UZ RU
16.08.2010

Аҳоли саломатлиги йўлидаги ҳамжиҳатлик

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, кадрлар малакасини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, узлуксиз таълим стандартларини ривожлантириш, халқаро тажриба, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш борасида кенг қамровли, изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги давр талабидан келиб чиқадиган бўлсак, инсон саломатлигини сақлаш тиббиёт ходимлари олдига янада катта масъулият юкламоқда.
Буни биргина Тошкент Шошилинч тез тиббий ёрдам клиник шифохонаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ушбу саломатлик масканида иккита терапия, кардиология, хирургия, травматология, стоматология, неврология, кўз касалликлари, реанимация ва интенсив кардиология бўлимларида юзлаб тиббиёт ходимлари халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўтган 2009 йилда ушбу бўлимлар рақамли ультратовушли сканер аппарати, умумий хирургия ускуналари йиғими, анестезиологик ускуналар, ёритгичли бинокуляр микроскоп, остеосинтез учун асбоблар тўплами ва бошқа тиббий ускуналар билан таъминланди. Бу йил “Баркамол авлод йили”да саломатлик масканининг реанимация бўлимига ҳаракатланувчи рентген ускунасининг келтирилиши беморлар ва шифокорларга анча қулайлик яратди.
Ушбу муассаса тиббий олийгоҳлар ва билим юртлари талабаларининг билим олиш, ўқитиш базаси ҳам ҳисобланади. Хирургия бўлимида Тошкент Тиббиёт академиясининг профессори У.Эргашев бошчилигидаги хирургия кафедраси, терапия бўлимида профессор Ш.Даминов бошчилигидаги Тиббиёт академиясининг ички касалликлар кафедраси, стоматология бўлимида тиббиёт фанлари доктори М.Маҳкамов бошчилигида жарроҳлик стоматологияси кафедраси жойлашган. Кафедра ходимлари касалхонанинг даволаш-диагностика ишларида фаол иштирок этиш билан бир қаторда ходимларнинг илмий ишлар билан шуғулланишларига ижобий таъсир кўрсатишмоқда.
— Бизнинг кардиология-соматика бўлимида кечги навбатчилик иши яхши йўлга қўйилган. Чунки асосан бу бўлимда буйрак-ишемик касалликлари, гипертония, ревматизм, полиартрит, анемия (камқонлик), сурункали бронхит билан оғриган беморлар даволанишади. Бу касалликларнинг эса кўпинча кечаси хуруж қилиш эҳтимоли кўпроқ. Шунингдек, турли жарроҳлик операциясидан кейинги беморлар ҳам бизнинг бўлимга соғломлаштириш учун келишади, — дейди олий тоифали шифокор Маъпура Қосимова.
Кардиология-соматика бўлими 25 нафар беморга мўлжалланган бўлиб, 14 нафар тиббиёт ходимлари, шулардан икки нафари олий тоифали шифокорлар эл саломатлиги йўлида хизмат қилиб келишмоқда.
— Мана бир неча йилдирки, қон босимим кўтарилиб, юрак хуружи безовта қила бошлади. Ўтган йили ҳаж сафарига кетаётганимда ҳам бир неча кун бу ерда даволангандим. Ҳар йили шу масканга соғлигимни мустаҳкамлаш учун келаман. Бу шифохонадаги шифокор ва ҳамшираларнинг ширин муомаласи-ю, даволаш муолажаларидан дардимга шифо топмоқдаман, — дейди 63 ёшли Рустам ота Султонхўжаев.
Шунингдек, Муқаддам она Шомуродова ҳам ушбу даргоҳда саломатлигини мустаҳкамлашда даволаш муолажаларини ўтказган олий тоифали шифокор Қундуз Абдуғаниева, катта ҳамшира Мавлуда Кишинская, хамширалардан Зумрад Жамилова, Галина Хатенова ва бошқаларга “Қўлингиз дард кўрмасин, азиз шифокорлар” дея ўз миннатдорчилигини билдирди.
Кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган бу ходимлар бугунги кунда ёшларга ўз иш тажрибаларини ўргатиб, ҳар томонлама ўрнак бўлиб келмоқда. Ушбу бўлимга мурожаат этган беморлар шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволанадилар.
Ушбу саломатлик маскани «Ҳамшира — 2010» шаҳар босқичида фахрли I-ўринни эгаллаган реанимация бўлими анестезиологи Шоиста Иноятова фаолият юритади. У танловнинг республика босқичида ҳам совринли ўринлардан бирини қўлга киритди.
Ҳар бир касб эгасининг маънавий баркамоллиги унинг ўз касбига бўлган масъулияти, фидойилиги, инсонларга бўлган эътибори билан белгиланади. Кардиология-соматика бўлими ходимларида эса ана шундай маънавий баркамолликни кўриш мумкин.
“SOG-LOM AVLOD”
gazetasi 30-son