UZ RU
14.09.2010

ТИББИЁТНИНГ РИВОЖЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИ

Истиқлол берган имконият
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби устувор вазифалар мустақилликнинг илк йилларидаёқ амалиётда акс эта бошлади. Давлат сиёсатининг мақсадли йўналишлари доирасида ўзбек моделининг ишлаб чиқилиши, босқичма-босқич амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий тадбирлар ва уларнинг келажак истиқболи, қонунчилик базаси билан мустаҳкамланаётган тараққиёт мезонлари ягона талабга, яъни инсон манфаатларига хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир. “Соғлом юрт – соғлом миллат” тушунчасининг бош тиббий омил сифатида амалиётга киритилиши, нафақат тиббиёт ходимлари, балки кенг жамоатчиликнинг ҳам тенг ҳуқуқли, масъулиятли ва шарафли вазифасига айланмоғини давлатимиз раҳбари ўз фикрларида кўп бора ифода этадилар.
Истиқлолнинг инсонлар саломатлигини яхшилаш борасида берган имкониятлари, яратилган шарт-шароитлар, хусусан, соғлом авлод тарбияси билан боғлиқ кенг қамровли лойиҳалар йилдан-йилга такомиллашиб, ўз самарасини кўрсатмоқда. Чунки, даврнинг тубдан ўзгариши барча соҳалар каби тиббиёт тармоғини ҳам мисли кўрилмаган даражада ўзгаришига олиб келмоқда. Демак, бу янгиланишларда кенг қатламли аҳолининг бирдек иштироки, фаоллиги ва масъулияти юқорилигини кўриш мумкин. Шунингдек, хориж ва маҳаллий тажрибалар кўламининг кенгайиши баробарида мустақил Ўзбекистон дастлабки йиллардаёқ халқаро тиббиёт соҳасида ўз ўрни ва мавқеи, кадрлар салоҳияти билан мустаҳкам аҳамият касб этади.
Йиллар сарҳисобини қиладиган бўлсак, мамлакатимизда тиббиёт муассасаларидан тортиб, кадрлар фаолиятигача бўлган жараён янги тартибда ўзгариб, ривожланиш сари юз тутди. Бу албатта, биринчи навбатда Қонун устуворлиги билан мустаҳкамланди. Республикада янги механизм ишлаб чиқилди. Содда ва ихчам кўринишдаги фаолият турлари ўзининг ихтисослашуви ва тараққиёт дастури билан амалиётга кириб келди. Дастлаб тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланиб, аҳоли яшайдиган ҳудудларга тиббиёт имкониятларини янада яқинлаштириш масаласи кун тартибидан ўрин ола бошлади. Бу жараёнлар узоқ муддатли бўлишига қарамасдан қисқа фурсатда ўз самарасини кўрсатди. Давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори ва ғамхўрлиги туфайли соҳадаги ўзгаришлар, тиббиёт ислоҳотлари, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи замонавий фаолият турлари, оналик ва болалик муҳофазаси билан боғлиқ масалалар ижтимоий соҳанинг муҳим объектига айланиб қолди. Ўтган ва бугунги давр орасидаги вақт 19 йилни ташкил этсада, тиббиётимиз ривожи халқаро аҳамият даражасида юксалди, тараққий этди ва бу жараён узлуксиз равишда давом этиб келмоқда.
Аҳоли манфаатлари бирламчи
Юртимизда инсон манфаатлари ва уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш устувор вазифа сифатида амал қилади. Зеро, Бош Қомусимизда белгиланганидек, аҳоли эҳтиёжларини қондириш ва уларни малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, ҳордиқ чиқариш, меҳнат қилиш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу ўз ўрнида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва барча соҳаларнинг тагзамирида ётган ягона ғояни, “аҳоли манфаатлари бирламчи” деган одилона сиёсатнинг мазмун моҳиятини ташкил этади.
