UZ RU
14.08.2010

УМУМИЙ АМАЛИЁТ ВРАЧИНИНГ ИШ ФАОЛИЯТИДАН БИР КУН

Алишер, умумий амалиёт врачи ҚВПда фаолият кўрсатади. Унга 1800 аҳолидан иборат 200 оила бириктирилган. У ўтган йилги статистик маълумотларни таҳлил қила туриб, ўзига бириктирилган оилалар орасида камқонлик, туғма патологиялар, кеч ташҳис қўйилган бачадон бўйни раки касалликларининг учраши қайд этилганлигини аниқлади.

Шу билан бирга молиявий менежер ҳисоботига кўра, Алишер айрим беморларга асоссиз равишда шифохонага йўл¬ланма берган ва шу сабабли ҚВП сезиларли иқтисодий зарар кўрган. Бундан ташқари, унга бириктирилган аҳоли орасида юқумли касалликларга чалиниш кўрсаткичлари ортган. Ушбу вазиятни ҳисобга олиб, Алишер муаммолар сабабини ўрганиб чиқди ва профилактика, скрининг, диспансеризация ишлари етарли даражада эмаслиги, муаммоларни ҳал этишда аҳолини жалб қилиш талаб даражасида олиб борилмаётганлигига эътибор берди. Кам¬қонлик сабабларини ўргана туриб, у аҳолининг рационал ов¬қатланиш, репродуктив саломатлик тамойилларига амал қилмаслигини аниқлади. Репродуктив ёшдагиларнинг аксарият қисми тез-тез туғувчи аёллар ва ҳомиладорлар ичида 20 ёшдан кичик ва 35 ёшдан катта бўлганлар мавжуд. Артериал гипертензия тез-тез учрайдиган касаллик эканлиги Алишерга илгаридан маълум эди. Шу билан бирга, ушбу касаллик нафақат даволаш, балки профилактика ишларини кучайтириш, беморни ўз-ўзини назорат қилишга ўргатиш, ижтимоий ва оилавий муаммоларга боғлиқ эканлигини мукаммал ўрганди.

Юқоридаги таҳлилдан келиб чиқиб, Алишер тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва ўз фаолиятида юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларга эътибор беришга қарор қилди ҳамда бир кунлик иш фаолиятини қуйидагича тузди:

1. Беморлар қабули: соат 8.30 дан 11.00 гача;

2. Соғлом болалар қабули ва эмлаш: соат 11.00 дан 12.00 гача;

3. Беморларнинг уйига фаол ва пассив ташриф буюриш: соат 12.30 дан 14.00 гача;

4. Маҳалла қўмитаси фаоллари билан учрашиш: соат 14.00 дан 14.30 гача;

5. “Репродуктив саломатлик ва контрацепция” мавзусида суҳбат ўтказиш: соат 15.00 дан 16.00 гача.

Алишернинг мазкур бир кунлик иш жадвалида УАВ сифатидаги фаолияти келтирилган.

Беморлар қабули

1. Унинг ҳузурига 39 ёшли аёл ташриф буюрди. Беморни мунтазам кузатиб борувчи ва даволовчи врачи бўлмаган. Бир неча маротаба туман марказий шифохонасига соғлиғи муаммолари билан мурожаат қилган. Бемор даволаниши мобайнида кўпгина мутахассислардан муолажа олган. Бундан ташқари, соғ¬лиғини узоқ муддат яхши сақлаш учун қандай вазифаларни амалга ошириши кераклиги тўғрисида ҳеч бир мутахассис суҳбат ўтказмаган ва бу ҳақда тиббий ҳужжатларда қайд этилмаган. Бинобарин, мазкур ҳолатда даволаш давомийлиги тамо¬йилига амал қилинмаган. Бемор ўз тиббий муаммолари, жумладан камқонлик бўйича даво муо¬лажалари олган ва қоннинг умумий, био¬кимё¬вий таҳлиллари, буйрак фаолияти ўрганилган. Унда безовталик ва тушкунлик белгилари бўлса ҳам тиббий ҳужжатда у тўғрисида маълумот берилмаган. Рационал овқатланиш ва ҳайз циклининг бузилганлиги муаммолари ҳисобга олинмаган, даволаш ишлари тўлақонли амалга оширилмаган.

Шифохона ва амбулаториядаги тиббий ҳужжатлар солиштирилганда даволовчи врачлар ўзаро жуда кам мулоқотда бўлганлиги аниқланди. Алишер беморнинг шифохонада неча маротаба даволанганлиги ва у ердаги даволаш ишлари тўғрисида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бир вақтнинг ўзида беморнинг амбулаторияда олган давоси тўғрисида шифохона врачи қизиқмаган.

