UZ RU
14.09.2010

ФАОЛИЯТЛАР РИВОЖИГА ЭЪТИБОР ВА МАСЪУЛИЯТ

Жорий йилнинг 27 август куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишни Соғлиқни сақлаш вазири Адҳам Икрамов кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 19 йиллиги билан қизғин қутлаб, Юртбошимиз томонидан давлат мукофоти билан тақдирланган тиббиёт ходимларини табриклади. Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимида лавозимга янги тайинланган раҳбар ходимларни таништириб ўтди. Бундан ташқари, тизимда олиб борилаётган фаолиятлар, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, кадрлар масаласига эътибор қаратиш каби масалаларга алоҳида урғу бериб, айниқса репродуктив саломатлик бўйича самарали ишлар амалга оширилаётганлигини эътироф этди.
Кун тартибида тизимдаги асосий ва долзарб мавзудаги масалалар кўрилди. Биринчи масала юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг комплекс фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Б. Эргашев вазирлик тизимидаги тиббиёт муассасаларининг 2010-2011 йилларда кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишлари хусусида тўхталиб, айрим муассасаларда бу жараёнлар сусткашлик билан олиб борилаётганлигини эътироз билан айтиб ўтди. Иккинчи масала юзасидан вазирликнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи
Д. Аҳмедова республика санаторий тизимида болаларга кўрсатилаётган тиббий реабилитация хизмати ҳолати ҳамда уни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида ўз фикрларини билдириб, тизимда учраётган айрим камчилик ва муаммоларга атрофлича тўхталди. Учинчи масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 июлдаги “Вазирликлар ва идораларда 2010 йилнинг биринчи ярим йиллигида фуқароларнинг мурожаатлари бўйича бажарилган ишлар тўғрисида”ги маълумот ва вазирликда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби бўйича ишлаб чиқилган Низом ҳақида вазирликнинг назорат инспекцияси бошлиғи У. Исмоилов ўз фикрларини билдириб, мазкур Низом тўғрисида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Тўртинчи масала бўйича вазирликнинг ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдамни ташкил этиш маркази директори И. Уринбаев «Баркамол авлод йили» Давлат дастурининг ижросини ўрганиш ҳамда 2010 йил чақирув комиссияларининг фаолияти ва республикада ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг аҳволи ҳамда мазкур йўналишда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар хусусида тўхталди. Йиғилиш давомида юқорида кўрилган барча масалаларга танқидий ёндошилган ҳолда иштирокчилар томонидан фикр ва мулоҳазалар ўртага ташланиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ибодат СОАТОВА.