Давлатимиз раҳбари томонидан 1998 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони тиббиёт ислоҳотлари ривожининг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу қонун ҳужжатида босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган вазифалар мана ўн уч йилдирки, юқори натижаларни кўрсатиб келмоқда. Дастурда белгиланганидек, дастлаб бирламчи тиббиёт бўғинини ривожлантириш, шошилинч тиббиёт хизмат турларини шакллантириш, замон талаби даражасидаги шифо масканларини бунёд этиш ва кадрлар билан таъминлаш асосий мақсадлар мажмуига киради. Бу жараён аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий саводхонлигини ошириш ва тизимга бўлган ишончини орттириш каби узлуксиз фаолиятлар билан уйғун равишда олиб борилди. Аҳамият берадиган бўлсак, Президентимизнинг ҳар йилни ўзгача ном билан аташларида инсон манфаатлари етакчилик қилса, иккинчи томондан фуқаролар соғлигини сақлаш борасидаги фаолиятлар лойиҳаси акс этади. Хусусан, аксарият йилларнинг мазмун-моҳияти сиҳат-саломатлик дастурига қаратилганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
Хориж тажрибаси билан солиштирадиган бўлсак, мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш давлат томонидан бепул кафолатланиши қонунчилик тизими билан мустаҳкамланганлиги яққол кўзга ташланади. Хусусан, “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам бу мақсадлар ягона талабга хизмат қилишини кўрсатади.
Республиканинг қайси ҳудудига борманг, замонавий қиёфада акс этган қишлоқ врачлик пунктлари эътиборингизни тортади. Халқаро аҳамиятга молик равишда фаолият юритаётган мазкур шифо масканлари хизматидан аҳоли мамнунлигини кўриш мумкин. У ерда ҳамма қулайликларга эга даволаш-ташҳислаш ишларининг йўлга қўйилганлиги, кенг ва шинам хоналардаги тиббий жиҳозлар, тезкор лаборатория хоналаридаги фаолиятлар шаҳар тиббиёт муассасалари билан тенглаша олишини ҳеч муболағасиз эътироф этиш мумкин. Ушбу шароитларга жавобан аҳолининг фаоллик ва масъулият билан тиббиётга холисона ёндашуви, эътибори ва ғамхўрлиги борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Замонавий
тараққиёт нафаси
Президентимиз таъбири билан айтганда, инсонлар тиббиёт технологияларига эмас, балки тиббиётнинг ўзи имкониятлари билан инсонлар саломатлигига кириб борсин, деган эдилар. Бу албатта, замонавий тараққиётга бўлган юксак ишончнинг бир ифодасидир. Давлат мустақиллиги ва Бош Қомусимизнинг қабул қилинганлиги муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирларда давлатимиз раҳбари албатта, тиббиёт ходимлари меҳнати ва аҳоли саломатлигига алоҳида эътибор қаратиб ўтадилар. Демак, барча соҳалар қаторида мазкур йўналишнинг ўзига хос тарзда ривожланиб бораётганлиги жамият тараққиёти негизида – инсонлар саломатлиги бош омил, деган тушунчани янада кенгроқ акс эттирмоқда.
Ҳеч шубҳасиз айтиш керакки, биз XXI аср, яъни тараққиёт ва ахборот технологиялари даврида яшаяпмиз. Хусусан, дунё мамлакатларида рақамли ахборот алмашиш имкониятлари пайдо бўла бошлагандан буён, тиббиёт тармоғида ҳам ана шундай диагностика-текширув асбоб-ускуналари пайдо бўла бошлади. Шу сабабдан, фанда “рақамли тиббиёт” деган тушунча қўлланилди. Одам анатомиясини мураккаб позицияда ўрганиш, тадқиқ қилиш, номаълум характерга эга касалликларга ташҳис қўйиш, инсон ҳаётига хавф солувчи хасталикларни эрта аниқлаш, профилактика чора-тадбирларини қўллаш сингари энг тезкор вазифалар юқорида тилга олинган рақамли тиббиёт асбоб-ускуналари ёрдамида амалга оширилади. Бу анча осон ва қулай бўлганлиги билан аҳамиятлидир. Ана шу каби замонавий тараққиётдан орқада қолмай олға интилаётган Ўзбекистон тиббиёти бугун ривожланиш босқичида юксалмоқда. Ўз ўрнида аҳоли барча шарт-шароитлардан мамнун ҳолда ўз соғлигига нисбатан масъулиятлироқ бўлмоқда. Кундалик янгиликлар, ихтиро-ю оламшумул кашфиётлардан бохабар бўлиб, давр билан ҳамнафас яшамоқда. Республиканинг барча минтақалари энг сўнгги русумдаги даволаш-диагностика жиҳозлари билан таъминланмоқда. Айниқса, тезкор лаборатория усуллари, компьютер томография, магнит-резонансли томография сингари замонавий аппаратуралар кичик организмдан тортиб, мураккаб жараёнгача бўлган ҳолатларни мукаммаллигича аниқлаш имконини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги шифохоналар билан бир қаторда хусусий тиббиёт клиникаларининг амалиётга кириб келиши ва у ерда малакали кадрлар томонидан олиб борилаётган тиббий хизматлар кенг жамоатчиликнинг рағбатига сазовор бўлмоқда. Давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлган ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш тамойили ана шу эзгу мақсадларни янада рўёбга чиқишига замин яратади.
Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сонли “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2007 йил 2 октябрдаги ПҚ-700-сонли “Республика тиббиёт муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилинган Қарори ва шунга бевосита дахлдор бўлган 11 дан ортиқ Қонун ҳужжатлари фаолиятларни замон талабида изчил ривожланишига пойдевор бўлмоқда.
Шифохоналарга борганимизда аксарият фуқаролар қўшни республикалардан ҳам келиб даволанаётганлигининг гувоҳи бўламиз. Улардан бу ҳақда сўралганда, беморлар мамлакатимизда даволаниш ва касалликка эрта ташҳис қўйиш масалалари ҳам осон ва арзон эканлигини таъкидлашади. Давлатимиз томонидан нима учун қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилди ва замонавий жиҳозланди? Бунинг боиси, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолининг шаҳарга келиб, ортиқча сарф-харажат қилиб даволаниб юрмаслиги, аксинча, ўзи яшайдиган жойда шифокор назоратида бўлиб, даволаниши олий мақсад қилиб қўйилган. Яъни, касалликнинг бирламчи профилактика чора-тадбирларини эрта аниқлаб, самарали натижаларга эришиш, амалдаги дастурларнинг мазмун-моҳиятини яна бир карра эслатади.
Чекка ҳудудларга борганимизда кўп сонли аҳоли қишлоқ врачлик пункти хизматларидан мамнун эканликларини ифода этадилар. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Саломатлик-1 ва 2” лойиҳалари томонидан қад ростлаган ва замонавий жиҳозланган бинолар табиийки, киши ҳавасини келтиради. Тор мутахассисликдан умумий амалиёт шифокорларини тайёрлашгача бўлган жараён мана ўн йилдирки, кўзланган натижани бермоқда.
Хусусий секторни ривожлантириш борасида давлат рўйхатига олинган хусусий тиббиёт клиникалари ҳам аҳоли саломатлиги учун сифатли, кафолатланган хизмат турларини кўрсатмоқда. Авваллари, МРТ диагностикаси саноқли шифохоналарда бўлган бўлса, навбат кутиш вақти ҳам анчага чўзиларди. Ҳозирчи? Бу имкониятлар кенгайган, барча клиник-шифохона-ю, марказларда касалликни ташҳислаш, даволаш жараёни янада такомиллашган. Оддий текширувдан тортиб, мураккаб операциягача бўлган жараён гўёки, бир лаҳзадек амалга оширилмоқда.
