UZ RU
16.08.2010

Сальмонеллёз — у қандай хасталик?

Сальмонеллёз — ўткир ичак инфекцияси ҳисобланиб, касалланиш ҳолатлари йил давомида кузатилади. Лекин ёз-куз ойларида бу касаллик билан зарарланган беморларн сони ортади. Бунга сабаб биринчидан – ёз кунлари республика аҳолисининг кундалик рационида термик ишлов берилмасдан истеъмол қилинадиган турли хил сабзавот, мева ва кўкатлар кўп бўлади.
Cув, сабзавот, мева ва кўкатлар касаллик чақирувчи бактериялар билан ифлосланган бўлиши мумкин. Шу жумладан, сальмонеллёз қўзғатувчилари ҳам бундан мустасно эмас. Бу эса соғлом инсонларнинг турли инфекцияларни юқтириш хавфини оширади. Сутли ва гўштли маҳсулотларда сальмонелла бактериялари кўпайиш хусусиятига эга. Шу билан бирга у ташқи муҳитга тезда мослашиб олади. Иккинчидан – атроф-муҳитнинг юқори ҳарорати организмнинг инфекцияларга қарши курашиш кучига салбий таъсир қилади. Чанқов босиш учун ҳаддан ташқари кўп сув ва ичимликларни ичиш ошқозон шираси суюқлашишига олиб келади. Натижада унинг ҳимоялаш вазифаси сусаяди.
Сальмонеллёз ўткир ичак инфекциялари қаторига кириб, тана ҳароратининг кўтарилиши, кўнгил айниши, қусиш, ич кетиши, нажаснинг ўзига хос яшил рангда бўлиши, умумий заҳарланиш, бактремия билан тавсифланади.
Инфекциянинг ягона манбаи – сальмонеллёз билан касалланган бемор, бактерия ташувчи инсон ва уй ҳайвонлари (йирик шохли ҳайвон, чўчқалар, ўрдак, ғоз ва товуқлар, камдан-кам ҳолларда эчки ва отлар) ҳисобланади. Касалланишга сабаб бўлган асосий омиллар бу ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш, зарарланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилиш ва сув истеъмол қилиш, бемор билан мулоқотда бўлиш ва шахсий гигиена қоидаларга риоя қилмаслик ҳисобланади.
Сальмонеллёз касаллиги оғиз орқали юқади. Бу микроб гўштли маҳсулотлардан сосиска ва колбасада 100-130 кунгача, мол гўнгида 6 ойгача, хона ҳароратида 80 кунгача сақланиши мумкин. Сальмонеллёз бактериялари 70 даражада 5-10 дақиқада нобуд бўлади. Бундан хулоса қилиш мумкинки бактерия юқори ҳароратга чидамли ҳисобланади.
Сальмонелла бактериялари совуқ ҳароратга чидамли бўлиб, 0 даражада 115 кунгача, музлаган гўнгда 150 кунгача сақланиши мумкин.
Касаллик ёш болаларда, ҳомиладор ва қарияларда нисбатан оғирроқ кечади. Сальмонеллёз билан оғриган беморлар даволаш профилактика муассасалари – юқумли касалликлар стационарларида, шифокор кузатуви остида даволанишлари шарт.
Хасталикнинг олдини олиш учун уни эрта аниқлаш ва беморларни алоҳида жойлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Аҳоли яшаш жойларини ўз вақтида тозалаш, сув ва очиқ сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш (доимо қўлларни совун билан ювиш, тирноқларни тоза сақлаш) зарур.
Овқат учун сифатли маҳсулотларни ишлатиш керак.
Мева-сабзавот ва кўкатларни тоза сув ёки қайнатилган сув билан ювиш лозим.
Тез бузиладиган маҳсулотларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш. Фақат қайнатилган сувни истеъмол қилиш шарт.
Очиқ ва ифлосланган сув ҳавзаларида чўмилиш, ундан фойдаланиш таъқиқланади.
Агар тана ҳароратингиз 38-40 даражагача кўтарилса, бошингиз оғриб безовталансангиз ва иштаҳангиз пасайса, шунингдек, интоксикация (заҳарланиш) (кўнгил айниши, қусиш, ич кетиш) қоринда оғриқ кузатилса турар жойингиздаги шифокорга зудлик билан мурожаат қилинг.
Беморларни бошқалардан ажратинг ва ётқизиб қўйинг. Кўпроқ суюқлик (қайнатилган сув ёки “Регидрон” эритмаси) ичиринг. Идиш-товоқ, кийим-кечак, кўрпа ва ёстиқ жилдларини юваётганда зарарсизлантирувчи, хлорли ва бошқа дезинфекция воситаларидан фойлананинг. Тезда беморни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш ва тегишли даво муолажаларини ўтказиш зарур.
“SOG-LOM AVLOD”
gazetasi 30-son