлда аллалаб ухлатгач кутилган самарани бериши мумкин. Болангизни ухлатгач фикрингизни бир жойга тўплаб, вазиятни таҳлил қилиб кўринг Қандай ҳолатда гўдак тинчгина уйқуга кетдию, қайси вақтда безовталаниб хархаша қилганди. Бир нарсани унутмангки, ёш бола билан она ўртасида кучли эмоционал боғланиш мавжуд бўлади. Гўдак онасининг кайфиятини жуда сезгирлик билан пайқашга қодир. Эҳтимол, сиз болани ухлатиш чоғида нимадандир хафа бўлиб сиқилаётгандирсиз, кимлардир ҳақида қайғуриб хавотирланаётгандирсиз, қандайдир нохуш ҳодиса аччиғингизни чиқаргандир. Нима бўлганида ҳам бола эмизиб ухлатиш чоғида кўнглингизни хотиржам қилинг. Кайфиятингизга жиддий эътибор беринг, асабийлашманг, бутун оналик меҳрингизни болангизга беришга шайланиб олинг. Болани ухлатиш вақтида барча ғам-ташвишларни, уй юмушларини бир четга йиғиштириб қўйинг. Гўдакни ухлатиш чоғида ҳар гал янгича усулни қўллаб кўринг ва қайси бири наф бераётганини аниқлаб олинг. Шундай йўл тутсангиз ёш болангизни ухлатишнинг мақбул усулини топа оласиз. Нима қилсангиз ҳам чақалоқ хархаша қилиб безовталанишини қўймаса у ҳолда дарҳол педиатрга мурожаат қилинг. Эҳтимол унинг бирон ери оғриётгандир.