Кадрлар салоҳияти
ва эртаси
Ҳар қандай соҳани ривожлантириш учун малакали кадрларга бўлган талаб ва эҳтиёж ортиб бораверади. Чунки, тезкор даврда тиббиётнинг мураккаб жараёнларини босиб ўтиш ва инсонлар саломатлигини яхшилашга эришиш юқорида тилга олинган муайян тажриба ва касбий кўникмага эга мутахассисни талаб этади. Яхши маълумки, тиббиёт фани серқирра ва мураккаб соҳа ҳисобланади. Эҳтимол, бошқа жабҳаларни амалий тажриба ва бой ҳаётий кўникма асосида ташкил этиш мумкиндир, аммо тиббиёт илмини назариясиз, амалий тажрибасиз эгаллаш, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эмас. Бу ҳеч бир қонуният ва меъёрга тўғри келмайди. Шу сабабли бўлса керак, Президентимиз томонидан тиббиёт кадрларини тайёрлаш, ўқитиш ва рағбатлантириш борасида кўпгина фаолиятларга эътибор қаратилган. Тан олиб айтиш керак, хориж тажрибаси билан бемалол тенглаша оладиган ёш олимларимиз, малакали мутахассисларимиз орамизда кўплаб топилади. Хусусан, халқаро ҳамкорлик соҳасида эришилган муваффақиятлар, аҳоли саломатлигини ўйлаб қилинган мақсадли лойиҳалар ўзининг кўп йиллик аҳамияти ва қадр-қиммати билан эътиборга молик. Ҳар йили тиббиёт ходимлари хориж клиникаларида, халқаро конгресс ва симпозиумларда иштирок этиб, малака ошириб келадилар. Мисол тариқасида, республикадаги ихтисослаштирилган марказлар, илмий-амалий тиббиёт марказлари, марказий клиникаларда ана шундай салоҳиятга эга мутахассислар фаолият юритишади. Фахр билан айтиш мумкинки, 2007 йилда юртимизда илк маротаба сиам эгизакларини ажратиш мураккаб операцияси амалга оширилди. Бу жараён нафақат юртимиз олимлари, балки дунё ҳамжамиятининг эътиборига сазовор бўлган воқеа эди. Қанчалик қийин бўлмасин, икки ёш эгизак ҳаётини сақлаб қолиш учун тинимсиз изланишлар, саъй-ҳаракатлар зое кетмади. Бу операция халқаро аҳамиятга эга бўлганлиги учун барча мутахассисларнинг ҳайратига сабаб бўлди. Бу каби оғир ҳолатларни бажариш учун авваллари фуқаролар хорижга чиқиб келишарди. Даврнинг мўъжизасини қарангки, ўзимизда ҳам ҳар қандай турдаги мураккаб операцияларни бажариш имконияти кенгаймоқда. Бу албатта, кадрларнинг ақлу заковат бобида олиб борган изланишлари самараси дейиш мумкин. Шу кунларда узлуксиз таълимни ривожлантириш юзасидан қатор чора-тадбирлар режаси амалиётда қўлланилмоқда.
Барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт ходимлари орасида ҳам қонунчилик минбаридан туриб, эл-юрт саломатлиги, ислоҳотлар фаровонлиги йўлида жон куйдириб, амалдаги қонунчилик ижроси билан шуғулланадиган, инсонлар манфаати, ҳуқуқлари муҳофазасини ўйлайдиган тиббиёт ходимлари борлигини мамнуният билан тилга олиш лозим. Давр ўзгариши билан кадрларнинг билим савияси ҳам шунга мувофиқ тарзда ўсиб боради. Бу ҳолат йиллар ўтган сари ижобий томонга қараб ўзгарар экан, тиббиёт ходимлари бу йўлда бор имконият ва шижоатларини аямайдилар.
Ижтимоий-тиббий жараён
Юқорида айтилганидек, тиббиёт илми ижтимоий характерга эга бўлганлиги боис, мавжуд муаммолар кенг жамоатчиликнинг доимий эътиборида бўлиб туради. Аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, тиббий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имтиёзлар ажратиш сингари устувор мақсадлар давлатимиз томонидан кафолатланган қонунчилик тизими билан мустаҳкамланиб боради. Фуқаролар ҳам ўз соғликларига масъулият билан ёндашишлари, тиббиётдаги мавжуд имкониятдан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ.
Ўтган ва бугунги кунимизни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқлардан мамнун бўлиш, камчиликларни ҳал этиш йўлларини излаш, гўёки бир қонуниятдек туюлсада, аммо ҳар бир мутахассис учун бу ўз ишига масъуллик, машаққат ва фидойилик руҳини кучайтирадиган муҳим вазифадир. Бу йўлда барчамиз бирдек меҳнат қилишимиз, астойдил курашишимиз, илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшиб, келажак авлод саломатлигини ўйлашимиз зарур.
Намоз ТОЛИПОВ.