UZ RU
26.08.2010

ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИДА: ОНАЛАР ВА БОЛАЛАР САЛОМАТЛИГИ

Юртбошимизнинг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишларига қаратаётган эътибор ва ғамхўрликлари туфайли тиббиёт тизимида мазкур йўналиш бўйича самарали фаолиятлар ўз ифодасини топиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, ана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг асосий моҳия¬ти истиқлол берган имкониятдир. Бугунги кунда қайси бир тиббиёт муассасасига мурожаат қилманг, у ердаги шароит ва имкониятлар, малакали кадрларнинг кўрсатаётган тиббий хизматларидан аҳоли мамнун эканлигини кўриш мумкин. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 13 апрелдаги «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 1096-сонли қарори ижросини бажариш бўйича соғ¬лиқни сақлаш тизимида диққатга сазовор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Мазкур қарор ижросини амалда татбиқ этиш учун Соғ¬лиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, республика миқёсида, шунингдек, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган «Фертил ёшдаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни соғломлаштириш ҳафталиги» тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шундай экан, ҳудудларда жорий йилда 7 маротаба мазкур ҳафталик ўтказилди ва соғлом оилани шакллантириш масалалари бўйича хотин-қизларга маслаҳатлар берилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар мониторингини олиб бориш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга Республика перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология, Педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказлари, Тошкент тиббиёт академияси ва Тошкент шаҳар даволаш-профилактика муассасаларининг 4 минг 109 нафар малакали мутахассислари юборилиб, керакли амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Юқорида тилга олинган тиббиёт муассасаларидан 65 нафар мутахассисдан иборат бўлган 13-ишчи гуруҳи ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлардаги соҳа мутахассислари 16-21 август кунлари навбатдаги 8-соғ¬ломлаштириш ҳафталигини ўтказишни давом эттирмоқдалар. Шу жумладан, Тошкент вилоятининг Янгийўл, Бўка ва Оққўрғон туманларида ҳам белгиланган мутахассислар иштирокида ўтказилган жараёнларда таҳририят ходимлари қатнашиб, шифокор ва аҳоли билан суҳбатда бўлиб қайтишди.
Мунирахон ТОЖИХЎЖАЕВА,
Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази акушер-гинекологи, гуруҳ раҳбари:
– Юқоридаги қарор ижроси изчиллик билан олиб борилиши туфайли аҳоли орасида аёллар ва болаларга эътибор кучайганлигини кўриб турибмиз. Қабулимизга келаётган ҳар бир фертил ёшидаги хотин-қизлар қарор моҳияти нимадан иборат эканлигини яхши тушуниб етганлиги бизни қувонтиради. Бунинг исботи сифатида шуни айтмоқчиманки, Хоразм, Андижон ва Тошкент вилоятларининг кўп тармоқли марказий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пункт¬ларида бўлиб, шу кунга қадар 780 нафар аёлларни текширувдан ўтказиб, керакли маслаҳат ва тавсияларимизни бердик.
Куни кеча ишчи гуруҳимиз билан (5 нафар) Тошкент вилоятининг Бўка, Янгийўл, Оққўрғон туманларида бўлиб, фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, уларнинг соғликларини назорат қилиб, касаллик ташҳиси аниқланган беморларга керакли тиббиёт муассасаларига даволанишлари учун йўлланмалар бердик. Кўп йиллик тажрибали мутахассис сифатида айтмоқчиманки, ҳомиладорликни бошидан кечираётган ҳамда туғруқдан кейинги аёлларимизга турмуш ўртоғи ва қайноналари эътиборли бўлишса. Шунингдек, меъёридан ортиқ дабдабали тўйлар қисқартирилиб, ихчам тарзда ўтказилса. Она ва болага оила аъзолари томонидан ғамхўрлик кўрсатилиб, витаминларга бой овқатлар билан таъминланса, улар соғлиги ишончли кафолатланган бўларди. Соғломлаштириш ҳафталиклари давом этаверади, ишчи гуруҳлар эса бор куч ва имкониятларидан унумли фойдаланиб аҳолига амалий ёрдамларини кўрсатиб бораверадилар.
