Фоли кислотаси — унинг меъёрда бўлишига ҳомиладорлик даврининг дастлабки уч ойида кўпроқ эътибор бериш зарур.
Гарчи организм учун зарур бўладиган витаминлар етарли миқдорда қабул қилинмаса, у ҳолда тиббиётда гиповитаминоз, яъни муайян турдаги витаминларнинг етишмаслиги каби нохуш ҳолат, бордию, қандайдир витамин умуман мавжуд бўлмаса, унда авитаминоз деб номланган касаллик юзага келади.
Витаминлар организмда синтез йўли билан ишлаб чиқарилмайди, шунинг учун улар истеъмол қилинадиган озиқа маҳсулотларининг таркибига киритилиши лозим. Мутахассислар витаминларни таснифлаш чоғида уларни икки туркумга – сув ва ёғ таъсирида эриш хусусиятига эга бўлган витаминларга ажратишади. Сувда эрийдиган витаминлар жумласига В, С (аскорбин кислотаси) ва Р гуруҳларига мансуб витаминлар киритилади. В гуруҳидаги витаминлар жумласига В1, В6 (пиридоксин), В12 (кобаламин), инозит, холин, липоин ва фоли (илмий таъбир билан айтганда, фолат) кислоталари киради.
Бугунги мавзуимиз фоли кислотанинг инсон ҳаёти учун аҳамиятини аниқлашга бағишланганини эътиборга олиб шуни таъкидламоқчиманки, ушбу кислота ҳаётий жараёнларнинг энг муҳим босқичларида, яъни биосинтез вақтида, ҳужайраларнинг бўлиниши ҳамда ўсишида фаол иштирок этади. Бундан ташқари, фоли кислота организмга озиқа маҳсулотлари билан кирган оқсилларнинг ўзлаштирилиши, қон тизими орқали ташилиши ва парчаланишида, қон таркибида, аниқроғи, гемоглобин ва миоглобинда оқсилларнинг гем билан ўзаро бирикишида, қанд моддаси ҳамда аминокислоталарнинг ўзлаштирилишида, турли аъзо ҳамда тўқималар негизида рўй берадиган регенерация жараёнларининг меъёрда кечишида, ирсиятга оид аломатларнинг наслдан наслга ўтиш жараёнлари учун аҳамиятли бўлган нуклеин кислоталар - РНК, ДНКнинг шаклланишида, атеросклероз каби хасталикнинг олдини олиш, кўкрак сутининг ишлаб чиқарилишида, меъда-ичак тизимида яшовчи турли паразитлар таъсиридан ҳимояланишда, тери саломатлигини таъминлашда алоҳида роль ўйнайди.
Ҳомиладорлик даврида фоли кислотанинг аҳамияти янада ошади. В гуруҳидаги витаминлар жумласига кирувчи мазкур компонент ҳомиланинг асаб тизими шаклланишида жуда катта аҳамият касб этади. Ҳомиладорлик чоғида фоли кислота иштирокида аёл организмининг 70 триллионга яқин ҳужайралари мунтазам равишда янгиланиб туради. Бу даврда фоли кислотаси нафақат ҳомиланинг аъзо ва тўқималари, балки йўлдош, аёл бачадони тўқималарининг шаклланишида ҳам ўзига хос вазифани бажаради.
Фоли кислотанинг меъёрда бўлишига ҳомиладорлик даврининг дастлабки уч ойида кўпроқ эътибор бериш зарур. Чунки, айни вақтда фоли кислотанинг етишмаслиги сабабли ҳомиладорлик жараёнлари нохуш кечиб, кутилмаганда хомиланинг тушиб қолиши, эрта туғиш каби салбий оқибатлар юзага келиши мумкин. Қолаверса, айнан шу вақтда ҳомиланинг асаб тизими шаклланади. Шуни унутмаслик керакки, ҳомиладорликнинг дастлабки даврларида ёш аёлнинг организмида фоли кислотанинг етишмаслиги (гиповитаминоз ёки авитаминоз) оқибатида аксарият ҳолларда гўдак асаб тизимининг нуксонлари, гидроцефалия, анэцефалия (бош миянинг шаклланмай қолиши), мия чурралари ва бошқа шу каби туғма ногиронлик аломатлари билан дунёга келиши мумкин. Ҳомиладорлик вақтидаги гиповитаминоз ёки авитаминоз туфайли туғиладиган норасида боланинг ақлий қобилияти шикаст топади, туғиладиган гўдакда ақлий заифлик аломатлари кузатилади.