Афсуски, бир тиббий муассасада бажарилган таҳлиллар иккинчисида қайта амалга оширилган ва моддий харажатлар сунъий кўпайтирилган. Ўзаро ишонч ва мутаносиблик мавжуд эмаслиги бемор ва унинг оиласига катта моддий ва маънавий зарар келтирганлигини Алишер тушуниб етди. Айрим ҳолларда беморнинг касби ва оилавий шароити касаллик кечишига салбий таъсир кўрсатса ҳам улар ҳақида амбулатор картада қайд этилмаган.

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда Алишер бемор эмас, балки фақат касаллик даволанганлиги тўғрисида хулосага келди. Профилактика ишларига етарлича эътибор берилмаган. Ҳужжатда камқонликни даволашдан ташқари бошқа ҳеч қандай профилактик тадбирлар кўрсатиб ўтилмаган. Сут безларини мустақил кўздан кечириш, рационал овқатланиш, рак профилактикаси, репродуктив саломатлик ва контрацепция тўғрисида суҳбатлар ўтказилмаган.

Оила тарихини ўрганиб, Алишер аёл ва унинг эрида 5 фарзанд (икки қиз ва уч ўғил) борлигини аниқлади. Барча фар¬занд¬лар камқонлик, каттаси эса бронхиал астма билан касаллангани маълум бўлди. Аёлнинг оиласи турмуш ўртоғининг ота-онаси билан биргаликда истиқомат қилади. Эрининг онаси – артериал гипертензия, отаси эса юрак ишемик касаллиги билан хаста. Беморнинг эри тез-тез спиртли ичимликлар қабул қилади. Оилавий муносабатларда бемор ва унинг беш фарзанди бир томонда, иккинчи томонда эса турмуш ўртоғи ва унинг ота-онаси туриши маълум бўлди. Турмуш ўртоғи ичкиликка ружу қўйгач, бемор ўзи ва фарзанди учун дори-дармон сотиб олиш имконидан маҳрум. Маст ҳолдаги ота астма билан хаста фарзандига тез-тез қўл кўтариб туради. Бундай вақтларда онада истерия хуружлари авж олади. Отасининг ичкиликка ружу қўйганлиги оқибатида фарзандида астма хуружлари орта борганлиги яққол кўриниб турибди.

Келтирилган мисолдан хулоса шуки, бемордаги касаллик илдизи бир қанча омилларга боғлиқ бўлиши мумкин. Бу маънода УАВ бир неча қулайликка эга: бемор ва унинг оила аъзоларини доимий назорат қила туриб, у касалликнинг чин сабабларини қийинчиликсиз аниқлайди ва баъзи муаммоларни ҳал этишда ёрдам кўрсатиши мумкин. Шу сабабдан, Алишер кўрик вақтида беморда камқонлик билан бирга, тушкунлик ҳолати мавжуд, деган хулосага келди. У беморнинг уйига ташриф буюриш ва оила аъзолари билан суҳбат ўтказишни таклиф қилди. Алишер беморга рационал овқатланиш ва камқонликка қарши давони давом эттириш тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борди, шунингдек, депрессияга қарши даво буюрди. Айни вақтда контрацепция масалаларини ёритиб, оғиз орқали қабул қилинувчи воситани тавсия этди ва ихтиёрий хирургик контрацепцияни амалга ошириш мақсадга мувофиқлигини тушунтирди.

2. Алишерга ҳудудда яшовчи 55 ёшли эркак мурожаат қилди. У бемордан касаллик тарихини сўраб-суриштирди ва объектив кўрикдан ўтказди ҳамда гипертония касаллиги II босқич АГ II даража, хавф III (юқори) деган хулоса чиқарди. Шунингдек, қўшимча офтальмоскопия ўтказди ва бемор илк марта мурожаат қилганлиги сабабли қондаги қанд, холестерин миқдорини аниқлаш ҳамда ЭКГга тушишни буюрди. Суҳбат вақтида соғлом турмуш тарзи ва гипотензив даво ўтказиш зарурияти тўғрисида тўлиқ маълумот берди. Мазкур профилактика тадбирлари келажакда миокард инфаркти, инсульт ва бошқа асоратлар хавфини камайтиришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу билан бирга, беморга қайта ташриф вақтини белгилади ва уйда тонометрия ўтказиб туриш учун тиббиёт ҳамшираси билан таништирди.   

