БАЛОҒАТ БЕКАТИДАГИ “ЎЙ”ЛАР
Яқинда таҳририятимизга бир аёл келиб, мени сўроқлади. Ўзимни таништирдим.
— Опа, ҳолироқ жойда гаплашсак бўладими? - деди у хижолатомуз.
Гап нимада эканлигини тушунолмай, аёлга эргашдим. У мени кўп куттирмай, мақсадга ўтди.
— Тунов куни 13 ёшли қизим қорин қисмидаги кучли оғриқдан шикоят қилиб, мактабдан қайтиб келди. Бироз дам олса ўтиб кетар, деган умидда иссиққина чой дамлаб бердим. Аммо оғриқ тўхтай демади. Шифохонага олиб боргандим, аёллар шифокоридан маслаҳат олишимиз лозимлигини айтишди. Қизимнинг ўнг тухумдонида ўсимта (киста) борлиги аниқланди. Ўз вақтида мурожаат қилган эканмиз, барака топгур шифокорлар қисқа муддатда қизимнинг саломатлигини тиклашди. Аммо қувончимиз узоққа чўзилмади. Мактабда қизим ҳақида турли гап-сўзлар тарқалибди. Энди у бу мактабда ўқимайман, дея оёқ тираб олди.
Айтинг-чи, қиз болани аёллар маслаҳатхонасига олиб бориш айбми? Газетангиз орқали шу хусусида шифокор фикрларини баён қилсангиз, токи, тиббий маданиятга эга бўлмаган айрим қизларимиз ўзларига тўғри хулоса чиқариб олишса...
Тугриси, узим хам анчадан буён шу мавзуга оид бир материал тайёрлашни режалаштириб юргандим. Ўсмирлик даврини бошидан кечираётган қизларимизга газетамиз оркали хаёт сабокларини бериб борсак, айни муддао булади, назаримда. Шу фикрдан келиб чикиб мен пойтахтимизнинг Собир Рахимов туманидаги 16-оилавий шифохонада 30 йилдан бери мехнат килиб келаётган олий тоифали гинеколог Малика Худойбердиева билан сухбатлашдим.
— Ўсмир қизларимизни навниҳолга ўхшатаман. Ниҳолни қанчалар меҳр билан парвариш қилсак, илдизлари бақувват, серҳосил дарахт бўлгани каби қизларимиз саломатлигини ҳам ёшликданоқ мустаҳкамлаб боришимиз лозим, — дейди Малика Худойбердиева. 30 йиллик иш фаолиятимда ўсмир қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни оилага, оналикка тайёрлаш борасида кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб келяпмиз. Ҳар ярим йилда уларни тиббий кўрикдан ўтказиб, аниқланган касалликларини даволаб, ёшларни ҳаётга тайёрлаш максадида тегишли маслахатлар бериб боряпмиз.
Шу ўринда шифокор сифатида бир мулоҳазам билан ўртоқлашмоқчиман. Эътибор берган бўлсангиз, кунлар исиши билан айрим қизларимиз оврўпоча русмларга тақлид қилиб кийина бошлашади. Бел қисми очиқ бўлган кийимлар менталитетимизга, жамиятимизнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлибгина қолмай, ўсмир қизларимиз саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Оврўпо давлатларида ёз мавсуми икки ойгина давом этса, серқуёш диёримизда баҳорнинг сўнгги ҳамда кузнинг дастлабки ойлари иссиқ бўлишини инобатга олсак, беш-олти ой давомида кунлар исийди. Шу даврда муттасил тарзда ана шундай кийинадиган қизларимизда бел қисмидаги асаб толалари ҳамда сийдик-таносил аъзоларида яллиғланиш ҳолатлари кузатилади. Окибатда турли хил хасталиклар ривожланади.
Фурсатдан фойдаланиб, оналарга ўсмир ёшидаги қизларингизни ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтказиб туринг, уларнинг кийинишлари ва одоб-ахлоқига жиддий эътибор қаратинг. Чунки улар бўлажак она, авлодимиз давомчиларидир, она соғлом бўлса, бола ҳам соғлом бўлади, дея фикрини якунлади Малика опа.
Азиз ўсмир қизлар! Сизларга айтар сўзим, болаликданоқ шахсий гигиенага амал қилинг, орасталикка одатланинг, миллатимизга хос ва мос тарзда кийининг! Шунда суратингиз ҳам, сийратингиз ҳам гўзал бўлади.
Феруза ЖАЛИЛОВА
“Соғлом авлод” газетаси 27-сон.