Мазкур гуруҳдаги мутахассислар Янгийўл туманининг “Қовунчи” қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлиб, фертил ёшидаги аёллар, ўсмир қизлар ва болаларнинг соғликларини текшириб, керакли тавсия ва маслаҳатларини беришди. ҚВП ҳудудида 5526 нафар аҳоли истиқомат қилиб, уларга икки нафар умумий амалиёт шифокор ҳамда 11 нафар ҳамшира сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Биз қишлоқ врачлик пунктига кириб борар эканмиз, ташриф буюрган мутахассислар қабулига навбат кутиб турган хотин-қизлар ва болаларни кўриб, уларни суҳбатга тортдик.
Гулноза САБАЕВА, уй бекаси:
– Тажрибали мутахассислар фарзандим ва менинг соғлигимни чуқур текшириб, УТТдан ўтказишди. Айниқса, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий марказидан келган УТТ мутахассиси Наталья Любчич соғлигимни текшириб кўргач, саломатлигим яхши эканлигини айтганда, кўнглим хотиржам бўлди. Шунингдек, ушбу замонавий аппаратда текширувлар бепул бўлганлиги ҳам барчамизни қувонтирди. Ана шундай тажрибали шифокорлар қишлоғимизга тез-тез келиб, аҳолига тиббий ёрдам кўрсатиб, керакли маслаҳатларни бериб кетсалар, янада хурсанд бўлар эдик. Биз ва болаларимиз учун кенг имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиз ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Шаҳло ШОДИЕВА, уй бекаси:
– Оиланинг қувончи фарзанд билан деганларидек, Оллоҳим инояти билан уч нафар Фотима, Зуҳра ва Ҳусан эгизакларим дунёга келди. Аввало, тиббиёт ходимларига катта раҳмат. Ҳомиладорлик давримдан шу кунга қадар мен ва фарзандларим соғлигини доимий назорат қилиб келмоқдалар. Мана бугун келган мутахассислар тиббий кўригидан ўтар эканмиз, фарзандларим ва ўз соғлигим тўғрисида ижобий натижалар эшитиб, хурсанд бўлдим ҳамда улардан зарурий маслаҳат ва тавсия¬ларни олдим. Шунингдек, “Қовунчи” қишлоқ врачлик пункти ходимларидан ҳам миннатдорман. Болаларим ушбу Баркамол авлод йилида дунёга келган экан, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, уларни соғлом ва бақувват қилиб ўстиришда оналик меҳримни бериб, Ватанимиз учун хизмат қила оладиган етук фарзандлар бўлиб етишишларига ҳаракат қиламан.
Мавлуда ЖУМАЕВА, акушер-гинеколог, Тошкент вилоят
Янгийўл туман «Навбаҳор» қишлоқ врачлик пункти, гуруҳ аъзоси:
– Соғломлаштириш бўйича ўтказилаётган тадбирларимиз ўз натижасини бериб келаяпти десам, янглишмаган бўламан. Қабулимизга келаётган ҳар бир хотин-қизлар Юртбошимиз томонидан чиқарилган Қарорлар она ва бола саломатлигида муҳим аҳамиятга эга эканлигини тушуниб етаётганликлари ва ўз соғликларига бўлган масъулиятлари ошиб бораётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Яна шуни айтиб ўтмоқчиманки, айрим аёлларимиз акушер-гинекологларга ўз вақтида мурожаат қилишмайди. Агар улар ўз соғликларига эътибор қаратиб, вақтида даво муолажаларини олсалар, соғлом онадан соғлом фарзандлар дунёга келишига эришган бўламиз. Бугунги текширувдан ўтказилган аёлларимиз орасида экстрагенитал касалликлар кам қайд қилинди. Даволанишга муҳтож бўлган аёлларга йўлланмалар берилди. Ана шундай кенг доирадаги соғломлаштириш ҳафталиги тез-тез ўтказиб турилиши оналар ва болалар саломатлигини янада мустаҳкамлашда асосий ўрин тутади, деб ўйлайман.