Фоли кислотанинг етишмаслиги пировард натижада нафақат ҳомиланинг шаклланиш жараёнларига, балки ҳомиладор бўлган ёш аёлнинг организмига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай вазиятларда оғир токсикоз, депрессия (руҳий тушкунлик кайфиятининг устуворлиги), оёқларнинг зирқираб оғриши, анемия (камқонлик) каби нохуш оқибатлар рўй беради. Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, фоли кислотанинг етишмаслиги турли хилдаги гиповитаминоз ва авитаминоз ҳоллари орасида жуда кўп учрайдиган ҳодисадир. Фолат кислотанинг етишмаслиги организмга мазкур компонентнинг етарлича миқдорларда етказиб берилмаслиги ёхуд организмнинг, айниқса ҳомиладор аёл организмининг ушбу моддага нисбатан эҳтиёжи ошган вақтларда кузатилади. Одатда фоли кислотанинг етишмаслиги одамнинг кундалик рационига қандай озиқа маҳсулотлари киритилгани (уларнинг таркибида қанча миқдорда фоли кислота мавжудлиги)га ва организмда мазкур модда захирасининг миқдорига қараб 1-4 ҳафта мобайнида намоён бўла бошлайди. Аслида фоли кислотанинг организмдаги захираси жигарда, эритроцитлар ва лейкоцитлар таркибида мужассам бўлади. Аммо бу хилдаги захираларнинг миқдори ниҳоятда оз. Шу сабабдан истеъмол қилинадиган озиқ-овқатлар таркибида фоли кислотанинг миқдори етишмаса, узоғи билан тўрт ойдан кейин В12 (кобаламин) ва фоли кислота витаминининг тақчиллиги билан боғлиқ ёхуд мегалобласт анемия (сариқ ва қизил илик суюқлигида эритроцитлар ишлаб чиқарилишининг сусайиши) ривожланиши эҳтимоли пайдо бўлади. Фоли кислота билан боғлиқ гиповитаминоз ёки авитаминозларнинг дастлабки аломатлари қуйидагича ифодаланиши мумкин: одам тез толиқадиган, анча таъсирчан ва асабий бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолади. Фоли кислотанинг организмдаги миқдорига аспирин, бисептол, эстроген, контрацептик (бўйида бўлишнинг олдини олишга хизмат қилувчи) моддалар, тутқаноққа қарши препаратлар салбий таъсир кўрсатади.
Организм фаолияти учун зарур бўлган фоли кислотанинг керакли миқдорини ўзлаштириш учун салат (коҳу), шпинат (исмалоқ), спаржа (сарсабил) каби турли хилдаги кўкатларни, сабзини, жигарни, тухум сариғини, пишлоқ, қовун, ўрик, қовоқ, дуккакликларни (мош, нўхот, ловия), жавдари (қора буғдой) унидан тайёрланган маҳсулотларни истеъмол қилишга одатланинг.
Ҳомиладорлик даври яхши ўтишини, ҳомила яхши ривожланишини ва туғруқ нормал кечишини ўйлаб шифокорлар бўйида бўлган ёш аёлларга мумкин қадар эртароқ фоли кислотани қабул қилишни тайинлашади. Фоли кислотани шифокор тавсиясига кўра ва аниқ белгиланган меъёрларда истеъмол қилмоқ зарур. Акс ҳолда гипервитаминоз (у ёки бу хилдаги модданинг меъёридан ошиб кетиши) юз бериши мумкин. Гипервитаминоз гиповитаминоз ва авитаминоз каби салбий оқибатларни келтириб чиқаришини ёддан чиқарманг.
Ҳалима ШУКУР
қизи тайёрлади.
“Соғлом авлод” газетаси 27-сон.