3. Алишерга қабул вақтида 28 ёшли аёл мурожаат қилди. Касаллик тарихини ўрганиб ва объектив кўздан кечириб беморда бронхиал астма касаллиги мавжудлигини аниқлади. Нафаснинг қийинлашуви турмушга чиққандан сўнг пайдо бўлиб, ҳар ойда 1-2 марта такрорланиб туради. Врач беморнинг оилавий тарихини ўрганиб, аёл ва қайнонаси ўртасида ўзаро муносабатлар мураккаб эканлигини тушунди. Астма хуружи одатда жанжал вақтида пайдо бўлади. Алишер унда пикфлоуметрия ўтказди ва кўрсаткич зарурий кўрсаткичга нисбатан 76 фоизни ташкил этишини аниқлади. У беморга даволаниш ва кузатиш зарурияти тўғрисида тўлиқ маълумот берди. Бундан ташқари, Алишер беморга ўз-ўзини тинчлантириш, руҳий зўри¬қишларни четлаб ўтиш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, уларнинг уйига ташриф буюриши ва оила аъзолари билан унинг соғлиғи тўғрисида суҳбат ўтказишни режалаштирганлиги тўғрисида беморни огоҳлантирди.

4. Алишерга қорин оғриғи билан 19 ёшли қиз мурожаат қилди. Врач у талаба эканлиги ва овқатланиш тартибига риоя қилмаслигини аниқлади. Объектив кўрик вақтида органик касаллик аниқланмади. Алишер талаба қизга дам олиш ва ов¬қатланиш тартибига риоя этиш лозимлигини тушунтирди.       

5. Алишер бугун мурожаат этган навбатдаги 29 ёшли беморда Бехтерев касаллиги борлигини аниқлади. Мазкур касаллик УАВ томонидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам бўйича II категорияга мансуб бўлганлиги сабабли, ревматолог маслаҳати зарурлиги тўғрисида беморга тушунтирди. Мутахассисга юбориш олдидан, Алишер қоннинг умумий таҳлили, тос суяклари ва умуртқа поғонаси рентгенографиясини буюрди. Врач-ревматолог тавсияларидан сўнг, у мунтазам кузатувда бўлишини беморга таъкидлаб ўтди.

6. Алишерга мурожаат қилган 59 ёшли эркак қандли диабетнинг II типи билан хаста. У беморга дориларсиз ва дорилар билан даволаш тамойилларини тўлиқ тушунтириб бергач, “диабет товони”нинг олдини олиш учун оёқларини парваришлашда ўз-ўзини назорат қилиш усулларини ўргатди. Беморнинг диққатини қуйидаги зарурий ҳолатларга қаратди:

- ёриқ, тирналиш ва бошқа жароҳатларни ўз вақтида аниқлаш учун, ҳар куни оёқларини синчковлик билан (болдир, оёқ панжаси ташқи ва ички қисмлари, бармоқлар оралиғи) кўздан кечириш. Мустақил бажара олиш имкони бўлмаган ҳолларда ойнадан фойдаланиш ёки оила аъзоларининг бирортасидан илтимос қилиш;

- ҳар куни оёқларни совун билан илиқ сувда эҳтиёткорликда ювиш, жароҳатланишга йўл қўймаслик;

- товонларга пемза ёрдамида ишлов бериш ва уларни сувда кўп ушламаслик;

- оёқларни ювгач, айниқса бармоқлар орасини қуригунга қадар сочиқ билан ишқаламасдан артиш;

- тирноқларга ишлов беришда ёруғлик яхши тушиб туришини таъминлаш, бунда фақат эговчадан фойдаланиш. Тирноқ чегараларини горизонтал йўналишда эговлаш, бурчакларига тегмаслик ва тери жароҳатланишига йўл қўймаслик;

- иссиқ, тоза, пахтали ва резинаси сиқиб турмайдиган пайпоқ кийиш, резина излари қолмаганлигини доим текшириб туриш;

- қулай, етарлича кенг, таги текис (пошнаси баланд бўлмаган) пойабзал кийиб юриш. Уни кийиш олдидан ичига бирор ёт жисм тушмаганлигини текшириш;

- терининг кесилиши, шилиниши ёки бошқа жароҳатларда хлоргексидин ёки диоксидин эритмаларидан фойдаланиш ва уларни доим уйда сақлаш;

- жароҳатнинг тоза ва қуруқ бўлишига ҳаракат қилиш.   

7. Алишер қабулида бўлган сўнгги уч киши фертил ёшдаги аёллар бўлиб, улар режали профилактика кўриги учун таклиф этилган эди. Асосий мақсад бачадон бўйни ракини эрта таш¬ҳислаш бўлиб, шу сабабдан бачадон бўйни йўлидан Папаниколау бўйича суртма олди. Шунингдек, уларга сут безларини  мустақил равишда кўздан кечириш усулларини ўргатди.

Соғлом болаларни қабул қилиш ва эмлаш

Мазкур кунда Алишер 10 нафар болани кўздан кечириш ва уларда эмлаш ўтказишни режалаштирган эди. У барча болаларни кўздан кечирди ва унга патронаж ҳамшираси кўмак берди. Алишер эмлаш ўтказиш учун қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслигини аниқлади. Эмлаш хонасида врач назорати остида ҳамшира томонидан “АКДС” (кўкйўтал, бўғма ва қоқшолга қарши адсорбирланган зардоб) қарши эмлаш амалга оширилди.

Беморлар чақирганда ва кузатувга муҳтожлар уйига ташриф буюриш

Бугун Алишер диспансер кузатувида бўлган икки беморнинг уйига фаол ташриф буюришни режалаштирди. Бундан ташқари, икки хонадонга чақирув бўйича бориши керак. У аввало, уйига чақирган беморларнинг ҳузурига борди.

Биринчи бемор 67 ёшда бўлиб, уни тўш ортида оғриқ безовта қилаётган экан. Алишер оғриқ стенокардия хусусиятига эга эканлигини аниқлади. Бемор ЮИК, тур¬ғун стенокардия билан хаста. Врач беморга тили остига нитроглицерин бергач, оғ¬риқлар тўхтади. Алишер беморга эртага ЭКГ текшируви ўтказиш ва келажакда олиб бориладиган даволаш-профилактика чораларини муҳокама этиш учун ҚВПга ташриф буюришини таъкидлади.

Иккинчи бемор уч ёшли қизча бўлиб, уни терисидаги тошмалар безовта қилади. Болада қизамиқ касаллиги аниқлангач, Алишер осойишталик ва кўп миқдорда суюқлик қабул қилишни буюрди. Шунингдек, қизчанинг ота-онасига уни бош¬қалар билан алоқада бўлишига йўл қўймаслик ва тана ҳароратини назорат қилиб бориш зарурати тўғрисида тушунтирди. Ундан сўнг Алишер маҳаллий санитария-эпидемиология бўлимига шошилинч хабарнома ёзди ва текширув ўтказиш учун бола билан алоқада бўлган шахсларни аниқлаб олди.

Алишер инсульт ўтказган ва касалхонада даволаниб чиққан 66 ёшли беморнинг уйига ташриф буюрди. У беморни кўздан кечирди ва врач тавсиялари қандай тарзда бажарилаётганлигини текшириб чиқди. Беморнинг турмуш ўртоғи билан касаллик ва беморни уйда парвариш қилиш тўғрисида суҳбат ўтказди.   

Бемор 59 ёшда, сут бези хавфли ўсмаси билан хаста. Алишер беморнинг уйига руҳий қўллаб-қувватлаш мақсадида ва анальгетиклар қабул қилиш тартибини ўзгартириш учун ташриф буюрди.  

Маҳалла қўмитаси фаоллари билан учрашув

Алишер маҳалла қўмитаси раиси ва унинг фаоллари билан учрашди. Уларга мазкур маҳалладаги ўтган йил мобайнида тарқалган юқумли касалликлар бўйича маълумотларни тақдим этди ва уларнинг аксариятининг олдини олиш имконияти мавжудлиги тўғрисида суҳбатлашди. Оқава сувлар кетиши учун ҳавзаларнинг мавжудлиги ва озодалик қоидаларига риоя қилиш зарурлиги аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишда муҳим омиллардан эканлигини тушунтирди. Ушбу шароитлар мавжуд бўлмаган ҳолларда касалланиш кўрсаткичи ортади. Шу сабабдан, Алишер юқумли касалликлар тез тарқалишининг олдини олишда муҳим бўлган, ушбу муаммоларни ҳал қилиш йўлларини таклиф этди.

“Репродуктив

саломатлик ва контрацепция” мавзусида суҳбат ўтказиш

Суҳбатда фертил ёшдаги аёллар ва уларнинг турмуш ўртоқлари иштирок этдилар. Алишер репродуктив саломатликни сақлаш тамойиллари тўғрисида оддий ва ҳаётий мисоллар билан уларга тушунтирди. Туғруқлар орасидаги даврга (3-4 йил) риоя қилиш зарурати, 20 ёшдан кичик ва 35 ёшдан юқори, кўп туғувчи аёлларда ҳомиладорлик асоратлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, Алишер исталмаган ҳомиладорлик ва унинг олдини олиш ҳамда контрацептив воситалар ҳақида маълумот берди.

А. ГАДОЕВ,

Х. АҲМЕДОВ,

“Умумий амалиёт

врачлари учун

амалий кўникмалар тўплами”.